Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.01.2018 17:23 Чоп этиш версияси

Наманганлик тадбиркор янги шашка ўйинини ихтиро қилди

Наманган вилоятининг Норин туманидаги Дўмар қишлоғида яшовчи тадбиркор Улуғбек Ирисбоев янги шашка ўйинини ихтиро қилди.

1972 йилда туғилган Улуғбек болалигидан шахмат-шашка ўйнашга қизиқар, ўқувчилик йилларида ушбу спорт тури бўйича мактаб, туман, вилоят миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни ҳеч кимга бермас эди. Эътиборлиси, у ўзи ўйнаганда ҳам ёки бошқалар иштирокидаги “ақл жанги”ни мухлис сифатида кузатганда ҳам рақибларнинг ўзига хос комбинацияларини дафтарга қайд қилиб боришдан эринмас, уйига бориб уларни такрорлар, турли вариантларни қўллаб, такомиллаштириб борар эди.

Кейинчалик ҳам шахмат-шашка ҳаётининг ажралмас қисми сифатида тафаккурини чархлаб боришга кўмаклашди, бу эса уни нафақат шашка ўйинининг устаси, балки бу борадаги янги ихтиро муаллифи бўлишига туртки берди. Дарҳақиқат, Улуғбек ёшлигидан шашка тахтаси олдига ўтирар экан, ўзига ўзи “нега фақат қора катакларда ўйналади? Оқ катакларда ёки бошқача услубда ўйнаб бўлмайдими?”, деган савол бераверар эди. Бу савол йиллар мобайнида ғояга, ғоя эса мақсадга айланди.

Улуғбек Ирисбоев ниҳоят 2012 йилда оқ ва қора катакларда бирдек ўйналадиган шашка яратиш устида изланишни бошлади. Орадан уч йил ўтиб, шашка тошларининг юриш қоидаларини, бешинчи йилга келиб эса ўйин қоидаларини такомилига етказди ва шашка тарихида янгилик яратди.

– Ғояни амалга оширишда вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Рустам Муродовнинг маслаҳат ва тавсиялари муҳим ўрин тутди, – дейди У.Ирисбоев. – Қолаверса, шашканинг яратилиши ҳам унда ўйнаш каби бир кишининг иши эмаслигига амин бўлдим. Ўқувчи қизим ва жиянларимнинг кўмагисиз балки ихтирони охиригача етказа олмаган бўлар эдим. Улар мен билан теппа-тенг ўйнаб, янги қоидалар яратишга ёрдам берди. Янги шашка турини “Ўзбек шашкаси” деб номлашга қарор қилдик.

Ўзбек шашкаси ўйини 14 дан юқори ёшдагиларга мўлжалланган бўлиб, тўрт хил ўйналади. Оқ тош оқ катакда, қора тош қора катакда ёки аксинча ўйналиши мумкин. Ўйинлар асло бир-бирига тўғри келмайди. 100 партия ўйин 100 хил усулда ўйналади. Биз яратган шашканинг анъанавийсидан фарқи шундаки, ғолибни бир партияда аниқлаб бўлмайди, ғолиблик ёки мағлублик масаласи иккинчи партиядагина ҳал бўлади. Ўйинлар махсус тахта ва тошларда амалга оширилади.

Улуғбек Ирисбоев ва унинг ассистентлари яқинда янги ихтиролари учун муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасини қўлга киритди. Бугун спорт оламида баланд жаранглаётган “Ўзбек кураши” деган атаманинг ёнига келгусида “Ўзбек шашкаси” ҳам қўшилса ажаб эмас. Ахир, биз илм ва тафаккурда дунёни лол қолдирган буюк алломалар ворисларимиз!

Акрамжон Сатторов, ЎзА
14 258