ЎзА Ўзбек

03.04.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Ўзбек – афғон туташ томирмиз

Мамлакатлар ҳам одамларга ўхшайди. Улар ҳаётининг гуркираган йилларида атрофида дўстлари кўп бўлади.

Бошига ташвиш тушганда эса унинг ёнида фақат чин дўсти қолади. Дўст дўстининг қайғусини айтмасданоқ, кўзларига қараб сезади. Дўст оғир кунларда чақирмасанг-да ёнингга бўлади. Ҳақиқий дўст ҳеч қачон ўз ташвишлари билан бўлиб, дўстини унутиб юбормайди. Дўстлик шундай муқаддас тушунчаки, бу туйғу юракларга Оллоҳ томонидан солинган бўлиб, олтин толалар ила томирларни бир-бирига туташтириб туради.

Жадал ривожланиш йўлига кириб, дунё ҳамжамиятида кундан-кун обрўси мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон бир лаҳза бўлса-да дўсти, қўшниси Афғонистонни ёдидан чиқарган эмас.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлатда тинчлик ўрнатиш масаласига доим эътибор қаратиб келаётганига ҳаммамиз гувоҳимиз. Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида анжуман иштирокчилари диққатини Афғонистондаги вазиятга қаратиб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканини, музокаралар Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозимлигини таъкидлади.

Жорий йил 26-27 март кунлари Тошкентда ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Афғонистон бўйича халқаро конференция Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ташаббусларига ҳамоҳанг улуғ иш бўлди. Унда афғон юртида тинчлик ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, биргаликда муаммога ечим топиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, шунингдек, 25 давлат, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, кўплаб экспертлар иштирок этди. Анжуман якунида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро конференциясида сўзлаган нутқида Афғонистондаги мураккаб вазиятни юзага келтирган мудҳиш хатоларни айтиб ўтар экан, Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, “бой берилган авлод” эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади, деди. Бу бутун дунё олдида дўст ҳақидаги одилона, куюнчаклик билан айтилган сўзлар бўлди. Нутқни тинглар эканман, она сифатида, аёл сифатида юракдан кечираётганларимни қоғозга туширдим.

***

Ярим кечаси гўдак йиғисидан уйғонаман. Шошиб болаларимга қарайман, Оллоҳга минг шукр хотиржам ухлаб ётишибди. Бирини юзидан, бирини кўзидан ўпиб қўяман.

Аммо яна гўдак йиғиси эшитилади. Аллақачон уйқу тарк этган вужудимда оғриқ туради. Деразани очаману бир лаҳза гангиб қоламан. Бу йиғи Амударёнинг нариги қирғоғидан, Афғонистон томондан келаётганини аниқ эшитаман. Оналик сезгиси билан қўшни гўдак учун хавотир оламан. Нимага йиғлаяпти экан? Бирор жойи оғрияптимикин? Йиғлайвериб ички куйиб кетдику, сув ичгиси келдимикин? Қорни очмикин? Унга бирор ёвуз азоб бераяптимикин? Онаси қаерда экан? Шу орада гўдак қаттиқ чинқиради-ю, жимиб қолади. Энди аёлнинг йиғиси эшитила бошлайди. Бу йиғига юрак- бағрни эзиб юборадиган аянч, азоб, қайғу, ҳасрат қоришиб кетган.

Сен нега йиғлаяпсан афғон дугонам? Болангга нима қилди?

Секин айвонга чиқаман. Сенга қўшилиб сим-сим йиғлайман, сенга ачинаман. Аммо, ёрдам беролмайман. Ҳеч кимнинг боласи ўлмасин! Ҳеч бир она боласининг совуқ танасини қучиб йиғламасин! Оллоҳ гўдакларни, шу гўдакларнинг оналарини ўзинг асра! Мана неча йилдирки шу. Сенинг йиғинг тинмайди. Сенга ачиниб менинг йиғим тинмайди. Сени мендан бошқа ҳеч ким эшитмайди. Бошқалар сендан олисда. Дунё ўз маишати билан маст. Унинг қулоқлари ўз яллоларидан нарини эшитмайди.

