ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек аёл элчисининг илк расмий учрашуви Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлди

Ўзбек аёл элчисининг илк расмий учрашуви Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Маҳмудова билан учрашди. Учрашув давомида томонлар Исроил давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги илм-фан ва инновация соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Исроил давлати Япония, Корея Республикаси ва Франция давлатларидан олдинлаган ҳолда Глобал инновацион индекс бўйича 11-ўринни эгаллаб турибди. Исроил фан ва техника оламида дунё бўйича етакчи давлатлардан бўлиб, мамлакат ЯИМнинг 4,3 фоизи аҳоли тадқиқотлари ва ишланмаларига йўналтирилади. Мамлакатда ҳар 10 000 ходимнинг 140 нафари олимлардан иборат бўлиб, бошқа давлатлар билан таққосланганда бу кўрсаткич Америка Қўшма Штатларида 85 нафарни Японияда эса 83 нафарни ташкил этмоқда.

Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик фаолияти давомида Исроил билан қатор лойиҳалар амалга оширилгани, хусусан Нобел мукофоти лауреати Дан Шехтманнинг Ўзбекистонга ташрифи, Исроилнинг “Maya International” компанияси билан сунъий йўлдош орқали қувурлардан сув сизишини аниқлайдиган технология трансфери ҳамда ҳаводан сув оладиган ускуна яратувчи “Watergen” компанияси билан ҳамкорлик алоқалари тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, Innoweek 2018 инновацион ғоялар ҳафталигида энг яхши стартап деб топилган Сleanbox лойиҳаси Исроилнинг нуфузли халқаро StartHaifa танловида ҳам биринчиликни қўлга киритган.

photo_2020-06-30_16-56-57.jpg

Феруза Маҳмудова янги тайинланган лавозимида юртимизда илм-фан тараққиёти учун Исроилнинг тажрибасидан фойдаланишда бор имкониятларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

— Шарафли ва масъулиятли лавозимга тайинланганимдан сўнг ташкил этилган биринчи учрашувим Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлаётгани келажакда Исроил ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишида инновацияларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишига умид бағишлайди, – деди элчи хоним. – Мен юртимизнинг ҳар бир фарзанд жаҳон андозаларига мос келадиган билим эгаси бўлишини ва шу билим орқали ватанимиз равнақига ҳисса қўшишини орзу қиламан.

Томонлар Исроил давлати билан бир нечта йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича таклифларни ўзаро муҳокама қилдилар. Исроил давлатидаги етакчи технопарклар, венчур компаниялари билан алоқалар ўрнатиш, ёш олимлар ва мутахассисларни Исроилнинг етакчи илмий марказларида қисқа муддатли стажировкаларини ташкиллаштириш, молия тузилмаларига рақамлаштиришни изчил татбиқ қилиш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Исроилнинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари билан картография ва геоахборот, биоинформатика, тиббиёт ва биотиббиёт, рақамлаштириш, кибернетика ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни ўрнатиш лозимлиги қайд этилди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

photo_2020-06-30_16-57-00.jpg

photo_2020-06-30_16-57-02.jpg

2 908
ЎзА