Ўзбек тилида онлайн таълим платформаси ишга тушди
“Khan Аcademy Uzbek” – ўзбек тилидаги онлайн таълим платформаси (xanakademiyasi.uz) расман ишга тушди. Зарур фанлар бўйича халқаро билимларни ўзида жамлаган мазкур онлайн таълим бепул.
“Khan Аcademy Uzbek” – ўзбек тилидаги онлайн таълим платформаси (xanakademiyasi.uz) расман ишга тушди. Зарур фанлар бўйича халқаро билимларни ўзида жамлаган мазкур онлайн таълим бепул.
18 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида мазкур ўзбек тилидаги илк онлайн платформанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиздаги қатор вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари, умумтаълим фанлари ўқитувчилари, иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Aлишер Саъдуллаев ва бошқалар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана олдидан ишга туширилган мазкур лойиҳа мамлакат таълим тизимида янги саҳифа очиши билан бирга илмда юксак марраларни кўзлаган ёшлар учун муносиб туҳфа эканини таъкидлади.
Иштирокчилар ўзбек тилидаги онлайн таълим платформаси билан яқиндан танишдилар.
Глобал тармоқда “Khan Academy” (Хан академияси) онлайн таълим платформаси мавжуд. У математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 100 мингдан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни ўзида жамлаган.
Интернетда фанлар бўйича ўзбек тилидаги маълумотлар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида ўзбекистонлик бир гуруҳ кўнгиллилар платформа контентини маҳаллийлаштириш, яъни ўзбек тилига ўгиришга бел боғлаган эди. Орадан етти ой ўтиб, лойиҳа муаллифлари Ботир Орифжонов, Нигора Орифжонова, Умид Ишмуҳаммедовлар бошчилигида шакллантирилган жамоа ҳомийлар, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилотлар кўмагида “Хан” ўзбек академиясини яратишга муваффақ бўлди.
“Khan Аcademy Uzbek” асосчиларининг айтишича, етти ой бундай улкан лойиҳани амалга ошириш учун жуда қисқа фурсат. Шу вақт давомида “Хан академияси” маълумотларининг 61 фоизи таржима қилинган, 712 та видео дарс яратилган.
Мутахассислар эътирофича, мазкур таълим платформаси қатор хусусиятларга эга. Биринчидан, дастур тизими мукаммал ўрганишга асосланган. Платформадаги сунъий идрок ўқувчи билим даражасининг мунтазам ошириб борилишига эътибор қаратади. Иккинчидан, машғулотлар индивидуаллаштирилган, ўқувчининг қабул қилиш тезлиги, қобилиятига қараб билим олиш имконияти яратилган. Батафсил статистика ва тескари синфхона орқали ўқувчининг ўзлаштириш даражасини билиб бориш мумкин. Шунингдек, онлайн платформада рўйхатдан ўтмасдан туриб ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, лойиҳани рўёбга чиқаришда 800 дан зиёд донор иштирок этган. Платформанинг 3 йиллик молиявий режаси 514 минг 216 долларга тенг, ҳозиргача ушбу маблағнинг 200 минг доллари ҳомийлар томонидан қопланган. Шу билан бирга мазкур лойиҳани хоҳлаган киши қўллаб-қувватлаши мумкин.
Тадбир доирасида “Khan Akademy Uzbek”ни рўёбга чиқаришга кўмак берган ҳомийлар тақдирланди.