Шундайлар борки, бировнинг қайғусидан куч олади, йиғисидан ҳузурланади...
Сени мен эшитаман. Сен менинг қўшнимсан. Жонимга яқинсан. Сенинг боланг – менинг болам. Сенинг қайғунг мени эзади.

Биз ўзбекларда “Кўздек қўшни” деган гап бор. Бу қўшнинг кўздек яқин дегани. Биз мусулмонларда ”Қўшнининг қўшнида ҳаққи бор”, “Қиёмат куни қўшнидан” деган нақллар мавжуд. Тақдир танланмаганидек, қўшни ҳам танланмайди. Биз Оллоҳнинг иноятига кўра ёнма-ён яшаб келаяпмиз. Биз бир дарёнинг икки соҳилида ўсаётган дарахтлармиз. Сенинг танангга кимдир болта урса, менинг танам зирқирайди. Сенинг шохларингга теккан яшин менинг танамни куйдиради.

Азиз дугонам, жафокашим, қадрдоним сенинг тинч-фароғатда яшашинг менга керак. Биз онамиз. Биласанки, болаларнинг бегонаси бўлмайди. Айниқса, у қўшнининг боласи бўлса...

Афғон дугонам, сенинг уйингдан мусибат кетишини истайман. Ўз уйингдагилар бир-бирини севишини, авайлашини, кулфатлардан қутқаришини хоҳлайман. Уларга илтижо қил, ялин, ёлвор! Биродаркушликка йўл бермасинлар.

Айт уларга! Сенинг тинка-мадоринг қуриб кетди. Айт уларга! Сен ҳам темир эмассан. Айт уларга! Оналарининг атрофида бирлашсинлар. Уйингдаги гўдакларни асра! Улар бешикаст улғайсинлар.

2002 йилдан Афғонистонга Ўзбекистон томонидан узатилаётган электр энергиянинг Сурхон – Пули-Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Афғонистонни нурафшон этаётган электр ҳажми янада ошишини эшитиб ғоят хурсанд бўлдим. Ўзбекистонлик мутахасислар томонидан қурилиб, фаолият юритаётган Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом этиши тарихий қурилишлар бўлади.

Шу йил январь ойидан бошлаб, Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларига таълим берувчи марказ иш бошлади. Ҳозир бу марказда 100 га яқин йигит-қиз таҳсил олмоқда. Афғон мутахасисларини тайёрлаш бўйича ихтисослик ва йўналишлар сони кенгайиши Ўзбекистон ҳукуматининг афғон ёшлари келажагига қаратилган гуманитар лойиҳалари ривожланишидан далолат беради.

Қадрдоним афғон дугонам, болаларингни Ўзбекистонга – авлиёлар олтин бошларини қўйиб ётган муқаддас заминга зиёратга олиб кел! Афғонистон тинч бўлса мен ҳам болаларимни улуғ боболаримиз – Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб, Заҳириддин Бобур қадамжоларига, ҳазрат Мир Алишер Навоий мақбарасига зиёратга олиб бораман. Мен учун, фарзандларим, келажак авлодим учун ҳам Афғонистон замини ҳам муқаддасдир.

Ўзбекистон ва Афғонистон дўстлиги йўқолмасдир, йиқилмасдир. Чунки дунё маънавиятининг тўрт устунидан бири – Навоий бобомизнинг руҳи бу дўстликнинг олтин устунларини бирлаштириб турибди. Бу ҳам Тангрининг иноятидир.

Биз она дарё – Амударёнинг икки қирғоғида саждага бош қўйган муслималармиз. То дунё бор экан, жаннатдан чиққан икки дарёнинг бири – Амударё мангу оқаверади. То дунё бор экан, сенинг ва менинг юрагимиз шу дарёдек ҳар икки қирғоқ учун меҳрини сочаверади.

Дедиларки, улуғ дарёлар соҳилида қилинган дуолар ижобат бўлғусидир. Иншооллоҳ ўзбек ва афғон болалари дўстлик боғларида, ғазал ва муҳаббат бўстонларида, муқаддас зиёратларда, тинч-осуда дамларда учрашсинлар.

Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси, шоира.

ЎзА
7 748