ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон аэропортларидаги “очиқ осмон” режими хорижлик инвесторларни жалб этмоқда

Ўзбекистон аэропортларидаги “очиқ осмон” режими хорижлик инвесторларни жалб этмоқда

Малайзиянинг "Midlands Aviation Pacific Asia" компанияси мамлакатимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдириб, Урганч шаҳрида учувчиларни тайёрлаш ва логистик хаб марказини очиш истагини маълум қилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигида мазкур тузилма ижрочи директори Раж Дарйраж бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида транспорт вазири Элёр Ғаниев янги инвестициявий лойиҳалар билан қизиқаётган меҳмонларни юртимиз фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирди.

Учиш географиясини кенгайтириш ва чет эл авиакомпанияларини янада кўпроқ жалб этиш мақсадида “ҳавонинг бешинчи эркин ҳудуди”ни қўллаш орқали Қарши, Нукус ва Термиз халқаро аэропортларида “очиқ осмон” режими жорий қилингани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Бухоро аэропортида хорижий фуқароларни ташишда “очиқ осмон” режими йзлга қўйилгани қайд этилди.

Бундан ташқари ҳаво транспортида юк ташишни янада ривожлантириш мақсадида Навоий ва Термиз аэропортларида еттинчи даражали “ҳаво эркинлиги“ни таъминлаш йўли билан юк ташувчи авиакомпаниялар йўналишлари учун “очиқ осмон” режимини ишга тушириш режалаштирилган.

Жаноб Раж Дарйраж, ўз навбатида Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ режалари акс этган тақдимотини намойиш қилди.

Учрашув якунида томонлар махсус ишчи гуруҳ тузган ҳолда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

1 373
ЎзА