ЎзА Ўзбек

12.09.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Ўзбек халқи учун қадрли ва суюкли адиб

Ўзбек халқи учун қадрли ва суюкли адиб
Жаҳон миқёсида танилган буюк адиб ва йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг шахси ва ижоди билан энг кўп танишган, унинг асарларини севиб мутолаа қиладиган халқ ўзбеклар бўлса керак, десам, сира муболаға қилмаган бўламан. Чунки юртимизда Чингиз оға асарлари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби.

Адиб ҳаёти ва ижоди мамлакатимизда умумтаълим мактабларининг қуйи синфларидан то лицей ва коллежлар ҳамда олий ўқув юртларининг ўқувчи-ю талабалари томонидан чуқур ўрганилади. Дастлаб, “Оқ кема” қиссаси билан танишган ўқувчи, уни шубҳасиз, ота-онасига ҳам айтиб ёки ўқиб беради. Кейинроқ “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим” қиссалари ҳамда “Асрни қаритган кун”, “Қиёмат” романлари билан танишгач, ёзувчи ижодига қизиқиши янада ортади ва албатта, бутун оила аъзолари билан бошқа асарларини ҳам топиб ўқиш ҳаракатига тушади. Шукрки, Чингиз Айтматовнинг барча асарлари Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Маҳкам Маҳмудов, Нурали Қобул, Набижон Боқий, Ёқубжон Хўжамбердиев каби таржимонлар томонидан юксак маҳорат билан ўгирилиб, ўқувчиларга ўз вақтида етказилган.

Чингиз Айтматов ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, аввало, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, қолаверса, бутун Шарқ халқлари адабиёти ва санъатини тубдан янгилаш, чинакам халқчил, прогрессив, жаҳоннинг ривожланган адабиётлари қаторига қўшиш нияти билан кириб келди, яшади ва ишлади. Бу борада биринчи галда ўзи намуна кўрсатишга киришди. Бунинг учун инсониятни мангу қийнаб келаётган, аммо жамият тазйиқи остида айтиш мумкин бўлмаган мавзу ва муаммоларни, янгича қиёфа ҳамда қарашга эга кишилар образини яратишга уринди. Адиб инсоннинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, эмин-эркин яшаши, қилган меҳнатидан ҳам жисмонан, ҳам маънан қониқиши, кўнгил истагига кўра севиш ва севилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлигини англади ва уларни адабиётга дадил олиб кирди. Шу боис ҳам ёзувчининг қаҳрамонлари анча-мунча қолипларга сиғмайди.

Мана шу фазилатларига кўра, Чингиз Айтматов ижоди юртимиздаги оддий китобхонлар онги, дунёқараши, хулқи ва турмуш тарзига жиддий ижобий таъсир кўрсатди, уларни ҳаётда учрайдиган қийинчилик ҳамда тўсиқларни ақл ва матонат билан енгиб ўтишга ўргатди. Чунки адиб асарларида тасвирланган воқеалар, чизилган манзаралар, яратилган персонажлар тақдири худди ўзимизнинг ҳаётимиздан олингандек яқин ва тушунарли экани билан қимматлидир. Айни пайтда Чингиз Айтматов қаламга олган мавзу, муаммо ва воқеаларнинг ўзбек адиблари асарларига ўхшаши, ҳамоҳанглиги, ўзининг ғоявий йўналиши, бадиийлиги, ниятлари яқинлиги, эзгулиги билан ҳайратга солади. Бунинг сабабларини асли қадим туркий халқлар авлоди бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманларнинг тили, дили, дини, турмуш тарзи ва тарихи бир хиллигидан излаш тўғрироқ бўлади. Шу боис, уларнинг адабиёти ва маданияти ҳам бир-бирига яқиндир.

Бинобарин, икки халқ адабиёти ўртасидаги муштараклик, ҳамоҳанглик ва ўзига хосликни Чингиз Айтматов ижоди мисолида ўзбек адиблари асарларида тасвирланган ўхшаш воқеалар ҳамда қаҳрамонлар тақдири билан ўзаро қиёслаш, улар ўртасидаги фарқли томонлар ва ечимнинг ўзига хослигини тадқиқ этиш, уларнинг қондошлик ва қардошлик илдизларини аниқлаш, чуқурроқ очишга уриниш ҳозирги адабиётшунослигимизнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидандир. Бу улкан вазифанинг кичик бир бўлаги сифатида Чингиз Айтматов ва ўзбек адиблари ижоди ўртасидаги яқинликни қуйидаги йўналишларда ўрганишни мақсад қилдик:

1) асарда ифодаланган мавзу ва муаммолар яқинлиги;

2) қаҳрамонлар тақдиридаги ўхшашлик ва фарқлар;

3) воқелик баёни ва ечимдаги муштараклик ҳамда ўзига хослик.

Ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган Чингиз Айтматовнинг ижодий меросида уруш мавзуси алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда адибнинг ўзи бундай деган эди: “Менинг ўспиринлик ва ёшлик чоғларим уруш ва ундан кейинги илк йилларга тўғри келганди. Ўн тўрт ёшимда овул советига котиблик қилдим, сўнг солиқ йиғувчи бўлдим. Буларнинг ҳаммаси катта синов тариқасида мендан, менинг мурғак руҳиятимдан сизиб ўтди. Мен одамларни ўша уруш ва урушдан кейинги йиллардаги оғир вазиятларда кузатдим ва ўзим ҳам чекимга тушган насибамни тотдим”.

Дарҳақиқат, ўз даврида кўрган-кечирганлари адибнинг “Юзма-юз”, “Жамила”, “Сомон йўли”, “Эрта қайтган турналар” қиссаларида маҳорат билан тасвирланган.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида яратилган бу асарларда илгари сурилган ғоя, тасвирланган мавзу, муаммо, танланган қаҳрамонлар тақдири, воқеалар ечими, қарангки, ўзбек ижодкорларининг айни шу йилларда дунё юзини кўрган асарлари билан ғоятда ҳамоҳанг экан! Масалан, Чингиз Айтматов ўзининг “Биринчи муаллим” қиссаси билан танилган йиллари ўзбек ўқувчилари Парда Турсуннинг “Ўқитувчи”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романларидаги ўзбек халқининг биринчи фидойи муаллимлари Элмурод ва Ғуломжон билан танишган эди. Кейинроқ улар қаторига Йўлдош Шамшаровнинг “Чироқ” романи қўшилди. Уруш туфайли оғир меҳнат фронтида ишлаб, ота-оналарнинг юкини енгил қилган болалар тақдири акс эттирилган “Эрта қайтган турналар” қиссаси билан олдинма-кейин дунёга келган Одил Ёқубовнинг “Тенгдошлар”, “Эр бошига иш тушса” каби асарларида ифодаланган воқеалар, қаҳрамонларнинг ўй-фикрлари худди эгизакдек таассурот қолдиради. Бундай ўхшашликлар ўзбек ва қирғиз халқларининг азалдан ёнма-ён яшагани, бир мақсад сари интилгани, яхши-ёмон кунлар заҳматини биргаликда тортганининг бадиий исботидир.

Уруш йилларида шўролар ҳукуматининг мустамлакаси сифатида энг оғир кунларни Ўрта Осиё республикалари халқлари бошдан кечирдилар. Фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак, пул ва ҳатто қурол-яроғ билан таъминлаш ҳам ана шу халқлар зиммасига тушгани бугун барчага аён. Чингиз Айтматов ўзининг уруш мавзусидаги асарларида биринчи бўлиб фронтдан йироқда бўлган ҳудуд кишиларининг жамият сиёсатига муносабатини реал очиб беришга муваффақ бўлди. Коммунистик мафкура совет кишисининг идеал образини яратишни талаб қилиб турган бир пайтда Чингиз Айтматов билан Саид Аҳмад “Юзма-юз” ва “Уфқ” китобларида адабиётга “қочоқ аскар” образини олиб кирдилар. “Қочоқ аскар”ларнинг ҳолати, тақдири, уларни асраб-авайлаган яқинларининг руҳий ҳолати, ўзини ва ўзлигини намоён қилиши ҳар бир санъаткор томонидан ўз ғоявий нияти, қаҳрамон характерининг бадиий йўналиши, дунёқараши ва маҳорати нуқтаи назаридан ўзига хос тарзда ишонарли таҳлил этилган.

Масалан, уруш тақдирларига муҳим ўзгартириш киритган Саида (“Юзма-юз” қиссаси) ҳам, Жаннат хола ҳам (“Уфқ” романи) даставвал эри ва тилаб олган битта-ю битта ўғлининг фронтдан қочганини кечиради, уларни астойдил парвариш қилади. Исмоил ва Турсунбой эса бундан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлади, кундузи яшириниб, кечаси қабиҳ ниятларини амалга оширишга уринади. Уларнинг барча инжиқликларига чидаб, бардош билан яшаган аёлларнинг сир сақлаш имконияти тобора торая бошлайди. Натижада эрининг зараркунандалигидан безган Саида Исмоилни ушлаб беради, Жаннат хола эса куя-куя вафот этади.

