ЎзА Ўзбек

01.02.2018 18:23 Чоп этиш версияси

Ўзбек футболи: янги марра, вазифа ва муаммолар таҳлили

Халқаро пресс-клуб сессиясида жорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакилларининг таассуротлари билан ўртоқлашилди, ўзбек футболи олдидаги янги вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров, ФИФА рефериси Равшан Эрматов, футболчилар Забиҳулло Ўринбоев, Рустам Ашурматов, Андрей Сидоров ва Жавоҳир Сидиқов Президентимизнинг футболга қаратаётган юксак эътибори бугун ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг фаолиятини такомиллаштириш устида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бўлғуси халқаро олимпиада ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарлик ишларига бутунлай янгича ёндашилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўзгартирилди, унга янги раҳбарлар сайланди. Ўзбек футболининг умидли авлоди адолатли мезонлар асосида шаклланмоқда.

Футболдаги бу каби ислоҳотларнинг дастлабки намойиши 23 ёшгача бўлган футболчиларимизнинг тарихий ғалабаси бўлди.

– Бугун биз ғалаба қозондик. Бу, албатта, барчамиз учун қувончли воқеа бўлди, – дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сардори З.Ўринбоев. – Ўз навбатида, олдимизда масъулиятли вазифалар турибди. Ютуқларимиздан ҳаволаниб кетмасдан, келгуси нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрамиз. Ишонамизки, халқимизга ҳали кўп ғалабалар тақдим этамиз.

Бош мураббий Р.Ҳайдаров журналистларнинг юртимизда футболни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақидаги саволларига жавоб берди.

– Юртимиздаги барча ёш умидли футболчиларни “Бунёдкор” ёки “Пахтакор” академияларига олиб келишнинг имкони йўқ. Шу боис, ҳудудий марказлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу Германия услуби. Бир вақтлар немис футболида сусайиш кузатилганда улар ҳудудий футбол марказлари тузиб, уларда турли мусобақалар ўтказган, ҳудудий терма жамоалар тузган ва энг яхши футболчиларни асосий терма жамоага жалб қилган. Шунингдек, жойларда ёшлар билан ишлайдиган мураббийлар савиясини кўтаришимиз керак. Тўғри, ривожланиш тенденциясининг қайси бир жиҳатларини Германиядан ўрганиш мумкин, лекин бизнинг ўйин ўзимизга хос менталитет билан ривожланиши керак. Дунёга “Ўзбек футболи” иборасини олиб чиқишимиз зарур, – деди Р.Ҳайдаров.

Халқаро пресс-клуб сессиясида ЎФА вакиллари, мураббийлар, экспертлар Ўзбекистонда футбол ривожланишнинг янги босқичига ўтаётгани, келгуси нуфузли мусобақаларда ғалаба қозониш омили эса ёш ва истеъдодли футболчиларни кашф қилиш, уларга шароит, имконият яратиб бериш, қалбида ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш эканини қайд этди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
11 225