ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек этнологиясига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Ўзбек этнологиясига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий университетида Исо Жабборов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистонда этнологиянинг ривожланиш тарихи ва истиқболлари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, академик Акмал Саидов, тарих фанлари доктори, академик Анатолий Сагдуллаев, фалсафа фанлари доктори, профессор Саъдулла Отамуродов ва бошқа таниқли мутахассислар сўзга чиқиб, “Ўзбек этнологиясининг патриархи”, “Маъмун академиясининг фидойиси”, “Кўҳна харобалар сирини очган ёшулли” Исо Жабборов ҳаёти ва фаолияти ҳақида фикр юритдилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, фалсафа фанлари доктори, профессор Исо Жабборов ўз фаолияти давомида 14 нафар фан номзоди, 4 нафар фан докторини тайёрлади. Унинг 30 дан ортиқ монография, дарслик, рисолалар, 300 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари нашр этилган. Бугун унинг шогирдлари Ўзбекистонда этнология фанининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бундан бир аср олдин, аниқроғи, 1918 йилда фаолият бошлаган Туркистон халқ университети, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида шу йилданоқ тарихимизда биринчи марта олий таълим жараёнига ўзбеклар этнографияси бўйича махсус курс киритилиб, мазкур мавзу бўйича маърузалар ўқитила бошланган.

Юртимизда этнология фанининг янги босқичга кўтарилиши кейинчалик 50 йилдан ортиқ вақт давомида айни шу таълим даргоҳида – Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультетида талабаларга этнологиядан сабоқ берган этнограф ва файласуф олим Исо Жабборов номи билан боғлиқ.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультетида 2019–2020 ўқув йилидан “Антропология ва этнология” таълим йўналиши очилиб, ҳозирда ушбу йўналишда қирққа яқин талаба таҳсил олмоқда. Улар Исо Жабборов илмий меросини чуқур ўрганиб, Ўзбекистонда этнология фани ривожи учун етук кадр бўлиб етишиш мақсадида ўқиб-изланишмоқда.

1 494
ЎзА