ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон божхоначилари тадбиркорларнинг яқин ҳамкори

Ўзбекистон божхоначилари тадбиркорларнинг яқин ҳамкори
26 январь – Халқаро божхоначилар куни


Жаҳон божхона ташкилотининг 1993 йил 25 январдаги Қарорига асосан ҳар йили 26 январь Халқаро божхоначилар куни сифатида ер юзи бўйлаб кенг нишонланади.

Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхонанинг муҳим иштирокига яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради. Мазкур санани дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар қатори Ўзбекистон божхоначилари ҳам кенг нишонлайди.

Маълумотларга қараганда, дунё савдо айланмасининг 98 фоизи Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар улушига тўғри келади. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатлар раҳбарларидан тузилган Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакилларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. Доимий ишлайдиган орган — Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 ходим, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритишади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ходими Улуғбек Тожиев ҳам ЖБТда самарали фаолият олиб бормоқда.

1992 йил 28 июлдан мазкур ташкилот аъзолигига қабул қилинган Ўзбекистон 21 та халқаро божхона конвенциясига қўшилган. Сиёсий комиссия ва Молия қўмитаси аъзолари таркибидан ўрин олгани мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилганидан далолатдир. Айни ҳамкорлик республикамиздаги мавжуд ҳуқуқий базани халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштириш имконини берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умум қабул қилинган халқаро стандарт ва меъёрлар, амалиёт билан мувофиқлаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда. Бу соҳадаги ютуқлар мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар билан уйғун эканининг далилидир.

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди.

Ўтган йилнинг ўзида Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурия мамлакатимизга икки бор ташрифи буюргани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Жаноб Микурия сўнгги ташрифи чоғида Давлатимиз раҳбари билан учрашгач, ўз таассуротларини жумладан шундай ифода қилганди:

– Президент билан мулоқотда жуда муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Шавкат Мирзиёев савдо муносабатларини кенгайтиришга алоҳида урғу бериб, бу борадаги сиёсатни глобал стандартларга мувофиқ давом эттириш муҳим эканини таъкидлади. Бундан ташқари, инсон ресурсларини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар хусусида фикр алмашилди. Мен бу борада жаҳондаги илғор амалиёт ҳақида гапирдим. Пировардида, Ўзбекистон божхона хизматини ривожлантиришга оид қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол амалга оширишга келишиб олдик.”

Ўзбекистон 2019 йилнинг июнь ойида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC) доирасида Божхона ҳамкорлиги қўмитасининг ўн саккизинчи йиғилиши ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 70-йиғилишига мезбонлик қилди.

Ҳозирда Ўзбекистон билан 30 дан ортиқ давлатлар ўртасида божхона соҳасида 130 дан зиёд битим, келишув ва шартномалар имзоланган. 2019 йилда 730 дан ортиқ сўровномалар орқали ўзаро ахборот алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 22 декабрда имзоланган 507-сонли Қарорга мувофиқ, юртимизда 26 январь – давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгиланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тобора дунёга юз очаётгани, халқаро алоқалар, хусусан ташқи савдо ҳажми кенгайиб бораётгани божхона тизими билан боғлиқ факт ва рақамларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

2019 йил мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланган субъектлар сони 8.3 мингга ортиб, жами 28 минг 306 нафарга етди. Республикамиздан дунёнинг 90 дан ортиқ давлатига 9.2 миллиард доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди. 2018 йилда бу кўрсаткич 7.7 миллиард долларни ташкил қилган бўлиб, жорий йил 20,3 фоиз ўсишга эришилди.

Юртимизга хориждан келтирилаётган технологиялар, асбоб-ускуна ва хом-ашё учун божхона тўловида берилаётган имтиёзлар экспортни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

2019 йилда давлат бюджетига божхона тўловларидан 17.1 триллион сўм ундирилган. Тадбиркорларга эса божхона тўловидан 59.6 триллион сўмлик имтиёз қўлланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонни қўшни давлатлар билан боғлаб турувчи 50 дан ортиқ чегара-божхона пости фаолият юритади.

2016 йилда республикамиз чегара-божхона постлари орқали 15,3 миллион шахс ҳаракатланган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 42.6 миллион нафарга етди. Чегара-божхона постлари орқали 2016 йил 760 минг авто ва темир йўл транспорти воситалари ҳаракатланган. 2019 йил бу кўрсаткич 3.3 баробар ошиб, 2 миллион 560 мингтани ташкил қилди.

Ўтган йилда 16 та янги божхона ахборот тизими ишлаб чиқилди, 22 таси такомиллаштирилди. Жорий йил эса интерактив хизматларнинг мобил талқини ва иловалари устида ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Хавфни бошқариш тизими ишга туширилиши соҳада 2019 йилнинг энг муҳим воқелиги бўлди. Мазкур тизим ишга тушгач, ялпи божхона кўригидан ўтказиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. Товар ва транспорт воситаларини божхона назорати ва расмийлаштирувида “яшил”, “сариқ”, “қизил” ва “кўк” йўлакларнинг ишга туширилиши натижасида экспорт операцияларини амалга ошириш бўйича сарфланган ўртача вақт 4.5 мартага, импортда эса 2 мартага қисқарди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳақли эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш-2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Божхоначиларимиз 2020 йилни ҳам илғор инновацион янгилик билан қарши олишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сон қарори асосида “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий қилинди.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимига Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўздавкарантин” инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилинди.

Энди тадбиркорларимиз ўз идораларидан чиқмасдан туриб, интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса, кифоя!

Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Ҳозирнинг ўзида 5 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият юритувчи субъектлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидан фойдаланмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун божхона органлари янгича имижда — тақиқловчи, чекловчи, назоратчи эмас, балки, очиқ, шаффоф орган, тадбиркорнинг яқин ҳамкори сифатида намоён бўляпти.

Ўзбекистон Республикаси Давлат

божхона қўмитаси матбуот хизмати билан

ҳамкорликда тайёрланди.

1 530
ЎзА