ЎзА Ўзбек

18.08.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради

Ўзбекистон халқ шоири 
Ҳалима Худойбердиева

Ўзбекистон халқ шоири, атоқли жамоат арбоби Ҳалима Умматқуловна Худойбердиева 2018 йил 17 август куни 71 ёшида вафот этди.

Ҳалима Худойбердиева 1947 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилди. 1972 йили Тошкент давлат университетини, 1977 йили Москва Олий адабиёт курсини тамомлади.

У ўз меҳнат фаолиятини “Саодат” журналида бўлим муҳаррири сифатида бошлаб, узоқ йиллар давомида ушбу нашрда бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир лавозимларида самарали фаолият олиб борди. 1991-1994 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ишлаб, мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. “Ёзувчи” нашриётида, “Гулистон”, “Санам” журналларидаги иш фаолияти даврида адабиётимиз ва журналистикамиз ривожи йўлида сидқидилдан хизмат қилди. 

Ҳ.Худойбердиева 1991-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатди. 

Ёрқин истеъдод эгаси, улкан сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиева ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, долзарб мавзуларга бағишланган публицистик мақолаларида азиз Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат, мўътабар аёл ва она сиймосига эҳтиром туйғуларини беқиёс маҳорат билан тараннум этди. Унинг ёрқин миллий руҳ ва ҳаётий фалсафа билан йўғрилган бетакрор ижоди ўзбек адабиёти хазинасидан, эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади. 
Ижодкор қаламига мансуб ўнлаб бадиий етук асарлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Ҳассос шоира жаҳон ва қардош халқлар адабиётининг кўзга кўринган намояндалари асарларини ўзбек тилига катта маҳорат билан таржима қилиб, миллий адабиётимизни бойитишга салмоқли ҳисса қўшди. 

Ҳалима Худойбердиева жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида, юртимиздаги маданий ва маърифий янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этди. Умрининг охирига қадар “Дугоналар” журналига раҳбарлик қилиб, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фидойилик намунасини кўрсатди. 

Бугунги кунда Ҳалима Худойбердиеванинг ижод мактабида тарбия олган, ўзбек адабиётида ўзининг мустаҳкам ўрнини топган кўплаб истеъдодли ижодкорлар уни ўзларининг меҳрибон ва талабчан устози деб эътироф этадилар ва қадрлайдилар. 

Атоқли сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиеванинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган эди.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ҳалима Худойбердиеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, 
А.Арипов, С.Саидов, О.Ҳожиева

8 795