ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:07 Чоп этиш версияси

Ўзбек санъатида янги давр бошланди

Ўзбек санъатида янги давр бошланди
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйини катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонлаш арафасида турибмиз.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги бу қутлуғ байрам шукуҳи ҳаммамизнинг қалбимизга юқори кайфият, кўтаринки руҳ бахш этмоқда.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, кейинги йилларда мустақиллик, деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қимматини, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини янада теранроқ англай бошладик. Чунки истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этиш имкониятига эга бўлдик. 

Мана, йигирма етти йилдирки, халқимиз бу кунни муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишонлаб келади. Чунки мустақиллик бизнинг азиз ва ягона байрамимиз ҳисобланади. Ҳар йили ушбу қутлуғ сана муносабати билан босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб оламиз.

Ўтган бир йил давомида ҳам барча соҳалар сингари санъат соҳасида ҳам олдинга силжиш, ривожланиш, катта янгиликлар бўлди.

Бу ривожланиш ўтган йил Президентимизнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган йиғилишдан сўнг, айниқса, сезилди, десам хато бўлмайди. Ўшанда ўзбек санъатидаги савиясизлик, маънавиятни оширишга хизмат қилмайдиган куй-қўшиқлар кўпайиб, бу ҳолат ёш авлодга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган эди.

Дарҳақиқат, телевидение орқали узатилаётган баъзи клиплар оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмас даражасига келиб қолган эди. Мусиқага номуносиб клип, унда роль ижро этаётганларнинг ҳаракатларида Ғарбга тақлид сезилиб туради. Энг муҳими, мана шундай клиплардаги очиқ-сочиқ кийинганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади.

Буни теран англаган давлатимиз раҳбари мазкур муаммоларни ечиш мақсадида “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистон халқ артистлари” клубини ташкил этиш таклифини билдирди. Орадан кўп ўтмай бу ғоя амалга ошди. Клубнинг бир неча маротаба йиғилишлари ўтказилди. Уларда юқоридаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, санъат соҳасига энди кириб келаётган ёшларнинг маҳоратини ошириш, улар қалбида санъатга, мухлисларга ҳурмат каби тушунчаларни уйғотишга ҳаракат қилинаётир. Клуб аъзолари тез-тез учрашиши натижасида ёш санъаткорларнинг ижоди ҳар томонлама ўрганилмоқда, клип ёки ашулада учраган камчиликлар муҳокама қилинмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда фаолият юритаётган мусиқа ва санъат мактабларида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Уларда халқ артистлари ўқувчи-ёшлар билан ижодий кечалар ўтказиб, кўзи ёниб турган болаларга санъат сирларидан сабоқ бермоқда.

Ойнаи жаҳон орқали кўплаб чиқиш қилиб, элу халқ таниган машҳур санъаткорлар билан учрашган ёшлар ўз олдига улкан мақсад қўйиб, санъат оламига дадил қадамлар билан кириб боришга ҳаракат қилмоқда. Ўзимдан қиёс. Мен ҳам айни пайтда Тошкент шаҳридаги 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида доимий равишда ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиб келаяпман. Бу ерга қатнашувчилар сони ҳар доимгидан анча ошган.

Ўйлайманки, катта саҳнада узоқ йиллардан буён ижод қилиб, халқнинг олқишига сазовор бўлган санъаткорларнинг бу соҳага илк қадамини ташлаётган болалар билан учрашувлар, маҳорат сабоқлари ўтказиши келажакда савияси паст, енгил-елпи ашула ёки клиплар авж олишининг олдини олади.

Ўша йиғилишда Давлатимиз раҳбари эстрада санъати, халқ оғзаки ижодининг намунаси бўлган – бахшичилик санъати беэътибор қолаётгани ҳақида ҳам қайғурганди.

Ўзбек халқининг узоқ тарихига эга достончилик ва бахшичилик мактаби халқимизнинг том маънодаги миллий ғуруридир. Халқ оғзаки ижодиёти одамларни мардлик, шижоат ва юртга содиқ бўлишга чорлаб, инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этади. Лекин сўнгги пайтларда мазкур санъатнинг авлоддан авлодга ўтишида етарлича шароит бўлмагани боис, бахшичилик санъати йўқолиб кетиш арафасида эди. Чунки бахшичилик санъатини ўргатадиган муассаса, мактаб ёки тўгарак мавжуд эмас эди.

Айнан ўша учрашувдан сўнг Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида 22-сонли болалар мусиқа, санъат ва бахшилар мактаби барпо этилди. Барча шарт-шароит муҳайё этилган масканда бугунги кунда кўплаб талабгор ёшлар тажрибали бахшилардан бахшичилик санъатининг сир-асрорларини пухта ўрганмоқда.

Эндиликда бу масканда бахшилар ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш, халқ оғзаки ижоди дурдоналарини тўплаб, нашрдан чиқаришга қизиқиш ортиб бормоқда. Бу эзгу ишларнинг самараси ўлароқ, яқинда вилоятнинг Олтинсой туманида республика бахшилар конкурси ўтказилди. Унда 500 дан зиёд, катта-ю кичик, ўзбек бахшичилигини ривожлантиришга ҳисса қўшишни астойдил мақсад қилган бахшилар иштирок этди. Бундай санъат мусобақаларида қатнашиб, ўз ижодини омма олдида намойиш этиш бахтига муяссар бўлган ёшларнинг қувончлари чексиз.

Маҳмуд Намозов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон
халқ артисти.

ЎзА
4 438