Ўзбекистон аэропортлари очилди: нархлардаги ўзгариш ва ёлғиз учиш шартлари
Пандемиядан кейин бугун 18 май куни Тошкент халқаро аэропорти йўловчилар учун илк парвозларни йўлга қўйди
Пандемиядан кейин бугун 18 май куни Тошкент халқаро аэропорти йўловчилар учун илк парвозларни йўлга қўйди. Бугун эрталаб соат 9:00да 21 нафар йўловчи Нукусга учиб кетди. Урганч-Тошкент йўналишида чипта олган 45 нафар йўловчи эса пойтахтимизга қайтади.
Махсус комиссия қарорига асосан Ўзбекистоннинг 4 та Нукус, Урганч ва Термиз халқаро аэропорти очилди ва йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади.
Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги аэропортлар ҳам босқичма-босқич махсус комиссия қарорига асосан очилиши кутилмоқда.
Энди самолётлар камроқ йўловчи билан қатнайди
“Uzbekistan airports” акционерлик жамияти матбуот котиби маълумотларига кўра, қатновларга Санитария эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан COVID-19 инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканини тасдиқловчи маълумотномага эга йўловчилар қўйилади. Бунда рўйхатдан ўтишда ва ҳаво кемаси саҳнида карантин чораларига риоя қилиш, 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш, ҳимоя ниқобини тақиш ва қўлқоп кийиш шарт. Авиакомпания ходимлари ҳам мунтазам равишда COVID-19 вируси учун таҳлиллар топшириб турадилар.
Шунингдек, ҳаво лайнерида ҳам йўловчилар бир-биридан узоқда, масофа сақлаган ҳолда жойлаштирилмоқда. Яъни 158 ўринли маҳаллий қатновдаги ҳаво лайнерида 98 нафар йўловчи уча олади. Ҳар бир қатновдан сўнг хаво лайнери дезинфекция қилинади.
Пандемия вақтида авиақатновлар амалга ошмадими?
Пандемия даврида йўловчилар учун авиақатновлар амалга оширилмади. Аммо, “Uzbekistan airports” акционерлик жамияти юк ва почта ташиш хизматлари фаолияти тўхтагани йўқ. Хусусан Навоий халқаро аэропортида логистика маркази хизматлари мунтазам равишда амалга оширилди. Мазкур аэропорт хизматларидан ғарбнинг йирик юк ташувчи компаниялари фойдаланмоқда.
Чипта нархларида ўзгариш борми?
Чипталарни онлайн тарзда ёки аэропорт ва Uzbekistan Airways Sales (аввалги ҳаво алоқалари бош агентлиги) авиакассаларидан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда сотиб олиш мумкин.
“Uzbekistan Airways” вакилининг маълумотига кўра чипта нархларида ўзгариш бор. Чипта нархлари ўрта ҳисобда 10 фоизга қимматлашган. Бу пандемия билан боғлиқ эмас. Қиш мавсумида одатда авиақатновлар камлиги сабабли чипталар арзонлашади. Баҳор ва ёз мавсумларида қатновлар кўпайиб нархлар ўзгаради, дейди компания вакили.
Ҳозирда чипта нархлари қуйидагича:
Тошкент-Нукус 810 000 сўм;
Тошкент- Термиз 680 000 сўм;
Тошкент – Урганч 760 000 сўм;