ЎзА Ўзбек

04.01.2018 15:43 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон божхона чегараларида тартиб соддалаштирилди

Қозоғистоннинг Кентов шаҳридан Тошкентга келган Фарҳод Атабоев чегара назорати постидан ўтиш тафсилотларини гапириб берди.

– Анчадан буён даволаниш учун Тошкентга бориш ниятида юрардим, – дейди у. – Яқинда Ўзбекистон божхона чегарасидаги янгиликларни эшитиб, рафиқам билан йўлга чиқдик. Ўзбекистон –Қозоғистон ўртасидаги чегара назорати постида одамлар кўп. Шунга қарамай, тирбандлик сезилмади. “Ғишт кўприк” чегара постидан ўтдик, олдингидай декларация ҳам тўлдирмадик.

Мен қозоғистонлик дўстимга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6 декабрдаги “Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердим.

Бу фармон билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартиби соддалаштирилди, дедим. У катта қизиқиш билан менга қараб турарди.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслар томонидан 2 минг АҚШ долларигача миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки олиб чиқиб кетишда мажбурий декларация тўлдириш бекор қилинди.

Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш эквивалентда 5 минг АҚШ долларигача тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилади.

Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида, норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади.

Шунингдек, турли мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари моддий рағбатлантирилган тақдирда унинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишса, кифоя.

Эндиликда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига нақд хорижий валютани олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Фарҳод бу янгиликдан хурсанд эди. Баҳор келаверсин, ота-онам, фарзандларимни ҳам олиб келаман. Тарихий қадамжоларни бир зиёрат қилиб кетамиз, деди у.

Улуғбек Асроров, ЎзА
12 410