ЎзА Ўзбек

17.10.2012 15:45 Чоп этиш версияси

Ўзбек тили ва адабиёти ойлиги давом этмоқда

Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ўтказилаётган ўзбек тили ва адабиёти ойлиги доирасида Сурхондарё вилояти таълим муассасаларида ҳам очиқ дарслар, учрашув, викторина ва танловлар ташкил этилмоқда. Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйига қарашли умумтаълим мактабида ҳам “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзуида ана шундай тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, уни миллий қадрият сифатида улуғлаш, халқимизнинг беқиёс маънавий мулкига айлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётир. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Она тилимиз бугунги кунда нафақат ўзаро алоқа воситаси, балки маънавий-маърифий тараққиётимиз тимсоли сифатида ҳам юксак мавқега эга.

Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги томонидан октябрь ойида мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фани ойлиги ўтказилаётгани ҳам ёшларимизга она тилимизнинг кенг имкониятларини кўрсатиб бериш, уларнинг ўзбек тили ва адабиёти фанига қизиқишини янада кучайтириш имконини бераётир. Ушбу йўналишдаги ишлар ёшларнинг билим доирасини кенгайтириб, она тилимизга бўлган ҳурматини янада оширмоқда.

– Ўқувчиларимиз ўзбек тили ва адабиёти фани ойлиги доирасида ташкил этилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб, билимларини бойитмоқда, – дейди ўқитувчи Гулбаҳор Одинаева. – Мактабимизда ўзбек тили ва адабиёти фани тўгараги фаолият кўрсатаётир. Шунингдек, викторина, танлов ва очиқ дарслар ўтказилаётгани, олимлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилаётгани ҳам ёш авлод онгу шуурида она тилимизга ҳурмат туйғусини уйғотаётир.

– Таълим муассасаларимизда бундай тадбирлар йил давомида мунтазам ўтказилади, – дейди Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдулла Тўрабоев. – Олим ва ижодкорлар билан адабиёт ҳафталиклари, турли кечалар, интеллектуал беллашувлар, “Ўзбек тили – давлат тили”, “Тил – миллатимиз кўзгуси”, “Тилга эътибор – элга эътибор” каби мавзуларда иншолар танловлари, илмий конференциялар ташкил этилади. Буларнинг барчаси ёш авлоднинг ўзлигини англаши ва она тилимизнинг кенг имкониятларини чуқур тасаввур этишига кўмаклашади.


ЎзА, Холмўмин Маматрайимов
12 280