Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 16:30 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Беларусь: ҳамкорлик алоқалари рақамларда

Ўзбекистон-Беларусь: ҳамкорлик алоқалари рақамларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Беларусь Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлари ва ҳудудлараро ҳамкорлик форуми давом этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов сўзга чиқди ва ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.

– Мамлакатларимиз савдо-инвестициявий ҳамкорлигини тартибга соладиган ҳуқуқий асослар яратилган, – деди Н.Отажонов. – Ўзбекистон билан Беларусь ўртасида 2008-2017 йилларга мўлжалланган шартнома ва иқтисодий ҳамкорлик дастури, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, даромад ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ тўлашдан қочиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим шулар жумласидан. Икки давлат бизнес алоқаларида эркин савдо режимининг амал қилиши Ўзбекистон – Беларусь савдо айланмаси ҳажмини мунтазам ошириш имконини бермоқда.

Биргина мисол. 2018 йилнинг олти ойи давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 229,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб тўрт баробарга кўп. Аниқроқ айтганда, экспорт ҳажми 65 фоиздан зиёдроқ ўсди. Маҳсулотлар тақсимотида бу рақамлар қуйидагини ташкил қилади:

Тўқимачилик маҳсулотлари 67,4 фоиз, янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар 16,6 фоиз, транспорт воситалари 4,8 фоизга ўсган.

Импортда юк автомобиллари, фармацевтика, механик ва электр техникалари, кимё саноати маҳсулотлари асосий ўрин тутади.

Шунингдек, Нодир Отажонов Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлик истиқболлари сифатида қаралаётган йўналишлар ҳақида ҳам сўз юритди.

– Биз мамлакатларимиз ўртасида агросаноат, инновацион парклар яратиш, туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, фармацевтика бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларига ҳамкорлигимизнинг истиқболли тармоқлари сифатида қарамоқдамиз, – деди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА