Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Зарбдорда ўзгаришлар нега суст?

Зарбдорда ўзгаришлар нега суст?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 31 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ҳам ғўза парвариши ва такрорий экинлар экишда қолоқликка йўл қўйилаётгани жиддий танқид қилинди. Ушбу қолоқлик сабабини ўрганиш мақсадида туман қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишлар билан танишдик.

Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг сўнги даврида ташкил этилган туман ишлаб чиқаришининг асосий қисмини пахтачилик ва ғаллачилик ташкил этади. Аммо туман ташкил этилганидан буён ҳар икки тармоқда айтарли яхши натижаларга эришилган йиллар кам бўлган. Хусусан, бу йил ҳам туман фермерлари давлатга дон сотиш шартномаси мажбуриятларини зўрға 80 фоизга уддалади, холос.

Нега энди, мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган катта ўзгаришлар Зарбдорда сезилмаяптими, деган ўринли савол туғилади.

7 (3).JPG

Ўзгаришлар бор. Ҳатто бирмунча оғир соҳа бўлган қишлоқ хўжалигида ҳам яхши ишларга мисоллар кўп. Президентимиз 2017 йил 2 сентябрь куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида Зарбдор туманида ҳам бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишган, Сайдулла Фармонов раҳбарлик қилаётган “Тошкескан” фермер хўжалиги даласида қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашган эди.

Фермер мелиоратив ҳолати оғир ҳудудда ғалла ва пахтадан юқори ҳосил етиштириб келмоқда. Бу йил ҳам давлатга дон сотиш режасини ортиғи билан бажариб, ғалладан бўшаган майдонга полиз экинлари, кунгабоқар ва мош экди. 30 гектардан зиёд ерда пахта серавж ўсмоқда.

Ўзгаришлар бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда лойиҳа қиймати 23 миллион долларлик “Зарбдор универсал логистика маркази” ишга туширилди. 35 гектар майдонни эгаллаган логистика маркази таркибида 7 гектарлик иссиқхона, мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган 8 минг 360 тонна сиғимли замонавий музлаткич барпо этилмоқда.

10.JPG

Вилоят туманларидан биринчи бўлиб Зарбдорда “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилган. Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 100 дан зиёд ўрта ва кичик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Аммо амалга оширилаётган ўзгаришлар кўламига таққослаганда асосий тармоқ ҳисобланган қишлоқ хўжалигида иш сустлиги кўзга ташланади.

Туманда 632 та фермер хўжалиги 12 минг гектар ерда пахта етиштираётир. Шартномага кўра, гектаридан 24 центнердан 28 минг 80 тонна пахта хомашёси йиғиштириб олиш мўлжалланган.

Туман қишлоқ хўжалиги бошқармасининг маълумотларига кўра, пахта майдонлари тўлиқ иккинчи сувдан чиқарилган, ривожланиш меъёрда бораётир. Ривожланишдан ортда қолган пахта майдонлари йўқ. Аммо, деҳқончиликдан озроқ хабардор бўлган киши далани айланса, қоғоздаги маълумотлар ҳақиқий аҳволга унчалик тўғри келмаслигини кўриши мумкин. Аввало, ғўзага ишлов бериш бўйича зарбдор икки ойлик қизғин бораётган шу кунларда далада одам кам. Масалан, “Тараққиёт”, “Юксалиш” ва Парда Умрзоқов номидаги сув истеъмолчилари уюшмаси таркибидаги 10 га яқин фермер хўжалиги даласида бирорта ғўза оралаб юрган одамни кўрмадик.

“Юксалиш” сув истеъмолчилари таркибидаги “Оқ бура полвони” фермер хўжалиги даласи қияликда жойлашган. Дала бошидаги ғўза ниҳоллари билан этагидаги ғўза ривожида фарқ шундоқ кўриниб турибди. Бош қисмидаги ғўза бир текис, ҳосил нишоналари ҳам кўзга яққол ташланиб турибди, адоғида бегона ўтлар орасида ғўзанинг аранг ажратиб оласиз. Бу ҳолнинг сабабини сўрай десанг, далада ҳеч ким йўқ.

16.JPG

Ўртадаги захкаш зовурнинг қарама-қарши томонида жойлашган “Юксалиш ғунчаси” фермер хўжалигининг 5 гектарга яқин даласида ғўза умуман униб чиқмаган жойлар ҳам анча. Майдон нега бундай олақуроқ эканини изоҳлаб берадиган одам бу ерда ҳам йўлиқмади.

Яна бир таажжубланарли ҳол – захкаш зовурдан олинаётган сув даланинг юқори қисмдаги лоток ариққа олиниб, ғўза суғорилаётир. Ахир ердан сизиб чиқаётган шўр сув экин суғоришга мутлақо яроқсиз-ку?!