Урушнинг энг қизғин, фронторти жабҳасининг энг оғир кунларида жанг майдонларида жон олиб-жон бераётган эрларига хиёнат қилиб, очиқдан-очиқ бегона эркаклар билан қочиб кетган аёллар образи ҳам қирғиз ва ўзбек адабиёти намуналарида акс этган. Бу жиҳатдан Чингиз Айтматов яратган Жамила ва Дониёр қисмати билан Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси” романидаги Зуҳра ва Нозим тақдирларини таққослаш ибратлидир. Уларнинг қилмиши бир-бирига жуда ўхшаб кетса-да, “айбдор”ларга муносабат, воқелик ечими бутунлай бошқача, ҳар бир миллатнинг урф-одатига хос равишда ҳал этилади. Характери жиҳатидан хийла шаддод, ўзини опқочиб келган эри Содиқнинг ўтли муҳаббати ва эркалашларини тўла ҳис этолмаган Жамила шунчаки чўлоқ, индамас, тўнг, аммо жарангдор овози билан қалби тўла муҳаббатни бутун оламга ҳайқириб айта олган Дониёр билан ихтиёрий равишда қочиб кетади. Зуҳранинг қилмиши эса бошқачароқ акс этади. Опаси Фотима билан битта оилага келин бўлган Зуҳранинг эри Зокир ҳам акаси билан фронтга кетган. Аммо ундан “қора хат” келган. Келин эса миллий ахлоқ мезонларига кўра лом-мим демай яшаб юрибди. То қайнота-қайнона рози бўлиб жавоб бермагунча бу уйдан кетишга ҳаққи йўқ. Бироқ унда ҳам кўнгил бор, ҳис-туйғу бор. Кутадиган илинжи қолмаган аёл фронтдан ярадор бўлиб қайтган қўшни қишлоқлик бир аскар йигит билан аҳд-паймон қилиб, уйдан чиқиб кетди. Уларнинг бу қилмиши тўғри эдими? Нега улар эрини (Зуҳра эса идда муддатини) кутмасдан қаёқдан келгани номаълум кимсалар билан кетаверди? Бу оилага хиёнат эмасми?!

Аслида, аёлларнинг бу вафосизлиги жиддий муҳокамага, айблашга ва кескин хулоса чиқаришга арзийди. Аммо мутафаккир адиблар бу масалада ўзини холис тутадилар. Ч.Айтматов Жамиланинг қилмишини баҳолашни воқеага бевосита гувоҳ бўлган ҳикоячи Сеит, овул аҳли ва ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилади. Келинойисини қораламаган биргина Сеит эди, холос. Ўзи ҳам севги кошонасига илк қадам қўяётган бу ўсмир йигит улар тўғри иш қилди, деган хулосага келади. Бироқ қишлоқ аҳли ёппасига Жамилани қоралайди: “Ахмоқ-да! Ақли бўлса туз ичган жойига туфлаб, санқиб юрган бир мусофирга эргашиб кетармиди?”. “Унинг нимасига қизиқди экан? Эски шинели билан тешик этигидан бўлак ҳеч балоси йўқ эди-ку! Уйи йўқ, жойи йўқ, насл-насаби бетайин бир дайди-да! Майли, уволи ўзига, ҳали аттанг дейди... Бу танноз хотиннинг ҳолини ўшанда кўрамиз.”. “Тавба, Содиқдан ортиқ эрни топиб бўпти. Ўзига ўзи қилди, жувонмарг!”.

“Икки эшик ораси” романидаги Зуҳра билан Нозимнинг “бузуқилик” қилиб, қўлга тушгандан кейинги ҳолати Оқсоқолнинг ҳовлисида кўпчилик томонидан муҳокама қилинади. Бу ерда ҳам айбдорларнинг қилмишига қарашлар турлича: бу ҳикояда ҳам “айбдор”лар ўртасидаги самимий ва покиза севгига гувоҳ бўлган ўсмир йигит Олимжон тўла ёқлайди, тракторчилар бригадасининг бошлиғи Башорат опа билан Парча опа ҳам Зуҳра тарафида. Қора амма, қайнонаси Холпош хола, опаси Фотима учун “Зуҳра ўлгур бузуқ!” Ҳовлига тўпланган “Оломон ҳам (уларга) еб қўйгудек бўлиб тишини ғижирлатар, мункиллаб қолган чоллар, асабий қалтираётган хотинлар худди нопок, шилимшиқ нарса баданига тегиб ҳаром қиладигандек ирганиб” қарарди.

