ЎзА Ўзбек

04.06.2018 12:28 Чоп этиш версияси

Заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари фош этилди

Заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари фош этилди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Алмата-Нукус” йўналишида кириб келган йўловчи поездини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказди. Текшириш давомида йўловчилардан бири божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб кумушдан ишланган 708 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини олиб киришга урингани фош бўлди. 74 турдаги мазкур кумуш тақинчоқларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 14 миллион сўмдан ортади.

Айни шу поезднинг яна бир йўловчиси эса 14 турдаги 254 дона косметика ва парфюмерия воситаларининг божхона назоратидан четлаб олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган парфюмерия ва косметика воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши, боз устига ушбу жараёнда бу каби товарларнинг ташиш ва сақлаш қоидаларига умуман риоя этилмаслиги юртдошларимиз саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин эди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

ЎзА
6 751