Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Ўзбек халқининг меҳри билан улғайдим

Ўзбек халқининг меҳри билан улғайдим Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Черненкога Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси – Қарши шаҳри Дарвозатутак маҳалласида барпо этилган замонавий кўп қаватли уйдан 2 хонали хонадон калити тантанали равишда топширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, уй-жойга эҳтиёжи борларга турар жой ажратиш, навбатсиз ҳаж сафарига юбориш каби эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Черненко ҳам фашизмга қарши жангларда мардлик намуналарини кўрсатган. Урушдан кейин узоқ йиллар иқтисодиётнинг турли соҳаларида меҳнат қилди. Тақдир экан, болалигида яқинларидан айрилиб ёлғиз қолган Иван бобо кексайганида ҳам яна яккаланиб қолди. Аммо меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз ҳеч кимни ёлғизлатиб қўймайди.

Вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари уруш фахрийсига Президентимиз совғаси – замонавий уйлардан бирининг калитини топширди.

Калитни қўлига олар экан, Иван бобо кекса авлод вакиллари, айниқса, уруш иштирокчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга, ҳукуматимизга, барча саховатли инсонларга миннатдорлик билдириб, юртимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишини тилаб, дуо қилди.

– Мен бошимдан кўп қайғули кунларни ўтказдим, – дейди Иван бобо. – Оиламдан эрта айрилдим. Фақат ўзбек халқининг меҳри, саховати билан тирикман, десам, хато бўлмайди. Шу юртда улғайдим, шу халқ менга одамийликни ўргатди. Ҳар қандай вазиятда ҳам иродали бўлиш, фақат яхши ният билан яшаш сабоғини берди. Ўзбекистон – менинг Ватаним. Бунинг учун тақдиримдан беҳад миннатдорман. Буни қаранг, ёшим бир жойга борганда давлатимиздан яна бир илтифот кўрдим. – Президентимиз номидан менга барча қулайликларга эга уй совға қилишди. Дарров кўчиб ўтдим. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
5 350






Все о погоде - Pogoda.uz