ЎзА Ўзбек

30.04.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбек ва хитой олимлари фахрий профессор унвонига сазовор бўлди

Ўзбек ва хитой олимлари фахрий профессор унвонига сазовор бўлди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига «Бир макон – бир йўл» лойиҳаси доирасида Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институти директори, профессор Сун Ҳанг ва директор ўринбосари Тао Денг ташриф буюрди.

Шу муносабат билан ЎзРФА Ботаника институтида ўтказилган илмий кенгашнинг йиғилишида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликлар, илм-фан соҳасидаги ўзаро илмий алоқаларнинг амалий аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Ботаника институти ва Куньмин Ботаника институти ўртасида ўзаро илмий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Айни чоғда икки давлат олимлари ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва келгусида яна биргаликда лойиҳалар устида ишлаш ниятида эканини билдирди.

Тадбирда икки давлат олимларининг илм-фан йўлида қилган меҳнати эътироф этилиб, хитойлик олим Сун Ҳангга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг биринчи бор халқаро фахрий профессор унвони берилди.

photo5350473479591406041.jpg

– Менга билдирилган бундай юксак ишонч мамлакатларимиз ўртасида илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди хитойлик олим. – Унвон ва эътироф учун ўз ташаккуримни билдираман. Менинг ўзбекистонлик икки нафар шогирдим бор. Улар Хитойда ботаника йўналишида илмий тадқиқотлар билан машғул. Истагим ўзаро ҳамкорлигимиз янада юксалсин.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институтининг фахрий профессори унвонига сазовор бўлди.

– Албатта, бундай эътироф Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдида нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради, – деди академик К.Тожибоев. – Хитойликлар ўзбек олимларининг тарихда қолдирган бой меросини жуда қадрлайди. Шу сабабли уларнинг бугунги илмий алоқалари ўтмишда яшаб ўтган олиму уламоларимизга бўлган чексиз ҳурмати туфайлидир. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожига қаратаётган катта эътибори бундай ҳамкорликларга кенг имконият очиб бераётгани катта аҳамиятга эга. 

photo5350519242467946142.jpg

Эслатиб ўтамиз, Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институти директори, профессор Сун Ҳанг билан "Бир макон – бир йўл" лойиҳаси доирасида Ўзбекистон – Хитой давлатлари ўртасидаги илмий ҳамкорликлар тўғрисидаги суҳбатимизни тез кунда сайтимизда ҳавола этамиз.

6 804
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА