ЎзА Ўзбек

03.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек мультфильмлари ва таниш муаммолар...

Ўзбек мультфильмлари ва таниш муаммолар...

Ўзбек мультфильмларидан қайсиларини эслай оласиз? Сўнгги бир, икки йил ичида ўзимизнинг ижодкорлар томонидан ишланган мультфильмларга кўзингиз тушдими? Болажон халқмиз деймизу, лекин болаларга қандай фильмлар бера олдик?

Ўзбекистон аҳолисининг 9 миллиондан ортиғини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Аҳолининг катта қисми болалардан иборат бўлган юртимизда йилига тахминан 10 та атрофида мультфильм ишлаб чиқарилади. Ана шу 10 дона мультфильм болаларимизга қанчалик таниш эканини эса ўзингиз яхши биласиз.

Ўзбек миллий анимацион кинолари муаммоларини 2018 йилда Нозим Тўлахўжаев ўз интервьюсида санаб ўтган эди. Унда техника, яхши сценарий, маблағ, кадрлар муаммоси ва соҳага яқин кишиларда ўзбек мультипликацияси истиқболига ишонч қолмагани айтиб ўтилган.

Мавжуд муаммоларнинг салмоғига эътибор беринг, улар мультипликация санъати қай даражада эканига ишора қилади. Яқинда ўзбек мультфильмлари муҳокамасига бағишланган кичик йиғилишда орадан икки йил ўтган бўлса-да, афсуски яна ўша таниш муаммолар қайта санаб ўтилди. Албатта, «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси вакиллари эришилган ютуқларни ҳам тилга олишни унутмади. Уларга кўра, ЮНEСКО томонидан студияга 4 та компьютер совға қилинган, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида мультипликация санъати бўйича махсус йўналиш очилган ва унда ҳозирда 9 нафар талаба таҳсил олмоқда, Россиянинг «Союзмультфильм» студиясига малака ошириш мақсадида саёҳат уюштирилган ҳамда миллий қаҳрамон образини яратиш учун танлов эълон қилинган. Эришилган ютуқлар - камчиликлар олдида нақадар жонсиз.

БИЗ СEВГАН МУЛЬТФИЛЬМЛАР ҚАНЧА ТУРАДИ?

«Немони излаб» (2003) мультфильмнинг бир сонияси учун 21 027, «Рататуй» (2007) 25 759, «Рапунсел» (2010) 49 059 АҚШ доллари сарфланган. Табиийки, ушбу мультфильмлар сарфланган харажатни кўп ҳисса даромад билан оқлаган. Яна шундай катта маблағ сарфлаб, Голливуд киноларидан-да кўпроқ даромад келтирган мультфильмлар сифатида «Шрек» (умумий бюджети 160 млн. АҚШ доллари, «Қўғирчоқлар тарихи» (200 млн. АҚШ доллари) кабиларни келтириш мумкин. Бу албатта, бутун жаҳон миқёсида катта аудитория тўплаган мультфильмлардир.

Тўғри , биз ҳали ўз болаларимиз учун қониқарли бирор нарса ишлай олмаганимизда жаҳонга таққослашга эртадир. Аммо, шуни билингки, 2017 йилларда жаҳон рейтингига чиқа олмаган Россия мультфильм ижодкорлари уч йил ичида катта тўртталикка кириб улгурган. 2017 йилга кўра Россияда 10 тача хусусий мультипликацион студиялар бўлган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 70 дан ортди. Бу студиялар айни пайтда даромадли асарлар яратмоқда. Қозоғистон мультипликацияси ҳам мамлакат ичида бўлса-да, ўз аудиториясини топиб улгурган. Мустақил студиялар салмоғи ҳам катта ва энг асосийси, муваффақиятли мультфильмлар ишланган. Хусусий фирмаларда 2D, 3D мультфильмлар сонияси тахминан 100 — 200 минг сўм атрофида баҳоланмоқда. Умуман олганда, АҚШдан ташқари кўпгина мамлакатларда мультфильмлар давлат маблағига олинади ва биздан фарқли тарафи ўша мультфильмларни болалар яхши билади ва кўради. Бизда эса шу вақтгача ишланган 200 дан ортиқ мультфильмлардан нечтасини санаб бера оласиз, асосийси, уларни фарзандингиз биладими?

30 ЙИЛЛИК ВАҚТ МИЛЛИЙ ҚАҲРАМОН ЯРАТИШ УЧУН КАМЛИК ҚИЛДИМИ?

