ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Чуст туманидаги мактабда дарс ўтди

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Чуст туманидаги мактабда дарс ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтган эди.

Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш – келажак авлод ҳақида ғамхўрликнинг бош белгиларидан бири. Жорий йилда масъул шахслар, мутасадди раҳбарларнинг мактабларга ташриф буюриб, ёш авлодга муайян фанлардан сабоқ бериши, ўз ҳаётий тажрибаси, босиб ўтган ҳаёт синовлари билан ўртоқлашиши мактаб ёшларини руҳлантиришга туртки бўлмоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ғанишер Рахимов бошчилигидаги университет жамоаси Наманган вилояти Чуст туманидаги мактабларга бориб, педагогик жамоа ва ўқувчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, умумий ўрта таълимдаги ютуқ ва муаммоларни ўрганишди.

Бир неча кунга мўлжалланган ушбу ташриф чоғида университет вакиллари қатор тадбирларда иштирок этишди. Жумладан, Чуст мактабларида айрим фанлардан намунавий очиқ дарслар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли спорт мусобақалари, кўрик танловлар, кўзга кўринган санъаткорлар, олимлар, адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. ЎзДЖТУ имкониятларидан келиб чиқиб, турли ўқув меъёрий материаллар, таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган фойдали ресурслар билан туман ўқитувчилари таништирилди.

6 сентябрь куни университет ректори Ғ.Рахимов Чуст туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан намунавий очиқ дарс ташкил этди.

Ўқитишнинг илғор инновацион технологияларидан кенг фойдаланиб ташкил этилган дарс машғулотида энг қувонтирадиган жиҳат мактаб ўқувчиларининг инглиз тилида ўз фикрларини, ўзлари ҳақидаги маълумотларни дадил ифодалашлари бўлди. Машғулот тугагач, Ғ.Рахимов энг фаол ва илмда, спортда муайян ютуқларни қўлга киритган ўқувчиларни университет номидан эсдалик совғалари билан тақдирлади.






7 131
ЎзА