Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.04.2018 12:24 Чоп этиш версияси

Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида қандай муаммолар бор?

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ҳудудлардаги муаммоларнинг бартараф этилишида муҳим омил бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуродов мутасадди ташкилот ва муассасалар вакиллари билан ҳамкорликда Зарбдор туманида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Бу ҳақда Парламент қуйи палатасининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Учрашувларда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини яхшилаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этишга қаратилмоқда.

Хусусан, ишчи гуруҳ 130 ўринга мўлжалланган Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди. Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида мутахассис кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Бугунги кунда муассасада 67 нафар шифокор фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 47 нафари нафақа ёшига етган. Шунингдек, бирлашмада 12 та бўш иш ўринлари мавжуд.

Мазкур ҳолатларнинг юзага келишига 2 та сабаб бор. Биринчидан, туманда тиббиёт йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст. Иккинчидан, соҳа бўйича олий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассис кадрлар Тошкент шаҳри ёки вилоят марказида ишламоқда. Ўрганишлар давомида ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар давомида тиббиёт бирлашманинг болалар бўлимида дори-дармон воситаларининг етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар ҳам маълум бўлди.

Зарбдор ТТБ ТШТЁК бўлимида катта ва кичик хирургик жамланма, турли ҳажмдаги эндотрахиал трубкалар етишмайди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам бўлимида қўшимча хизмат автомабилига эҳтиёж бор. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Бирлашма ҳовлисида беморлар учун маҳсус кутиш жойлари қуриш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Эндиликда ушбу қўшимча бинолар маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб қуриб бериладиган бўлди.

ЎзА
2 684