ЎзА Ўзбек

15.10.2019 Чоп этиш версияси

ЎЗБЕК ТИЛИГА КИМ ЭЪТИБОР ҚАРАТАДИ? Ҳолбуки, қўшни ва қардош мамлакатларнинг Давлат тили қонунлари бизникидан кўра қатъийроқ ишлаб чиқилган

ЎЗБЕК ТИЛИГА КИМ ЭЪТИБОР ҚАРАТАДИ? Ҳолбуки, қўшни ва қардош мамлакатларнинг Давлат тили қонунлари бизникидан кўра қатъийроқ ишлаб чиқилган


Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Шу ўтган давр ичида нима ўзгарди? Нимани ўзгартириш керак?

Рақамлар тилга кирганда...

Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) Ер шари аҳолиснинг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда.

Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади).

Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг халқаро мақоми ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13, Қирғизистоннинг 15, Қозоғистоннинг 4, Туркманистоннинг 6 фоиз аҳолиси ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди.

“Ўзбегим бошида қалпоқ...”

Шу ўринда тилимиз тарихига ҳам бир қур кўз ташлайлик. Мутахассислар фикрича, ўзбек тилининг тарихи бир неча минг йилликларни ўз ичига олади. Унинг илк илдизлари Марказий Осиё ҳудудида яшаган қадимги туркий элатлар – сак, хунну, қанғли, чигил, яғмо, қарлуқ, қипчоқ сингари ўнлаб қабилаларга бориб тақалади.

VII-VIII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой обидалари барча туркий халқлар қатори бизнинг ҳам қадимий бойлигимиз, меросимиз саналади. Буюк аждодимиз Билга Ҳоқон 711 йилда ўз битиктошида қадимги турк тилида “эй туркий элим. Сен ўзингни англа, ўзлигингга қайт, шунда юксаласан!” дея келгуси авлодларга васиятнома битган эди.

Ўрта асрларда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий сингари алломалар ўз асарларини туркийда битиб, тилимизнинг ривожига ҳисса қўшишди. Буюк мутафаккир Ҳазрат Алишер Навоий эса чин маънода бугунги ўзбек адабий тилининг пойдеворини мустаҳкамлади. Унинг ташаббуси билан она тилимиз Хуросон мулкининг давлат тилига айланди. Навоий илк бор ўзбек тилида “Хамса” яратиб, буюк девонлар тузиб, унинг бошқа тиллардан кам эмаслигини исбот этди. Ўз байтларида нафақат ўзбек тилининг бойлиги ва нафосати, балки ўзбек элининг миллий қиёфаси, қадриятларини ҳам тараннум этди:

Шоҳ тожу хилқатиким, мен тамошо қилғали,

Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Ўзбек тилидан темурийлардан ташқари, турли даврларда Олтин Ўрда, шайбонийлар, аштархонийлар, ўзбек хонликлари даврида ҳам асосий тил сифатида фойдаланилган. 1870 йилда ўзбек тилидаги илк газета “Туркистон вилоятининг газети” чоп этила бошлаган. ХХ аср бошларида ўзбек тили Бухоро ва Хоразм Республикалари (БХСР ва ХХСР)нинг, Туркистон Мухторияти ва Туркистон АССРнинг, кейинчалик Ўзбекистон ССРнинг расмий тили бўлган. Фақат 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган.

ЮНЕСКО ташкилоти экспертларининг қайд этишича, давлат тили – сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек, ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратилади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.

Ўзбек тили ўз мақомига эришдими?

Ҳар йили октябрь ойи кириб келиши билан оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ сана эсга тушади. Қулоч-қулоч мақолалар ёзилади, радио ва телеканалларимизда соатлаб эшиттириш ва кўрсатувлар намойиш қилинади. Жойларда турли учрашувлар, давра суҳбатлари, баҳсу мунозаралар авж олади. Хўш, кейин-чи?

Афсуски, ҳали-ҳануз юртимизда ўзбек тили ўзининг қонуний мақомини эгаллаб улгургани йўқ. Ҳамон кўчаларда кетиб бораркансиз, рус, инглиз ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, ҳаволалар, эълон ва шиорлар кўзни қамаштираверади. Ҳалигача, одамларимиз миллий атамаларни четга суриб, “Алайский”, “Фархадский, “Ипподром”, “Зелений мост”, “Бульвар”, “Дагбитский”, Софийский”, “Луначарский”, “Высоковольтный” сингари атамаларни ишлатишни маъқул кўришади.

