ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Беларусь: юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон-Беларусь: юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда

Беларусь Республикаси Юқори технологиялар парки директори Всеволод Янчевский бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. 

Ташриф доирасида меҳмонлар пойтахтимиздаги дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари бўйича Технологик парк раҳбарияти, мутахассислари билан учрашди. Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик имкониятлари, соҳада венчур молиялаштириш масалаларини давлат даражасига кўтаришнинг муҳимлиги ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, Всеволод Янчевский ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш борасида Беларусь тажрибаси билан ўртоқлашди.

photo5460762140899126523.jpg

photo5460762140899126524.jpg

Учрашув якунида Технологик парк ва Беларусь Юқори технологиялар парки юридик ҳамкори ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

Делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳам ташриф буюрди. 

Ўзаро мулоқотда университет ректори вазифасини бажарувчиси Музаффар Жалолов меҳмонларни олий таълим масканининг ахборот технологиялари ва логистика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича илмий фаолияти, истиқболли ривожланиш режалари ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг томонлар ахборот технологиялари, таълим ва тадқиқотлар соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Делегация аъзолари университет талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишди. 

photo5460762140899126525.jpg

photo5460762140899126527.jpg

Беларусь Республикаси Юқори технологиялар парки директори Всеволод Янчевский бошчилигидаги делегация мамлакатимизда 13 сентябрга қадар бўлади. Ташриф давомида меҳмонлар қатор вазирлик ва ташкилотларда бўлиб, ахборот технологиялари соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар ўтказади. 

Маълумот ўрнида, Беларусь Юқори технологиялар парки 2005 йилда ташкил этилган. Ўтган вақт давомида парк ахборот технологиялари, сунъий интеллект каби соҳалар бўйича 550 дан зиёд резидентларни ўзига жалб қилган. Парк доирасида АҚШ, Хитой, Норвегия, Исроил, Буюк Британия, Австрия, Франция, Россия лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

1 131
ЎзА