ЎзА Ўзбек

14.06.2019 11:00:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Буюк Британия сиёсий маслаҳатлашуви бўлиб ўтди


13 июнь куни Лондон шаҳрида Ўзбекистон – Буюк Британия муносабатлари тарихида илк бор ташқи сиёсат идоралари ўртасида бошқарма бошлиқлари даражасида Ўзбекистон – Буюк Британия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Британия томони Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган йирик миқёсдаги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда уларни янада самаралироқ ишлаши учун ёрдам беришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланганидек, икки давлат ўртасидаги турли даражаларда алоқаларни фаоллаштириш айни пайтда сезиларли натижалар бермоқда. Парламентлараро мулоқот мустаҳкамланмоқда, вазирликлар, идоралар ва бизнес жамиятлари ўртасида ҳамкорлик жадаллашмоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Савдо ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг 24-йиғилиши якунида ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид қатор ҳужжатлар имзоланиши икки давлат муносабатларининг мустаҳкамланишига замин яратди.

Музокараларда, шунингдек, томонлар Бирлашган Қироллик фуқаролари учун мамлакатимиз томонидан визасиз режим жорий қилингани мамнуният билан эътироф этди. Ушбу янгилик натижасида 2018 йилда Буюк Британиядан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқими 40 фоизга ошди, ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаяётганини қайд этди.

Учрашувда таълим соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан мутахассисларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Маслаҳатлашувларнинг кейинги раундини Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилди.