ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

“Асака” банк - Давлат тилини эъзозлайди!

“Асака” банк - Давлат тилини эъзозлайди!

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида тобора ўз сўзи ва ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Ўзбек тили неча йиллар давомида ўта машаққатли, оғир синовларни бошдан кечирганига қарамай, тарихий буюклигини йўқотмади ва яна қад ростламоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” дадил илдамлаётганимизни яна бир исботлади. БМТ тарихида илк маротаба Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу – юрт учун, ўзбек миллати, шаъни, ғурури ва озодлиги учун курашган Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари маърифатпарвар, миллатпарвар юртдошларимизнинг орзуси эди. Юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда ўз жонини фидо қилган ота-боболаримизнинг руҳи шод бўлсин

IMG_1945.JPGДавлатимиз раҳбари бу сафарги нутқида ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бир қатор муҳим масалалар юзасидан ташаббуслар билан чиқди. Хусусан, дунёда тинчлик ҳамда барқарорликни ¬мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, глобал иқлим ўзгариши, жаҳон бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалаларини ўртага ташлади. Шавкат Мирзиёевнинг нутқи яқинда мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланадиган “Ўзбек тили байрами куни” олдидан Давлат тилига, унинг тақдирига бўлаётган улкан эътибор намунасидир.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур нутқ Ўзбекистонда учинчи ренессанс даврига мустаҳкам пойдевор қўйилганини яна бир бор амалда исботлади. Миллий юксалиш даври талаблари шароитида Ўзбек тилининг жамиятдаги ва халқаро майдондаги ўрни ҳамда обрўсини ошириш бўйича мақсадли ишларга старт берилди. “Янги Ўзбекистон” – янги имкониятлар эшигини очмоқда. Мамлакатимизда ҳар бир соҳада янгича фикрлаш, янгича ёндашув, яратувчанлик кўзга ташланмоқда. Бу биз учун юксак ифтихордир.

Н.Ризакулов,
“Асака” банк
Бошқарув Раиси маслаҳатчиси

2 348
ЎзА