ЎзА Ўзбек

19.07.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Ўзбек аноридан Францияда тайёрланган ичимлик Англияда харидоргир

Ўзбек аноридан Францияда тайёрланган ичимлик Англияда харидоргир
Юртимизда вино ишлаб чиқариш жараёни 1975-1985 йилларда юқори босқичга чиққан эди. Шу даврларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган десерт винолар – вассарға, гулиқандоз, ширин кабилар миллий бренд сифатида экспорт қилинган.

Ҳозирда ҳам вино ишлаб чиқариш корхонлари ўз брендлари билан дунёнинг кўпгина давлатларида ўтказилган фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Сижжак, Ўзбекистон, Боғизағон ва бошқа номдаги маҳсулотлар шулар сирасидандир.

Яқинда баъзи манбаларда Ўзбекистонда етиштирилган анор шарбатидан Францияда ликёр ишлаб чиқарилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Биз ҳам бу маълумотга қизиқиб, “Ўзшаробсаноат”нинг мутахассисларига мурожаат қилдик. Улар худди шу хабарни ўзлари ҳам эшитгани, бироқ қўлларида аниқ , ишончли маълумотлари йўқлигини айтиб, бизни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Мирзаобод анор узумзорлари” агрофирмасига йўналтирди. 

Агрофирма раҳбари Жамшид Султоновнинг маълум қилишича, айни вақтда туманда 1,1 минг гектар анорзор ташкил қилинган. “Қора қайин”, “Қизил пўчоқ” каби навлар экилган анорзорлар яқин йилларда тўрт минг гектарга етказилади. 2021 йилда тўлиқ ҳосилга кирадиган бу дарахтлардан олинган ҳосилнинг асосий қисми қайта ишланар экан. 

– Энг муҳими соҳага кластер тизими татбиқ этилади, – дейди Ж.Султонов. – Хориждан келтирилган қайта ишлаш ускуналари кўмагидан ҳосилдан юқори сифатли анор шарбати ва ликёр тайёрлашни мўлжаллаб турибмиз. Ликёрни харидори тайёр, уни Англия ва Францияга экспорт қиламиз. 

Ўзбек анорининг шарбатидан французлар тайёрлаётган ичимлик ҳақидаги саволимизга қисқа жавоб олдик.

“Билишимча, Францияда тайёрланиб, Англияга ҳар бир шишаси 20 доллардан сотилаётган ликёрнинг номи ФАИР экан. Уни таркибида айнан Ўзбекистонда етиштирилган анор шарбати бор дейилмоқда. Биз ҳам яқин йилларда анор ва унинг шарбатини, ликёрни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт қилишни бошлаймиз”. 

Сайёра Шоева, ЎзА
5 552