ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:17 Чоп этиш версияси

Ўзбек-тожик халқлари дўстлиги бардавом бўлсин!

Ўзбек-тожик халқлари дўстлиги бардавом бўлсин!

2018 йил 1 март. Бу кун тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан битиладиган бўлди. Зеро, айнан шу кун неча йиллар чанқаб ётган кўнгиллар меҳр булоғидан тўйинди, неча минглаб юзлар дийдорлашди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон – Тожикистон чегарасида тўққизта чегара-ўтказиш пункти қайта фаолият бошлади. Улар "Жартепа" ("Саразм"), "Қушкент" ("Ўратепа"), "Учқўрғон" ("Ҳавотоғ"), "Ҳавастобод" ("Зафаробод"), "Бекобод" ("Ҳаштяк"), "Поп" ("Навбунёд"), "Равот" ("Равот"), "Гулбаҳор" ("Айваж") автомобиль ўтказиш пунктлари ва "Амузанг" ("Ҳошади") темир йўл ўтказиш пунктидир.

Ушбу масканларнинг очилиш маросими байрамона руҳда ўтди. Ҳақиқатдан ҳам, ўшандан буён ўзбек-тожик чегара туманларида байрам шукуҳи кезади. Барчанинг юзида қувонч, бахтиёрлик. Икки давлат раҳбарлари шаънига айтилаётган ташаккур ва раҳматномаларнинг чеки йўқ. Аслида, ўзбек ва тожик – икки тилда сўзлашувчи бир халқ. Ҳар икки давлат фуқаролари "Ватанларимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин! Ўзбек-тожик халқларининг борди-келдиси ва дўстлиги абадий бўлсин!", деб дуо қилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи, дарҳақиқат, тарихий воқеа бўлди. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида ўтказилган самарали музокаралардан сўнг Душанбе шаҳрининг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқларимиз дўстлигининг шонли анъаналари бугун сув ва ҳаводек зарурлиги, ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз эканини таъкидлади.

– Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншооллоҳ. Биз, дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан, аввало, биродар Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинги пайтларда айниқса, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар жадал ривожланмоқда. Ўтган йили ҳар икки мамлакатда Ўзбекистон ва Тожикистон маданияти ва санъати кунлари, кўргазмалар, ижодий сафарлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Халқларимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу анжуманлар одамларга катта қувонч бағишлади.

Тожикистонлик ижодий жамоалар Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчиларидир. Ўзбек эстрадасининг таниқли намояндалари ва Тошкент цирки ижодкорлари гастроллари билан тожикистонлик санъат мухлисларини хушнуд этиб келмоқда.

Бу галги концерт ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги маданий яқинлик, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларининг навбатдаги намойиши бўлди.

Президентимизнинг Тожикистон Республикасига сафари билан боғлиқ тадбирлар, хусусан, шу муносабат билан Тожикистон Республикасида "Дўстлик байрами" тадбирлари ўтказилди. Бу байрам икки мамлакат, икки халқ учун катта шодиёнага айланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи Тожикистоннинг барча оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Ушбу тарихий воқеадан Тожикистон халқи жуда мамнун бўлди. Буни вақтли матбуот нашрларида чоп этилган миннатдорлик мактублари, Президентларга эзгу тилаклар битиб йўлланган мақолаларда ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, Тожикистонда нашр этиладиган "Дўстлик" газетасининг 2018 йил 3 апрелдаги 16-17 сонида Хатлон вилоятининг Кушониён тумани Бофанда қишлоғи аҳли номидан ёзилган миннатдорлик мактуби эълон қилинган. 

"Дўстлигимиз мангу пойдор бўлсин!" деб номланган ушбу мактубда ўзбек ва тожик халқлари неча минг йиллардан буён ёнма-ён яшаб бир дарёдан сув ичиб келаётган, урф-одати, тўй-маъракаси бир хил, икки тилда сўзлашувчи бир халқ экани алоҳида эътироф этилган. Президентимизнинг ташрифи халқларимизни ажратиб турган катта дарё устига мустаҳкам кўприк бўлгани, армонга айланаёзган орзулар ушалгани, қадимий дўстлик ришталари яна қайта тиклангани алоҳида таъкидланган.


Бу тарихий воқеа Наврўз арафасида бўлгани халқларимизнинг байрам кайфиятига янада кайфият улашгани, халқларимиз тарихида унутилмас кун бўлгани айтилган. Икки давлат Президентларига соғлиқ-саломатлик тилаб дуолар қилингани, дошқозонларда сумалаклар пиширилгани, Яратгандан юрт тинчлиги ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик мангу бўлишини тилаб, минглаб одамлар юзига фотиҳа тортгани зикр этилади.

Бундай эзгу тилаклар бошқа газеталарда чоп этилган мақолаларда ҳам акс этган.

Буларнинг барчаси халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаётганидан далолатдир.​

ЎзА
957