ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек талабаси Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеяси бош сессиясида иштирок этади

Ўзбек талабаси Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеяси бош сессиясида иштирок этади

Асрлар давомида қорамоллар ўлати миллионлаб қорамол ва ёввойи ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлиб, инсоният тарихида эпизоотия, эпидемия ва очарчилик каби оғир асоратларга сабаб бўлган. Айниқса 1920 йил қорамолларнинг ўлат касаллиги кўпгина мамлакатлар чорвачилиги ва иқтисодиётига жуда катта талафот келтирган.

Айнан шу касаллик билан боғлиқ асоратларни бартараф этиш ва бутун дунё биргаликда курашиш зарурати ва ғояси 1924 йилда Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти) ташкил этилишига асосий омил бўлди.

Ўтган йиллар давомида ушбу халқаро ташкилот томонидан бу касаллик билан алоҳида курашиб, 2011 йилда қорамолларнинг ўлат касаллиги дунё миқёсида бутунлай йўқ қилингани расман эълон қилинди.

Қорамолларнинг ўлат касаллиги жаҳон тарихида ер юзидан бутунлай йўқ қилинган биринчи ва ягона касаллик ҳисобланади.

Бу касалликнинг бартараф қилиниши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигига ўта муҳим ва жуда катта ҳисса қўшди. Жаҳон ҳамжамияти ушбу касаллик яна қайтарилмаслиги учун биргаликда ҳаракат қилиб келмоқда.

Инсониятга катта хавф солган офат ва кўплаб олимларнинг умр бўйи қилган меҳнатларини хотирлаш мақсадида Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти томонидан 2019 йилдан бошлаб OIE Rinderpest Challenge эълон қилинди.

Мазкур челленж қоидаларига кўра, қатнашчилар қорамолларнинг ўлат касаллигини кескин тарқалиш манбаини топишлари ва бартараф этишлари зарур.

image_2020-02-14_17-58-42.png

Жорий йил 14 январдан 12февралга қадар бутун дунё мамлакатларидан OIE Rinderpest Challenge қатнашчилари ўлатга қандай қилиб ташхис қўйиш, қандай усулда потенциал хавфли материал билан лаборатория шароитида эҳтиёт бўлиб ишлашни ўрганиб олишди ҳамда ўз мамлакатларига керакли баллни тўплашда ҳисса қўшишди.

Таъкидлаш керакки, мусобақа Бутунжаҳон ветеринария ташкилотининг “Ҳеч қачон ортга қайтма” (Never Turn back) компанияси доирасида Оммавий қирғин қуроли таҳдидини камайтириш дастури кўмагида ишлаб чиқилган.

Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти томонидан ташкил этилган халқаро OIE Rinderpest Challenge жорий йил 12 февраль куни тугатилгани расман эълон қилинди.

Тўрт ҳафта давом этган Челленжда дунёнинг 121 давлатидан ветеринария соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва ёш олимлар ҳамда шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар қизғин кураш, рақобат ва баҳслар муҳитида ғолиблик учун курашди.

Челленж кураши якунида Ўзбекистон вакили 4,1 миллион балл тўплаб, янги рекорд натижани қайд этган ҳолда, бошқа мамлакатларга имконият қолдирмай, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, кучли ўнликда Ўзбекистонлик иштирокчилар 7 нафарни ташкил этади. Шу жумладан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Ветеринария профилактикаси ва даволаш факультети 4-босқич талабаси Нурмуҳаммад Нарзиев шахсий натижалар бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Шахсий натижалар бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиб иштирокчи жорий йил май ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеясининг 88-бош сессиясига фахрли меҳмон сифатида расман таклиф этилади.

Қоидага кўра, ғолиб мамлакат – Ўзбекистон “дунёни қорамолларнинг ўлат касаллигидан қутқарган мамлакат” ҳисобланади ва Бутунжаҳон ветеринария ташкилоти халқаро ассамблеяси 88-бош сессиясининг очилиш маросимида эътироф этилиб, Ўзбекистон делегациясига буни тасдиқловчи сертификат тақдим этилади.

Ветеринария ва чорвачиликни 
ривожлантириш давлат қўмитаси 
Ахборот хизмати

3 033
ЎзА