Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 20:32 Чоп этиш версияси

Ўзбек миллий матолари жилоси дунёни мафтун этмоқда

Ўзбек миллий матолари жилоси дунёни мафтун этмоқда
Кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳрида "Атлас байрами" анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтмоқда. Тўртинчи бор ўтказилаётган тадбир ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Марғилон – қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти билан шуҳрат қозонган шаҳарларимиздан. Марғилон деганда, кўзимиз ўнгида камалак рангларда товланувчи атласу адрасларга бой кўҳна шаҳар намоён бўлади. Юзида ҳаё уфуриб турган қизлари минг кокилини майдалаб ўриб, бошига эгнидаги адрасга монанд ироқи дўпписини кийиб олса, кўзингиз қамашади. Сеҳрли лутфи сизни мўъжизалар олами томон етаклайди. Шу диёрда мангу қолгингиз келаверади…

7 (1).JPG

Баъзан самода табиатнинг гўзал малаги – камалак пайдо бўлади. Унинг ажиб тароватли ранглари ўз жилосини кўз-кўз айлаб, фалакда ранглар ўйинини ҳосил қилади. Аслида устазода тўқувчилар томонидан яратилган хонатлас, хосиятхон атласларнинг ёрқин ранглари камалакни-да доғда қолдиргувси…

Дарҳақиқат, ўзбек миллий матолари тарихи қадим даврларга бориб тақалади. Ўзбек ҳунармандларининг қалб қўридан яралган атлас, адрас, беқасам каби бир-биридан бежирим, сержило матолар ғоят қадрлидир. Хусусан, Марғилон ипак матолари ранг-баранг кўриниши, мафтункор нақшли жозибаси билан алоҳида ажралиб туради. Қалдирғоч қанотидек нафис қайрилма чизиқлар тўқувчи меҳри, юксак диди билан матоларда акс этган гул ва чаманлар кишини ўзига сеҳрлаб қўяди. Шy боис, марғилонлик ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотлар асрлар давомида эъзозланиб, эътибор топиб келмоқда.

Марғилон ҳунармандлари яратган гиламлар, ипак матолар, заргарлик ва зардўзлик буюмлари, сопол идишлар дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган сайёҳларни бугун ҳам ҳайратга солмоқда.

Анъанавий “Атлас байрами” тўқимачилик фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш, тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда туризмни янада равнақ топтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда ҳам мазкур тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Фестиваль халқаро миқёсда нишонланмоқда. Унда Россия, Хитой, Испания, Франция, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 30 дан зиёд мамлакатлардан келган усталар, рассомлар, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

8.JPG

Фестиваль доирасида Буюк ипак йўли анъанавий тўқимачилиги мавзусида экспертлар кенгаши, “Буюк ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия“ мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. “Ҳунармандлар шаҳарчаси“ деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, қўғирчоқ театрлари чиқишлари ҳам томошабинлар ва сайёҳларга манзур бўлиши тайин. 

– Ўтган йили ўзбек ипак матолари – атлас ва адрас тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Марғилон азалдан атлас ва адрас тайёрлаш маркази бўлиб келган. Йўқолиб бораётган анъаналарни тиклаш ва асраб-авайлаш мақсадида 2007 йилда Марғилонда ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази очилиб, ҳозирга қадар атлас ва адрас матоларини тайёрлаш технологиясини сақлаш, ривожлантириш ва оммавийлаштириш билан шуғулланиб келмоқда. “Атлас байрами” миллий ипак матоларимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда шаҳарда атлас, адрас, беқасам ва шойи тўқиш билан 500 дан ортиқ уста шуғулланади. Уларга ёрдам берувчи оила аъзолари ва шогирдлари билан ҳисоблаганда 3000 дан ортиқ одам шу касбда ишлайди. Марказ усталари қадимий матолар ва табиий бўёқни, шунингдек, бошқа мактаблар матоларини тиклашда фаол иштирок этмоқда. Устазодалардан саналган Расулжон Мирзааҳмедов ўзи яратган ажиб матолар билан дунёнинг машҳур дизайнерлари назарига тушган. Масалан, америкалик таниқли дизайнер Оскар де ла-Рента ўзининг либослар коллекциясини марғилонлик ҳунарманд ишлаб чиқарган ипак бахмал ва адраслардан яратган. Ҳунарманд Бухоронинг музейлардагина сақланиб қолган “Аъло бахмали”, Хоразмнинг “Турма белбоғ” ва “Алоча” матоларини қайта тиклади.

10.JPG

Ҳа, атласу адрас нафақат бебаҳо бoйлигимиз, балки азалий қадриятларимиз билан йўғрилган нафис санъат намунасидир. Унда халқнинг узоқ ўтмиши, қадимий анъаналари, диди, эстетик қарашлари ва ўзига хос хусусиятлари мужассам. Ҳунармандларимиз томонидан қадимий намуналар асосида ишлаб чиқарилаётган "Марғилон", "Наврўз", "Расадхона", "Бибихоним", "Барги карам", "Чақирим", "Намозшомгул", "Қора кўзим", "Бегойим", "Ўзбекистон гўзали", "Қўчқоршох", "Гулдаста", "Келинчак атлас" деб номланган ипак матоларга бугун дунё миқёсида қизиқиш юқори. Зеро, ҳарир, сержило ва ёрқин бўёқлари, бир-бирига уйғунлашган нақшлари билан мафтун этадиган бу матолар ҳунарманднинг қалб қўри, меҳри, ҳалол меҳнатидан сўзлаб туради. 

“Атлас байрами" фестивалининг амалий ўқув-машғулотлари Марғилон шаҳридаги ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида бўлиб ўтмоқда. Фестивалнинг ўқув-семинар тренинги, яъни маҳорат сабоқлари ўтказиладиган шинам залига халқимизнинг асл қадриятларини мужассам этган, моҳир тўқувчилар қўли билан яратилган қадимий миллий либослар – аёлларнинг паранжиси-ю чимматидан тортиб эркаклар чопони-ю дўпписигача териб қўйилган. Ўта дид ва маҳорат билан тўқилган гўзал, бежирим нақшли сўзаналар, кашталар, гиламлар беқиёс жозиба, чирой касб этган.

Анъанавий тўқимачилик ва тадбиркорлик бўйича амалий тренингни юртимиздаги машҳур ҳунармандлар билан бирга, Мўғулистон, Бангладеш каби давлатлардан келган мутахассислар олиб бормоқда.

– Ушбу нуфузли фестивалда икки йилдан буён иштирок этиб келмоқдаман, – дейди бангладешлик дизайнер Биби Рассел. – Ўзбекистонда миллий ипак матолардан тайёрланаётган маҳсулотлар бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Айниқса, мана шу матолардан тайёрланган либослар ўзбек қизларининг ҳусну латофатда, кийинишда ҳам тенгсиз эканини кўрсатади. Ўтказилаётган амалий машғулотларда ёш дизайнерларнинг ғоя ва ташаббуслари мени ҳайратга солмоқда. Уларнинг дизайни асосида тайёрланаётган либослар фестивалда намойиш этилиши ҳам катта имкониятдир.

Ҳа, Буюк ипак йўлида жойлашган Марғилон бугун нуфузли фестивалга мезбонлик қилмоқда. Мазкур фестивалнинг асосий тадбирлари шаҳардаги ижодкорлар боғида бўлиб ўтади.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА