Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 18:39 Чоп этиш версияси

Ўзбек-турк адабий алоқалари: тарих ва бугун

Ўзбек-турк адабий алоқалари: тарих ва бугун Ўзбек ва турк элининг маданий алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Икки халқ илдизи бир бўлган туркий халқларга мансубдир. Қадимги Ўрхун-Енисей ёдгорликлари, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад адибнинг китобларига умумтуркий мерос сифатида қаралади.

Қадимги ёзма ёдгорликларда умумий муштараклик мавжуд. XIV-XV асрларда адабий алоқалар кескин суръатларда ривожланган. Баъзи тарихий манбаларда, Жомий, Навоий турк султонлари билан ўзаро хат алишишганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Ҳазрат Навоий 1483 йилда 33 та ғазалини султон Боязид II га юборади. Султон эса уларни ўша даврдаги машҳур турк шоири Аҳмад Пошшога жўнатади. Аҳмад Пошшо эса мана шу 33 та ғазалнинг барчасига назира бағишлаган. Назира — бирор шоирнинг ижодига эргашиб, ўша йўлда, вазнни, баҳрни, мавзуни сақлаган ҳолда, бошқа шоир томонидан ёзилган асардир. Шу тариқа Алишер Навоий ижоди, асарларига Туркияда қизиқиш ортади. Навоийнинг девони эса 1501 йилда Туркияга шоир Вазирий томонидан олиб борилади.

Унутмаслик керакки, шоирнинг фақат лирик ғазаллари эмас, достонлари ҳам турк достончилиги, "Хамса" яратилишида ниҳоятда катта роль ўйнаган. Турк адабиётида биринчилардан бўлиб, "Хамса" яратган Ҳамидулла Ҳамди Чалабий ва Тошлижалил Яҳёларнинг достонларида Навоий "Хамса"сининг ижобий таъсири сезилиб туради. ХVI асрда яшаган турк шоири Ломий "Фарҳод ва Ширин" таъсирида, шу номда достон яратганини биламиз. Турк адабиёти ғазалнавислиги ва достончилигининг ривожланишида Алишер Навоий ижоди мислсиз аҳамият касб этади. Шунингдек, турк адабиётида биринчи адабий мажмуа – анталогия тузилишида ҳам Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" асари беқиёс аҳамият касб этган.

Машҳур турк адабиётшуноси Ниҳат Сами Банарлининг 2001 йил Истанбулда чоп этилган "Расмли турк адабиёти тарихи" китобида – Алишер Навоий бутун туркий дунёда замондошларидан бошлаб замонамизга қадар устоз бўлган шоирдир – деган фикрларни бежиз айтмаган. Профессор Кемал Эраслан, А.Левин каби кўплаб турк адабиётшунослари Алишер Навоий ижоди ҳақида илмий тадқиқотлар яратган. Шунингдек, Аҳмад Қобоқлининг 1997 йил Истанбулда чоп этилган "Турк адабиёти" китобида – Навоий фақат чиғатой туркчасининг эмас, бутун туркий адабиётларнинг энг буюк шоирларидандир, – деган ва – Навоий шеърда адабиётимизнинг энг буюкларидан бўлиб, туркий ғурурда қиёси "тенг йўқдир" – деган фикрларни келтирган.

Туркларнинг Бобур ижодига бўлган муносабати ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Масалан, Аҳмад Қобоқли ўз китобида – Айни пайтда тарих, хотира ва саёҳатноманинг ўзига хосликларини жамлаган "Бобурнома" бутун адабиётимизнинг (туркий) энг оригинал асарларидан биридир, – деган фикрларни ёзади.

Ойбекнинг "Туйғулар" шеърини ўқиган китобхон турк шеъриятининг таъсирини сезади. 1995 йил чоп этилган "Турк тили ва адабиёти" китобида шоир ва адиб Абдулҳамид Чўлпон ҳақида – Чўлпон мазлум Туркистоннинг туйғули ва довюрак шоиридир – дейилган бўлса, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекка – Ойбек Ўзбекистон етиштирган энг буюк лирик шоирлардан биридир, – дея юксак баҳо берилган.

Турк ўқувчилари ўрганаётган деярли барча дарсликларда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар киритилган. Чўлпоннинг "Гўзал", "Халқимга", Ойбекнинг "Наъматак" шеърлари билан турк ўқувчилари қўлланмалар, дарсликлар орқали танишадилар, ёд оладилар. Айниқса, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи севиб ўқилади. Бир сафар Туркияда халқ удумлари, маросимларига бағишланган конферинция ўтказилган ва камина унда "Ўткан кунлар" романидаги тўй мавзуси, боби ҳақида маъруза қилганман ва туркларда миллий урф-одатларимиз катта қизиқишни кўриб қувонганман.

Мустақиллик давридан бошлаб турк адабиёти билан алоқалар янада кучайди, турк тилидаги кўплаб асарлар ўзбек ўқувчилари учун аслиятдан таржима қилинди. Масалан Рашот Нури Гултегиннинг "Чолиқуши" асари билан бир қаторда "Муҳаббат симфонияси", "Оташ кечаси " асарлари, Нозим Ҳикмат, Азиз Несиннинг янги асарлари таржима қилиниб, чоп этилди ва китобхонларимиз орасида катта қизиқишларга сабаб бўлди.

Туркияда эса ўзбек адиблари, шоирларидан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ҳақида китоблар чоп этилди, шеърлари турк тилига таржима қилинди. Муҳаммад Алининг "Улуғ салтанат" эпопеяси, Одил Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси", Пиримқул қодировнинг "Юлдузли тунлар", Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Одил Ёқубов, Тоғай Мурод, Саид Аҳмад асарлари турк тилига таржима қилинди.

Ҳозирда шарқшунослик институтидаги туркология кафедаси мавжуд бўлиб, турк адабиёти тарихи ва бугуни талабалари кенг ўргатилади. Қўплаб олимларимиз турк адабиёти ҳақида илмий ишлар, тадқиқотлар олиб бормоқда.

Бир сўз билан айтганда турк ва ўзбек адабий алоқалари тарихан мустаҳкам бўлиб, бугунги кунда мазкур алоқалар янада кучайиб, мустаҳкамланиб бормоқда.

Адҳамбек Олимбеков,
Тошкент Давлат шарқшунослик институти доценти

8 719