Агар Жамила ҳеч ким билан ҳисоблашмай, ўз ихтиёри билан Дониёрга эргашиб овулдан бош олиб кетган бўлса, Зуҳра ва Нозимжонлар тақдири донишманд Ориф оқсоқол томонидан шариат қоидаларига биноан ижобий якун топади. Бир хил воқеликнинг икки хил ечими адибларнинг ўзига хос бадиий-концепцуал мақсадидан келиб чиққанлигидадир.

Чингиз Айтматов ижодининг ўзбек адабиётига таъсири ҳақида гапирганда, аввало, икки адабиётда яратилган қаҳрамонлар характеридаги ўхшашликни эътиборга олиш лозим. Чингиз оғанинг “Алвидо, Гулсари” ва Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаларини инсоннинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини йўқотмаслиги, одамийлигини бой бермаслиги, ғайриинсонийликка қарши курашиши, ақл-фаросат билан иш тутиши, ҳар қандай иллатни дадил фош этиш, жисмоний кучни жиловлаб, маънавий устунликка эришиш ғояси бирлаштириб туради. Адибларнинг бу эзгу ниятлари Танабой билан Зиёдулла, Гулсари ва Тарлон образлари орқали илгари сурилади.

Чингиз Айтматов асарларида ифодаланган ғоявий фикрлар, инсон ва жамият, инсон ва табиат, инсон ва ҳайвонот олами, инсон ва дин, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик сингари умумбашарий муаммолар, уни ифодалашга хизмат қиладиган образлар галереяси, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, зиддиятлар тасвири ўзбек ижодкорлари асарларида ҳам муҳим ўрин эгаллаётгани қувонарли. Бу жиҳатдан Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Нормурод Норқобилов асарлари характерлидир. Буюк қирғиз адибининг “Қиёмат”, “Охирзамон нишоналари” романларида илгари сурилган фалсафий ғоялар И.Султоннинг “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Генетик” романлари мазмун-моҳиятига сингиб кетганини сезиш қийин эмас. Масалан, “Қиёмат” романи қаҳрамони Авдий Каллистратовнинг айтишича, “Бизнинг Худо ҳақидаги фикрларимиз қанчалар мутлақ ва ўзгармас бўлмасин, улар эндиликда дунё ҳақидаги янгича билимларга сира мос келмай, эскириб қолади”. Айнан шу фикр И.Султоннинг “Боқий дарбадар” романида бир гуруҳ дунё олимларининг янги одам – геномен яратиш, яъни Оллоҳнинг яратувчилик кашфиётига ширк келтириш тўғрисидаги ғояси билан ҳамоҳангдир. Ҳар икки асарда ҳам замона кишиларининг Худони инкор этиб, қиёматни яқинлаштираётган кимсаларнинг фожиаси мангу дарбадарликка ҳукм этилган этикдўз билан нашафурушлар тимсоли орқали реал ифодаланган.

Шунингдек, Шукур Холмирзаевнинг “Қилкўприк” романида ифодаланган воқеалар ҳамда “Қора камар” драмасидаги Хуррамбек билан Абдулла Набилар “Қиёмат” романидаги Гурам Жўхадзе ва Сандролар билан тақдирдошликлари, бир сиёсий тузумнинг қурбонига айланиши билан бир-бирига яқин. Ўзбек адабиётидан Чингиз Айтматов ижоди билан ҳамоҳанг ва муштарак бўлган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ юқоридаги мулоҳазаларнинг ўзи ҳам Чингиз Айтматовнинг қадри ўзбекистонликлар учун ғоят баланд эканини англатади.

Хуллас, буюк адиб ва йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг юксак фалсафий мушоҳада билан суғорилган барча асарлари ўзбек халқининг маънавий дунёсини, адабиётининг эса ғоявий-бадиий хазинасини бойитишда муҳим роль ўйнамоқда.

Йўлдош Солижонов,
Фарғона давлат университети профессори,
филология фанлари доктори.

ЎзА
2 755