Ўзбек мультипликация санъати кеча пайдо бўлган эмас. У салкам 50 йиллик тарихга эга. Бир вақтлар ишланган мультфильмларни ҳамон яхши кўрамиз. Соҳа вакиллари икки йил аввал доимий йиғилишларининг бирида ислоҳотлар бошлангани ва тез орада натижа беришини айтиб ўтганди. Бироқ, ўша айтилган ислоҳотлар шамоли кечаги йиғилишда сезилгани йўқ. Мультфильмдаги миллий қаҳрамон образи устида эса 30 йилдан бери бош қотирилмоқда. Аммо, бу вақт болаларимизнинг севимли миллий қаҳрамони яратилишига негадир камлик қилмоқда. Агар у яратилиб бундан жамоатчилик бехабар қолган бўлса, айтинг, биз журналистлар уни оммага таништирайлик.

«Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК вакилининг айтишича, Ўзбекистонда 10 дақиқалик мультфильмлар учун ўрта ҳисобда 500 — 600 миллион сўм миқдорида пул ажратилади. Мультфильм сценарийси эса ўртача 1 ярим миллион сўм туради. Бу талабаларнинг стипендиясидан бироз кўпроқ. Сценарий учун шунча маблағ сарфлаб нега мультфильмларда миллий қаҳрамон образи яратилмаяпти, деб айюҳаннос соламиз. Хорижда биргина мультфильм экранга чиқиши учун 200 дан ортиқ мутахассис ишлайди, бизда эса «мультипликацион фильмлар студияси» ДУКда 17 нафар доимий ходим ишлаб келади. Мазкур студия ходимининг сўзларига кўра бугун ёшлар орасида мультипликация санъатига қизиқувчилар кўп эмас. Ушбу соҳада ўқиётган талабаларни эса хорижда малака ошириб қайтишга молиявий имконият яратиб бериш зарур. Акс ҳолда, болаларимиз хорижнинг «Чўчқача Пепе» мультфильмларини ҳавас билан томоша қилиб юраверади.

2019 йилда «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси томонидан 10 та мультфильм ишланиши режалаштирилган ва қуйидаги 5 та картина якунига етказилган:

«Чархпалак», бюджети — 526 434 189 сўм.

«Менинг гўзал яшил рангим», бюджети — 230 925 569 сўм.

«Сеҳрли танбур», бюджети — 782 184 560 сўм.

«Пар ёстиқ», бюджети — 472 789 045 сўм.

«Қўзичоқ, най ва қароқчилар», бюджети — 291 531 078 сўм.

Жорий йилда ушбу мультфильмлар иши якунланиб, болаларга тақдим этилиши кутилмоқда.

«Самарқанд нони», бюджети — 281 585 145 сўм.

«Зағча», бюджети — 275 296 667 сўм.

«Чархпалак-2», бюджети — 272 502 889 сўм.

«Қалдирғоч билан майна», бюджети — 266 298 669 сўм.

Мазкур мультфильмлар учун умумий миқдорда 3 399 547 811 сўм сарфланган.

Хусусий студиялар томонидан қуйидаги мультфильмлар ишланган.

«Кенжа ботир», бюджети — 338 627 819 сўм.

«Сайёҳ» 3D, бюджети — 499 822 263 сўм.

"Автосаргузаштлар”, бюджети — 499 782 916 сўм.

Юқорида саналган асарлар орасида фарзандингизнинг севимли мультфильмлари борми? Балки, уларни эфирга беришда телеканалларимиз сустлик қиляптими? 1 июнь куни эфир юзини кўрган "Автосаргузаштлар” мультсериалидан ташқари рўйхатдаги қайси картинани яхши биласиз? 3 миллиарддан ортиқ маблағ қанчалик ўзини оқлаган?

Ўзбек мультфильми санъати балки, кинодаги каби хусусий студияларга кенг имконият бериши керакдир. Улар ҳар ҳолда режани бажариш учун эмас, ўз ўрни ва мавқеи, аудитория тўплаш учун ишлаши аниқ-ку. Қолаверса, "Автосаргузаштлар” мультфильми ҳам хусусий студия томонидан ишланган. Назаримизда, ҳар соҳани ривожлантирувчи мотори рақобат бўлса керак. Бу «Мультипликацион фильмлар студияси» йиғилишларининг бирида қилинган хулосалар холос. Агар соҳа вакилларида таклиф ва муносабатлар бўлса, уларга минбаримиз очиқ.

3 538
ЎзА