Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 21:23 Чоп этиш версияси

Ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар кўлами кенгаяди

Ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар кўлами кенгаяди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров, Марказий банк раиси М.Нурмуродов ва бошқалар Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, ЕТТБ ҳам мамлакатимизда энергетика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини қамраб оладиган лойиҳалар ҳисобига ўз фаолиятини кенгайтиришни режалаштираётгани қайд этилди. Сўнгги 9 ой давомида ЕТТБ қиймати 190 миллион долларлик 10 лойиҳа учун кредит линияларини очгани бунга ёрқин мисолдир. 

13.JPG

– Ўзбекистон банк-молия тизимидаги ислоҳотлар тез суръатда амалга оширилмоқда ва энг муҳими самаралидир. Мамлакатингиз халқаро рейтингларда жадал юқорилаётгани соҳада тўғри стратегия танланганидан далолат, – деди ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти. – 16 ой аввал Ўзбекистонга келганимда келишувларимиз амалга оширилишига ишонч ҳосил қилгандим, бугун бунинг тасдиғини кўриб турибман. Ўзбекистоннинг деярли барча соҳаларидаги ўзгаришларда мамлакат саъй-ҳаракатларини қадрлаймиз. Улар бизни янада руҳлантириб, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришимизга йўл очмоқда.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида капитал бозорини ривожлантириш ва миллий валютада молиялаштириш борасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. 

14.JPG

Томонлар, шунингдек, оилавий тадбиркорлик, демографик дивидендлар, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, энергетика ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Молия вазирлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари иштирокида “Ўзбекистон Республикасида давлат-хусусий шерикчилиги” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон ҳукумати ва ЕТТБнинг мамлакатда давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантиришга қаратилган амалий ҳамкорлиги механизмлари муҳокама қилинди. Унда Молия, Иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш, Автомобиль йўллари давлат қўмиталари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ЕТТБнинг Марказий Осиё давлатлари ва Россия бўйича бошқаруви директори Наталья Ханженкова Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Давра суҳбати давомида “Давлат-хусусий шерикчилиги: муваффақиятли амалга оширишнинг шартлари” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда иштирокчилар давлат-хусусий шерикчилигининг асосий вазифалари, ушбу йўналишдаги лойиҳаларга молиявий манбаларни жалб қилиш, лойиҳа тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари билан таништирилди.

Тадбирда ЕТТБ томонидан давлат-хусусий шерикчилиги фаолияти билан шуғулланувчи агентлик тузиш таклифи илгари сурилди. Ушбу агентлик Молия вазирлиги тизимида ташкил этилиши алоҳида қайд этилди. Айни пайтда ривожланган мамлакатларда, хусусан, Туркияда ЕТТБ билан ҳамкорликда шундай агентлик ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Давра суҳбатида давлат-хусусий шерикчилигини жадаллаштириш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни изчил амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам икки томонлама музокаралар ўтказди.

Матназар Элмуродов, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА