ЎзА Ўзбек

15.03.2019 16:10 Чоп этиш версияси

Ўзбек курашини дунёга олиб чиққан фидойи инсон ҳақида очерк

Ўзбек курашини дунёга олиб чиққан фидойи инсон ҳақида очерк


ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ

Ўзбек кураши Осиё ўйинларига кирди. Осиё ўйинлари Олимпиада ўйинларидан кейин дунёдаги энг шов-шувли спорт анжумани. Миллионлаб инсонлар, давлат раҳбарларидан тортиб оддий инсонлар ҳам кўз узмай томоша қиладиган дунё саҳнаси. Ўзим ҳам қолдирмай кўраман. Бу саҳнада Ўзбекистон деган давлатнинг спорти – ўзбек курашидан 15 та олтин, 15 та кумуш, 30 та бронза, жами 60 та медаллар шодаси турли мамлакатларнинг, Ўзбекистон байроғининг рамзи акс этган кураш яктакларини кийган спортчиларига насиб қиладиган бахт.

Каримберди ТЎРАМУРОД,
журналист

Снимок.JPG

Бу бахт фақат спортчининг оиласида эмас, балки ватанида ҳам байрам бўлади. Бу байрамларга сабабчи – ўзбек курашидир. Ўзбек номи жаҳон саҳнасида абадий муҳрланди, десак, сира муболаға бўлмас. Ўз миллий спортини дунёга чиқарган уч-тўрт буюк давлатлар қаторида энди Ўзбекистон ҳам мағрур туради. 

Мен бугун ўзбек миллий спорти – кураш, унинг оммалашиши, халқаро майдонга чиқиши ва оламшумул ютуқларга эришишига умрини бағишлаган инсон ҳақида яна бир бора кўпчиликнинг эътиборини қаратмоқчиман. Курашимиз ўз-ўзидан бугунги даражага чиқмаганлигини эслатмоқчиман. 

ТОҒАЙ МУРОД ЁЗГАН ЭДИ

“Полвонлар ҳақидаги “Юлдузлар мангу ёнади” асарим 1976 йили чоп этилиб, йилнинг энг яхши асари, деб тан олиниб эди. У вақтларда курашга ёмон кўз билан қаралар эди. Ўшанда Ўзбекистон спорт комитети ҳузурида республика кураш федерацияси ташкил этмоқчи бўлдилар. Аммо, спорт комитети раҳбарлари оғриндилар. Самбо бор, бўлади, дедилар. Ҳатто, йиғилиш ўтказиш учун …мажлислар залини ҳам очиб бермадилар. Кейин, кураш аҳли спорт комитети подвалига тушдилар. Подвалда кичкинагина ...буфет бор эди. Ана шу буфет полвонларга лиқ тўлди. Ўзбекистон кураш федерацияси ана шу подвалда, ана шу ...буфетда ташкил этилди! Раҳбарият сайланди, президиум сайланди. Федерация низоми тасдиқланди. Ана шунда профессор Назаров деган бир киши мени жойимдан турғазиб, шундай деди:

– Ўртоқлар, кураш деган сўзни айтиб бўлмайдиган, ҳатто кураш федерацияси ташкил этиш йиғилиши учун мажлислар зали очиб берилмайдиган бир замонда шу укамиз ўзбек кураши ҳақида гўзал асар яратди. Келинглар, мана шу укамиз учун бир қарсак чалайлик!

Ҳозиргина туғилган кураш федерацияси аҳли жойидан туриб, мен учун қарсак чалди. Мен уларга қуллуқ қилиб, ташқари чиқдим. Бир бурчакка ўтириб… ҳўнг-ҳўнг йиғладим”.

ТОҒАЙ МУРОД НЕГА ЙИҒЛАГАН ЭДИ? 

4NzEl715059719710156_b.jpg

Буни тушунган тушунади, билган билади. Буни кураш деган спорт ўйини ўзбекнинг тўйидан бошқа жойда тан олинмаганини, ҳатто собиқ иттифоқ миқёсида мусобақалар ўтмаганини кўрган, биз каби эски полвонлар билади. Кураш билан шуғулланиб, оти чиқмагач, Иттифоқ ва Халқаро мусобақаларга бориш учун самбо, дзюдо каби спорт турларига ўтиб кетган, у курашларда ҳам ўзбекнинг тўй курашидаги усуллар билан рақибларини қойил қолдирган полвонлар билади.