Биз билан суҳбатлашган одамларнинг айтишича, бу ерда захкашнинг шўр сувидан фойдаланиш оддий ҳол экан. Сабаби, лотокка канал суви келмай қўйганига анча вақт бўлган. Ҳудуддаги 10 дан зиёд фермер хўжалиги ғўзани суғоришда шўр сувдан фойдаланар экан. Ҳали юқорида айтганимиз дал
анинг баланд қисмидаги ғўза ривожи билан қуйидагилари орасидаги катта фарқнинг сабаби ҳам шу. Шўр сув қияликка камроқ таъсир кўрсатган-у, текис майдонда тўпланиб қолган. Буни тупроқнинг юзини қоплаган оппоқ туз ҳам кўрсатиб турибди. Лоток ариқларнинг ҳам бутуни кам. Лотокларнинг ямалган, ямалмаган тешигу ёриқларидан ҳосил бўлган кўлмаклар кўп.

Ҳудудни айланиб бирорта тозаланган захкаш зовурни учратмадик. Зовурларнинг ҳаммасини қамиш босган, шу боис аллақачон сув тортмай, оқмай қўйган.

Туман сув хўжалиги бошқармасининг маълумотида ҳудуддаги 16 километр зовур тозалангани қайд этилган. Аммо ҳудуддаги 1 минг 400 гектар майдоннинг кучли, 18 минг гектар ернинг ўртача шўрлангани бу ишнинг етарли эмаслигини кўрсатиб турибди.

– Бу йил ғалла сотиш шартнома режасини бажара олмаганимизга сув таъминотидаги узилиш сабаб бўлди, – дейди “Беҳруз шижоати” фермер хўжалиги раҳбари Темур Дўстбеков. – Ўтган йили октябрь ойидан жорий йил март ойигача сув ололмадик. Ахир, кузда суғорилмаган майсанинг кўпи қишда нобуд бўлиб, ҳосилдорлик пасайиб кетади-ку!? Вақтимиз ва маблағимизнинг кўп қисми сувга кетаётир.

18.JPG

Деҳқон билиб туриб ерни шўр сув билан заҳарламайди. Аммо ҳудудда кўпчилик шундай қилмоқда, бунга сув таъминотидаги камчиликлар сабаб бўлаётир. Ҳудудни сув билан таъминлаётган Жанубий Мирзачўл каналининг ДМ-2 тармоғидаги насос станциясида бўлганимизда фермерларни шўр сувдан фойдаланишга нима мажбур қилаётгани бирмунча ойдинлашди.

– Насос станцияси суғориш тизими бошқармасига қарайди, – дейди “Оқ булоқ” сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Абдуазим Сулаймонов. – Сув олиш учун аввал бошқармадан насосни ишлатиб беришни сўраймиз. Кейин насосга электр энергияси сўраб, электр тармоқлари идорасига илтимос қиламиз. Иккиси ҳам рози бўлгач, Жанубий Мирзачўл канали бошқармасидан каналга сув ташлашни сўраймиз. Ана шу уч ташкилотдан биттаси бирор баҳона билан ишни пайсалга солса, сув келмайди. Бундай ҳол тез-тез бўлиб туриши туфайли фермернинг иши орқага кетаётир. Баъзи фермерларнинг оқибатини била туриб шўр сувдан фойдаланаётгани сабаби шунда. Аслида еримиз яхши, фермерларимиз меҳнаткаш, давлат бераётган имкониятлардан, яратаётган қулайликлардан баҳрамандмиз.

Айнан шу муаммо ғўза парваришидаги қолоқлик билан бирга, такрорий экин экишнинг кечикишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Туманда жами 13 минг 831 гектар майдонга такрорий экин сифатида сабзавот, картошка, полиз, мойли, дуккакли ва бошқа экинлар экиш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг маълумоти бўйича бу иш 12 минг гектардан зиёдроқ майдонда амалга оширилган. Бу ишда ҳам сув таъминотининг барқарор эмаслиги халақит бераётир.

– 1000 гектар ерга иккинчи экин экиш имкониятимиз бор, – дейди “Томорқа хизмати” корхонаси иш бошқарувчиси Баҳром Жониқулов. – Бироқ уруғ, ёқилғи, техника, зарур бўнак маблағи билан таъминлашни зиммамизга олсак-да, фермерлар ҳам, аҳоли ҳам сув таъминотига ишончсизлик туфайли биз билан шартнома тузмаяпти.

Буларни қоғозга туширишдан мақсад далада меҳнат қилаётган фермернинг камчилигини кўрсатиш, уни танқид қилиш эмас, асло. Фақат бу ишда фермерга кўмакчи бўлишга, унга хизмат кўрсатишга мутасадди бўлганлар, ҳудуд ишониб топширилган масъуллар, жумладан, сув хўжалиги, ирригация, мелиорация корхоналари ҳам бу борада жон куйдирсалар, деҳқоннинг шундоқ ҳам машаққатли меҳнатига қайишса, мақсадга мувофиқ бўларди, демоқчимиз, холос.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА