ЎзА Ўзбек

20.08.2018 21:42 Чоп этиш версияси

Ўзбек ва қирғиз халқларининг севимли ижодкори

Ўзбек ва қирғиз халқларининг севимли ижодкори Тошкент вилояти Паркент туманида “Чингиз Айтматов ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо“ мавзусида ижодий кеча ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика қирғиз миллий маданий маркази ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир-ёзувчилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият юритгани, Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори эса халқларимизнинг яхши қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки ўзбек халқининг ҳам севимли ижодкори эди. Унинг “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, айниқса “Қиёмат”, “Жамила”, “Асрга татигулик кун”, “Оқ кема” каби асарлари халқимиз томонидан севиб мутолаа қилиниб, китобхонлар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган.

Ижодий кечада Чингиз Айтматовнинг ана шундай дурдона асарлари, ёзувчининг ҳаёти ва ижоди, ўзбек халқи ва адабиётига бўлган самимий ва дўстона муносабати тўғрисида фикр юритилиб, адиб ҳақидаги илиқ хотиралар ёдга олинди.

Кеча якунида Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари томонидан адибнинг “Момо ер” асари асосида саҳналаштирилган спектаклдан парча, шунингдек, Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Маржон“ қирғиз ашула ва рақс ансамблининг мусиқий чиқишлари намойиш этилди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
4 402