Ҳа, “Бухороча кураш” деганимиз Бухородан, “Фарғонача кураш” деганимиз Фарғонадан нарига ўтмас эди. Бу курашлар бўйича мусобақалар фақат Наврўз байрамларида, ҳосил байрамларида бўлар, энг катта мусобақа ҳам Республика биринчилиги бўлар, аммо унда ғолиб бўлган курашчилар ҳам ҳеч қандай нуфузга эга бўлмасди. 

Полвонларнинг топгани эса ўзбекнинг тўйидан эди. Давлат қўллаб-қувватламагани билан курашсевар ўзбек халқининг ўзи тўйларида катта-катта курашлар бериб, полвонларга тўн, гилам, радио, телевизор, от, туя, ҳўкиз каби совринларни берди. Ўзига тўқроқ кураш ихлосмандлари бир неча қўшни республикалардан курашчилар келган катта тўйларда енгил машиналарни ҳам совринга бериб юбордилар.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Бухородан бир эмас, икки эмас, етти ака-ука полвонлар етишиб чиқди-ки, бу етти полвоннинг довруғи довон ошди. Полвонлар тили билан айтсак, бу етти ака-ука солимнинг зўрини олиб, борган еридаги полвонларни қийратиб кетаверди. Бу афсонавий етти баҳодир бухоролик Турсун полвон Юсуповнинг фарзандлари эди...

Етти полвоннинг кенжаси – Комил Юсупов ўзбек курашини дунё миқёсига олиб чиқишга бел боғлади в
а буни қойилмақом қилиб уддалади. Бу иш эса осон ҳам бўлмади, бирданига амалга ошиб ҳам кетмади. Бунга ишонмаганлар кўп бўлгани майли, тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар, нима қилиб бўлса ҳам Ўзбек кураши дунё миқёсига чиқмаслиги учун жонбозлик кўрсатганлар ҳам бўлди.

Бугун ана шу қийинчиликларни, қаршиликларни енгиб, Ўзбек миллий курашини дунёга кўз-кўз қилган Комил Юсупов ҳақида ва унинг бу йўлдаги заҳматлари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

ОРЗУ-УМИДЛАР ЙЎЛИДА

Комилнинг барча акалари самбо, дзюдо курашлари бўйича СССР спорт усталари эдилар. Комил ҳам акалари изиданcaeb9a84-c293-4855-835e-7b37d014867c.jpg бориб, аввало, тўйларда кураш тушиб, обдон чиниқди. Кейин халқаро майдонларга чиқиш учун Тошкентга келиб, самбо кураши билан жиддий шуғулланди. Тинимсиз меҳнатлар самара берди. Бир неча бор республика ва собиқ Иттифоқ чемпиони, Халқаро турнирлар ғолиби бўлиб, спорт устаси, кейинроқ Халқаро спорт устаси унвонларини қўлга киритди. Ҳатто унинг ўта ноёб қобилиятли курашчилигини эътироф этган Япония самбо кураши мураббийлари 1978 йилда унга “СССР самбо юлдузи” деган ном беришди. 

Комил Олимпиада ўйинларида иштирок этиш мақсадида япон кураши – дзюдо спорти билан жиддий шуғулланишни бошлади. Ўзбек миллий курашига яқин бўлган дзюдо курашини жуда тез ва осон ўзлаштирди. Дзюдо курашида ҳам бир неча бор республика, собиқ Иттифоқ чемпиони бўлиб, Халқаро турнирларда ғолиб бўлди. Дзюдо кураши бўйича Халқаро спорт устаси бўлди. 

Халқаро мусобақаларда у қўллаган кураш усуллари дзюдо ватани бўлган Япониянинг етук мураббийларини ҳам қизиқтириб қолар, мусобақалардан кейин улар Комилдан бу усулларни тушунтириб беришини сўрашар, бу усулни қаердан ўргангани билан қизиқишарди.

Уларнинг саволларига У “Бу усуллар бизнинг ўзбек тўйларида бўладиган кураш ўйинларида ишлатилади. Бу усулларни оталаримиз ўз оталаридан ўрганишган. Улар авлоддан-авлодга ўтиб келаяпти. Шундай усуллар борки, уни фақат маълум бир оила вакилларигина билади ва ишлата олади”, деб жавоб берар, бутун дунёдан келган дзюдо мураббийлари ана шу ўзбек курашига қизиқиб, “Албатта, Ўзбекистонга бориб, сен айтган тўй курашини, сен ишлатадиган усулларни кўрамиз”, дейишарди.

Ўша йиллари Комилнинг юрагида “Ўзбек курашининг дзюдодан кам жойи йўқ экан, ўз курашимизни ҳам катта майдонга олиб чиқсак бўларкан”, деган орзу-умидлар туғилди.

Собиқ Иттифоқда бошқа республикалардан келадиган спортчиларга паст назар билан қараш, Халқаро мусобақаларда қатнашишга таклиф қилмаслик, барча мусобақаларга имкон қадар Россия спортчиларини олиб бориш каби камситишлар Комилни эзар эди. Бу камситишлар 1980 йилда ёзги Олимпиада ўйинлари Москвада ўтганида чўққисига чиқди. Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Комил Юсупов Подольск спорт базасидаги машғулотлар жараёнида овқатдан заҳарланди. Заҳарланишнинг ўта оғир формаси, деб ташхис қўйган врачлар унга бир ой ўрнидан турмасликни буюришди, яъни Олимпиада ўйинлари ўтиб бўлгунча...

Раҳбариятнинг мақсадини тушунган Комил Юсупов Ўзбекистонга қайтиб, касалхонага ётди. Ўғлининг энг улкан орзуси саробга айланганини, заҳарланганини эшитган она бу изтиробларни кўтара олмай, оламдан ўтади.

Ана шунда Комил Юсупов алам билан қасд қилади: ўзбек курашини дунёга олиб чиқаман! Ўзимни ўзбек курашида кўрсатаман! Дунёга ўзбек курашини кўрсатаман!

Москвада Олимпиада чемпиони бўлган россиялик дзюдочи мардлик қилиб, мана бундай интервью берган эди:

– Олимпиадада менга тенг келадиган рақиб топилмади, аммо мен ўзбекистонлик Комил Юсуповга тенг келолмаган бўлардим.

Ҳа, Россияда туғилганида Олимпиада чемпиони Комил Юсупов бўларди...

ҲАММА ЖОЙДА ҒИРРОМЛИК...

01e660ae-17c9-4793-9022-b42d9fba5da7.jpg
Комил Юсупов СССР терма жамоасини тарк этди. Ўзбекистонга қайтиб, университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Аммо спортни, курашни тарк қилмади. Дзюдо кураши бўйича Ўзбекистон биринчилиги бўлишини, 71 килограмм вазнда курашиш учун Россиядан кучли дзюдочини “ёллаб” олиб келинганини эшитган талаба Комил Юсупов бошқатдан белбоғини боғлади. 66 килограмм оғирликдаги Комил ўз вазнидан юқори вазн тоифасида иштирок этишини эълон қилди. Ҳеч бир қийинчиликсиз финалга етиб келган Комил “легионер” дзюдочини бир неча марта кўтариб урса ҳам ҳакамлар унга баҳо
беришмади ва очиқ ғирромлик билан ғалабани ёлланган курашчига беришди.

“Россияда майли эди, наҳотки, ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа адолатсизлик қилишса”, дея аччиқланган Комил Юсупов қалтис қарорга келди: у мутлақ вазнда курашга чиқишини айтди. 150-160 килограмм тош босадиган полвонлар билан вазни 70 кило келмайдиган полвоннинг беллашиши ҳали учрамаган ҳодиса эди. Ҳакамлар ва мураббийлар “Бирор кор-ҳол бўлса, ўзим жавобгарман”, деган тилхатни олгачгина унга рухсат беришди. 

Ана шунда мўъжиза рўй берди. Алам ва аччиқ билан гиламга чиққан Комил Юсупов ўзидан икки баравар оғир полвонларни бирин-кетин йиқитиб, Ўзбекистоннинг мутлақ чемпиони деган шарафли унвонни қўлга киритди! Бундан ҳайратга тушган мухбирларнинг “Бундай таваккал қилишга сизни нима мажбур қилди?” деган саволга шундай жавоб берди:

– Спортда ҳалоллик бўлиши керак. Қачонгача ғирромлик бўлади? Биз ўзбекнинг тўйларида ҳалол курашиб катта бўлдик. Мен мутлақ ғолиблик учун гиламга чиққанимда, рақибларимни ҳалол енгиб, ўзбекона ҳалоллик тантанасини кўрсатишни истадим. Барча ҳакамларга ҳалоллик нима эканини, ҳалолликни енгиб бўлмасликни кўрсатмоқчи эдим, Худога шукур, ниятимга етдим! Энди бутун дунёга ўзбек курашининг ҳалол кураш эканини кўрсатаман!

Бугун Ўзбек курашида дунёнинг барча тилларида бирдек айтилаётган “Ҳалол” лафзи ана ўшанда унинг қалбига нақшланган эди.

МАШАҚҚАТЛИ ТАНЛОВ

21262913-7f56-43b3-8326-3ae2026bfeb0.jpg

Туғма курашчи, чайир ва довюрак Комил Юсупов университетни тугатди. Давлат хавфсизлиги қўмитасига ишга олинди. Ҳалол меҳнати билан, обрў-эътибор топди. Орада 1989-90-йилларда Горький шаҳридаги шу соҳанинг олий курсини ҳам битириб келди. Хизматлари орден, медаллар билан тақдирланди. Лекин ўзига берган сўзи – ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқиш мақсади бирор кун ҳам хаёлидан кетмади. Ҳатто тушларига кураш кирадиган бўлиб қолди.

Бир куни кўрган туши унга бир ишора бўлиб туюлди. Катта кураш бўлаётган эмиш. Рақибининг икки курагини бирдек ерга теккизган полвонга “Ҳалол”, тақиқланган усулни ишлатган полвонга “Ғирром” деб ҳакамлик қилаётган эмиш. У шу кундан бошлаб, ўзбек курашининг Халқаро майдонлардаги қоидаларини, уларда ишлатилиши лозим бўлган сўзларни қатъий ишлаб чиқишга киришди. Дастлаб миллати, тилидан қатъи назар, барча ҳакамлар бемалол айта оладиган 13 та сўзни танлаб олди: ”ўртага”, ”таъзим”, ”кураш”, ”ҳалол”, ”ёнбош”, ”чала”, ”дакки”, ”танбеҳ”, ”ғирром”, ”бекор”, ”тенг”, ”тўхта”, ”вақт”. Кейин ҳар бир сўзнинг ишлатиш ўрнини белгилаб чиқди.

Шундан кейин ўзбек курашининг ҳакамлар ҳам, курашчилар ҳам, ҳатто томошабинлар ҳам бемалол ўзлаштира оладиган қоидаларини оддий ва мукаммал кўринишга олиб келиш устида ишлади. Чунки Халқаро мусобақалардаги қоидалар тўй курашидан фарқ қилиши табиий эди.

Масалан, тўйда икки полвон бир-бирини йиқитолмаса, қайта-қайта бел олишаверади. Аммо мусобақаларда икки полвонга соатлаб вақт ажратишнинг имкони йўқ. Шунинг учун аввало, кураш вақтини аниқ чегаралаш ва ғолибни аниқлаш учун баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда тақиқловчи қоидаларни ҳам аниқлаш лозим эди. 

У ойлар давомида кураш билимдонлари билан маслаҳатлашиб, бу қоидаларни ишлаб чиқди. Бу қоидаларда тарихи бир неча минг йиллик бўлган ўзбек курашининг ҳалоллиги, поклиги, рақибни ҳурмат қилиши, полвонларнинг танти бўлиши, инсонийлик тамойиллари акс этди. Улар акаларига, курашчи дўстларига, устоз полвонларга ҳам маъқул бўлди. Шундан кейин ўзбек курашининг ўзига хос либоси ҳақида бош қотирди. Чунки тўй бошқа, халқаро мусобақа бошқа. Тўйда ҳар ким топганини кийиб, курашиб кетаверади. Аммо халқаро мусобақаларда ўзбек курашини кўрган томошабинда бу кураш полвонлари кийган либос ҳам ўзгача таассурот уйғотиши, Ўзбек кураши билан шуғулланадиган полвоннинг кийими ҳам бошқаларда ҳавас, меҳр уйғотиши, ўзбек курашининг полвони бошқалардан яққол ажралиб туриши лозим эди. 

Комил Юсупов кураш тушиладиган гилам қанақа бўлишини, қандай ёш ва вазн тоифалари бўйича мусобақалар бўлишини ипидан игнасигача ишлаб чиқди. У барча қоида ва кўрсатмаларни мукаммал даражага келтиргунча ўнлаб дафтарлар қораламага тўлди. Охирида барча қоидалар, кўрсатмалар маромига етгач, уларни бир рисола қилди. Аммо барчасини ўзи
кутган кун келгунича сир тутди...


ТАНЛАНГАН ЙЎЛНИНГ АЗОБЛАРИ 

ca0d0627-f178-4e91-8423-253564734b3a.jpgКомил Юсупов ўзи ишлаб чиққан ўзбек миллий курашининг янгича қоидаларини мамлакат бўйлаб ёйиш, тарғиб қилиш, тушунтириш, полвонларни ишонтириш учун ҳамфикр инсонларни қидирди. Курашни полвонлардан бошқа одам қўллаб-қувватлармиди?

Энг аввал уни тушунган, унга ишонган, уни қўллаганлар Жўрақули, Нурмуҳаммад, Шермуҳаммад, Музаффар, Норқули акалар бўлди. Бошқаларни ҳам ортидан эргаштириш учун Комил Юсупов полвонлар юртига йўл олди...

Ўзи тайёрлаган шогирдлари иштирокида бир қанча вилоятларда кўргазмали чиқишлар қилиб, ҳаммага энди ўзбек кураши мана шунақа бўлиши, шу тартибда жаҳон майдонига чиқишини тушунтирди. Афсуски, қўллаганлардан қарши чиққанлар кўп бўлди, янгича кураш ёқмаганлар кўп бўлди.

“Бу кураш дунёга икки дунёда чиқмайди”, деганлар бўлди. Аммо ўзи билан кураш тушиб юрган полвонлар унга ишонишди, қўллаб-қувватлашди.

Бундан илҳом олган Комил Юсупов олдинроқ спорт қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Ўзбекистон Олий Мажлиси раиси М.Ибрагимовга учрашиб, ёрдам сўради. Унинг маслаҳати билан Олий Мажлисга оилавий мурожаат ёзишди. Хатда ўзбек миллий курашини ривожлантириш, уни халқаро майдонга олиб чиқиш масаласи олдинга сурилган эди. Ташаббусни маъқуллаган Олий Мажлис масалани ижобий ҳал қилишни Давлат спорт қўмитаси зиммасига юклади. Қўмита катта йиғилиш қилди ва унда Комил Юсупов курашнинг барча қоидалари ва мусобақалар тартибини тушунтириб берди. 

Ҳайҳот! Уни ҳеч ким тушунмади! Очиқдан-очиқ “Шу нарса керакми бизга?” дейишди.

Комил Юсуповнинг елиб-югуришлари билан 1991 йил 21 июнда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари йиғилиб, жуда кўп тортишув ва баҳслардан сўнг тузилган “Ўрта Осиё паҳлавони” ассоциацияси бир кун ҳам ишламай, режалар барбод бўлди. Чунки Ўрта Осиёдан келган мутахассислар ҳам ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқиш мумкинлигига ишонишмаганди. 

У энди ўзбек кураши бўйича мусобақалар ўтказиб, ана шу мусобақалардагина курашни тарғиб қилиш орқали буюк мақсадга етиш мумкинлигини сезди. Яна спорт қўмитаси раҳбариятига учрашиб, уларни кураш бўйича Ўрта Осиё турнирини ўтказишга кўндирди.

Шундай қилиб, биринчи марта Мираки қишлоғида ўзбек кураши бўйича илк Ўрта Осиё турнири ўтказилди. Турнирда унинг ўзи ҳакамлик қилиб, ҳалол ҳакамлик қандай бўлиши кераклигини амалда кўрсатди. Турнир муваффақиятли ўтди. Комил Юсупов эса ўзи маромига етказиши лозим бўлган ишларни, камчиликларни белгилаб олди. Энг муҳим ютуқ шу эди-ки, янгича қоидалар асосида ўтказилган кураш барчага бирдек маъқул бўлди.

(Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор!)

ЎзА
3 458