ЎзА Ўзбек

10.09.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Заркент аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди​

Заркент аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди​

7-8 сентябрь кунлари юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” Самарқандда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.

Жойлардаги маданият ва истироҳат боғларида тиббиёт павильонларига ташкил этилиб, аҳоли тиббий кўрикка таклиф этилди. Соғлом турмуш тарзи асослари, касалликларнинг олдини олиш ҳақида уларга мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.

Барча туман ва шаҳар марказий поликлиникаларида уюштирилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда маҳаллий мутахассислар билан бирга пойтахтдан ва вилоят марказидаги тиббиёт муассасаларида хирургия, неврология, урология, кардиология, травматология, педиатрия, акушер-гинекология, офтальмология каби соҳаларда ишлаётган олимлар ва малакали мутахассислар иштирок этди.

Чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун улар яшаб турган хонадонда кўрик ташкил этилди.

Тиббий кўриклар натижасида стационар даволанишга муҳтож деб топилганларни тегишли тартибда туман, шаҳар, вилоят ва республика тиббиёт муассасаларида соғломлаштириш режалаштирилган.

Жисмоний фаолликни кенг тарғиб қилиш мақсадида таълим муассасалари ўқувчи ва талаба-ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида оммавий спорт мусобақалари, югуриш марафонлари ташкиллаштирилди.

Тадбир доирасида вилоятнинг Қўшработ туманидаги олис Заркент маҳалласида замонавий қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолият бошлади.

– 2 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, реконструкция қилинган муассасамизда 20 мингга яқин Заркент аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, – дейди Заркент қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Холдор Ибрагимов. – 120 қатнов қувватига эга поликлиникамизда 30 ўринли кундузги стационар ташкил этилди. Барча хоналар ва лаборатория зарур жиҳозлар ва замонавий тиббий аппаратлар билан таъминланди. Ижтимоий дорихона ва тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди.

Янги муассасада қишлоқ аҳолиси Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан борган малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
3 212