ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон биринчи очиқ кейс-чемпионати ғолиблари тақдирланади

Ўзбекистон биринчи очиқ кейс-чемпионати ғолиблари тақдирланади

2020 йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси “Ўзбекистон биринчи Очиқ кейс-чемпионатининг ғолиб жамоаларини тақдирлаш” онлайн маросимини ўтказади.

Тадбирда кейс-чемпионатнинг 300 нафардан ортиқ ғолиблари, ҳайъат аъзолари, академия кенгаши аъзолари, йирик банклар ва Молия вазирлиги мутасаддилари, академия профессор ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Банк молия академияси 1996 йилдан буён мамлакатимиз раҳбар кадрларини тайёрлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бу вақт давомида бу ерда магитстратура босқичини 3 минг 500 нафардан ортиқ битирувчи тамомлади. 12 минг нафардан ортиқ тингловчилар малака оширди. Айни пайтда академиянинг кўплаб битирувчилари давлат хизматида раҳбар лавозими ва бошқа вазифаларда ишлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги “Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқори таълим стандартларига ўтиш, ўқув жараёнини банк бизнесининг амалий эҳтиёжларига яқинлаштириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 июндаги “2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори эса академияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, мазкур қарор ижроси доирасида танлов асосида ўқишга очиқ қабул қилиш, бизнес маъмуриятчилиги соҳасида (ВВА и МВА) ўқув дастурларини жорий қилиш мақсадида биринчи очиқ кейс-чемпионати ташкил этилди. Ташқи-иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда ўтказилаётган чемпионатда қарийб 1500 нафар киши иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан 63 та жамоа ғолиб деб топилди.

Экспертларнинг фикрича, кейс-чемпионат ёшларга иқтисодиёт, банк ва молия соҳаларидаги ўз билимини, таҳлилий, жамоа билан ишлаш кўникмалари ва тақдимот маҳоратларини кўрсатиш учун кенг имконият яратади. Халқаро экспертлар Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси томонидан ташкил этилган кейс-чемпионатни – халқаро амалиётда олий ўқув юртига қабул қилиш жараёнига бўлган янгича ёндашув дея эътироф этмоқда.

Кейс-чемпионат ғолиблари ташкилотчиларнинг махсус соврини ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Танловга Россия ва Қозоғистон жамоалари ҳам таклиф этилган. Маросим тўғридан-тўғри узатилади. Унда бевосита иштирок этишга оид маълумотлар билан танишиш учун Банк-молия академияси матбуот хизматининг https://t.me/bfauz каналига обуна бўлинг.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон иккинчи очиқ кейс-чемпионати иштирокчиларини рўйхатга олиш жараёнлари аллақачон бошланган.

 Банк матбуот хизмати

1 203
ЎзА