Яшириб нима қилдик: кўпчилик ҳамюртларимиз “тил ўргансин, улғайганида иш тополмай қийналмасин” деб фарзандини мактабларнинг рус синфига беришади. Гоҳида ота-оналар ўз боласининг “ўзбекча билмаслиги”ни айтиб мақтанаётганига гувоҳ бўламиз. Албатта, ёшларимиз қанча кўп тил ўрганса, шунча яхши. Аммо, бу “полиглотлик” она тилимизни билмаслик ёки унутиш ҳисобига бўлмасин-да!

Интернет орқали кўпгина давлат муассасаларининг ҳужжатларини излаганда, уларнинг давлат тилидаги нусхасини топа олмайсиз. Халқаро анжуманларда, конференцияларда ўзбек тилининг деярли ишлатилмаслиги ҳозир ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган. Баъзи анжуманларда хорижлик ҳамкасбларимиз бир неча бор “Нега Ўзбекистонда халқаро тадбирлар ўзбек тилида олиб борилмайди?” деб савол беришганида, қандай жавоб қайтаришни билмай қоламан.

Хорижий элчихоналар томонидан ўтказиладиган анжуманларда элчилар қийналиб бўлса-да, ўзбек тилида гапирганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аммо бундай тадбирларда иштирок этган ўзимизнинг мутасаддилар кўпинча бошқа тилларда чиқиш қилишни афзал кўришади.

Нега? Нима учун?

Иш юзасидан қўшни ва қардош мамлакатларга кўп бориб тураман. Жорий йилнинг май ойида қўшни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган медиа-форумда иштирок этдим. Тадбирда сўзга чиққан қозоғистонлик расмийлар ўз маърузаларини она тилида ўқишди. Синхрон таржималар қозоқ, рус ва инглиз тилларида тенг олиб борилди.

Яқинда Боку шаҳрида ўтказилган бир халқаро анжуманда ҳам худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий иштирокчилар озарбайжон тилида маъруза қилишди, таржимонлар синхрон тарзда рус ва бошқа тилларга ўгириб беришди.

Бир неча йил муқаддам Грузияда бўлганимда кўчалар, бинолар, пештоқлардаги ёзувларнинг барчаси грузинча экани эътиборимни тортганди. Фақат хорижлик туристларга қийинчилик туғилмаслиги учун айрим жойларда инглиз тилидаги битиклар учрайди.

Бу каби кузатишларим сўнггида “ҳеч бир халқ ўз она тилини бизчалик “қадрламас” экан” қабилидаги аччиқ хулосага келгандим. Афсуски, бу фикримни ҳамон ўзгартиролмай келаман.

Ҳолбуки, бугун ўзбек тилини хорижликлар ҳам қизиқиш билан ўрганмоқда. “Би-би-си”, “Озод Европа”, “Америка овози”, “Эрон овози”, “Спутник” сингари йирик ахборот маҳкамалари дунёнинг кўплаб тиллари қаторида ўзбек тилида ҳам ўз материалларини эълон қилиб боришади. Хитойда, Туркияда, Америкада, Германияда, Ҳиндистонда ўзбек тили бўйича махсус тадқиқотлар олиб борилади, илмий ишлар ҳимоя қилинади.

Қонун бор, аммо...

Хўш, нима қилмоқ керак? Бу савол ўттиз йилки, қайта-қайта берилади. Ўзбек тили жаҳонда ўз ўрнига, обрў-эътиборига эга экан, нима учун ўз Ватанимизда етарлича қадр топмаяпти?

Бунинг асосий сабабини ташқаридан эмас, ўзимиздан изламоғимиз лозим. Энг аввало, давлат тили тўғрисидаги қонунни замон талаблари даражасида такомиллаштириш, ундаги талабларни қатъийлаштириш зарур. Қонун моддаларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида “давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам...” иборасига тез-тез дуч келамиз. Эътибор қилинг:

“Фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар, шахснинг ким эканлигини ва унинг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар давлат тилида расмийлаштирилади, заруриятга қараб бошқа тилда таржимаси такрорланиши мумкин”.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади”.

Телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда олиб борилади”.

“Ноширлик фаолияти давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, бошқа тилларда ҳам амалга оширилади”.

“Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин».

“Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади”.

Кимда қанақа?

Қонунни ўқиб чиқар эканмиз, у ўта эҳтиёткорлик, мулойимлик билан тузилганига, очиғини айтганда, қонундан кўра кўпроқ тавсияномага ўхшашини англаймиз. Унда имкон даражасида ўзбек тилининг мавқеини бошқа тиллардан ошириб юбормасликка ҳаракат қилингандек туюлади. Қонун билан яхши танишиб чиққан, бошқа тилда сўзлайдиган ёки бошқа миллатга мансуб фуқаролар “давлат тилини ўргансак ҳам, ўрганмасак ҳам бўлаверар экан” деган хулосага бормаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Давлат тилидаги қонунни бузиш, давлат тилига ҳурматсизликнинг ҳуқуқий оқибатлари қонунда аниқ кўрсатиб берилмаган.

Ҳолбуки, қўшни ва қардош мамлакатларнинг давлат тили ҳақидаги қонунлари бизникидан кўра мукаммалроқ ва қатъийроқ ишлаб чиқилган, десак хато қилмаган бўламиз. Масалан, Тожикистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 2-моддасида “Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси тожик тилини билиши шарт” экани кўрсатиб қўйилган. 27-моддада эса, “Давлат тили ҳақидаги қонун нормаларини бузган мансабдорлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши” белгиланган.

Қозоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақидаги қонуни”нинг 4-моддасида “давлат тилини билиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир Қозоғистгн Республикаси фуқаросининг бурчи экани” белгилаб қўйилган.

Арманистон Республикасининг “Тил ҳақида”ги қонунида эса турли анжуманлар, мажлислар, халқаро конференциялар, съезд ва сессияларда арман тилида ўқилмайдиган ҳар қандай нутқнинг синхрон таржимаси таъминланиши қатъий белгиланган.

Афсуски, бизнинг қонунимизда бундай қатъиятни эмас, “ўзбекона бағрикенглик”ни кўрамиз, холос. Албатта, юртимизда истиқомат қиладиган ҳар бир фуқаронинг миллати, тили, дини, қадриятларини камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин давлат тили ўзбек тили бўлгач, у бошқа тиллардан лоақал бир парда юқорироқ турса, менимча, буни ҳеч ким миллатчиликка йўймаса керак...

Ҳозирча кеч эмас...

Август ойида юртимизда ўтказилган халқаро медиа-ҳафталик доирасида кореялик профессор Энг Юнг О, япониялик мусиқачи Мацуо Кавасаки, венгриялик шарқшунос Бенедек Пери сингари меҳмонларнинг ўзбек тилида равон гапирганини кўриб, ғурурланиб кетгандим.

Бир пайтлар буюк озар шоири Халил Ризо Улутурк ҳам тилимизнинг гўзаллиги ва нафосатидан илҳомланиб, шундай жўшқин мисраларни битган эди:

Қай бир кунда учиб келдинг, самолардан, ўзбек тили?

Қанот олдинг энг муқаддас садолардан, ўзбек тили!

Бешик тутган келинларнинг аллаларин тинглабмидинг?

Яралгансан шу илоҳий нидолардан, ўзбек тили!

Энди ўзингиз ўйланг, бошқа миллат вакиллари бизнинг тилимизга шу қадар меҳр қўйишган, уни астойдил ўрганаётган экан, нега биз ўзимизнинг бебаҳо бойлигимиз бўлган она тилимизга етарлича эътибор қарата олмаймиз?! Ахир, дунёда бир неча минг одам сўзлашадиган тилини ҳам бошига кўтариб, унинг довруғини оламга ёйган шоиру фозиллар камми?!

Доғистон халқининг буюк фарзанди Расул Ҳамзатов туфайли бутун дунё дунёнинг бир чеккасида авар деган халқ борлиги, унинг гўзал тили ҳақида тасаввурга эга бўлмадими?!

Бугун ҳам дунёда ўз тили, ўз миллати учун жонини бера оладиган фидойилар, олим ва зиёлилар кўп. Ўтган ойда Россиянинг Ижевск шаҳрида удмурт олими Альберт Разин ўз миллати, ўз тили йўқолиб бораётганига чидай олмай, ўзига ўзи ўт қўйгани жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Чиндан ҳам, удмурт тили бугунги кунда тобора ўз мавқеини йўқотиб, йўқолиб бораётган тиллар тоифасига киради. Расман бу тилда сўзлашувчилар сони 300 мингдан ортиқ кўрсатилса-да, удмуртлар тобора руслашиб бормоқда. Ёшлар ўз она тилини унутиб, бошқа тилларда таълим олмоқда, мулоқот қилмоқда.

Бизнинг тилимиз-ку, ҳозирча хавф остидаги, йўқолиб бораётган тиллар гуруҳига кирмайди. Аммо ўзимиз аждодларимиздан мерос бўлиб келган она тилимизни асрамас эканмиз, миллатимиз ва маънавиятимиз келажагини улкан хавф остида қолдирамиз. Зотан, ўзбек тили – бу бизнинг бойлигимиз, ор-номусимиз, шаънимиз демак. Уни, энг аввало, ўзимиз асрашимиз, ҳурматлашимиз керак.

Рустам ЖАББОРОВ.


5 001
ЎзА