ЎзА Ўзбек

17.07.2020 Чоп этиш версияси

Замонлар тўфонида сўнмаган маёқ

Замонлар тўфонида сўнмаган маёқ

Кейинги даврларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида 1420 йилда Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағай томонидан Самарқандда асос солинган Мадрасаи олия фаолияти 1920 йилгача фаолият кўрсатган ва унинг давоми сифатида шаклланган педагогик йўналишдаги олий билим юрти мадраса талабаларини ҳам қамраб олган ҳамда мазкур олийгоҳ замирида 1927 йилда Самарқанд давлат университети ташкил топган деган ғоя устувор эди. Аслида ҳам тарихда шундай бўлган. Фақатгина Самарқанддаги мадрасалар фаолияти Бухородан фарқли равишда 1927 йилгача давом этган. Бухоро қизил армия томонидан эгаллангач (1920 йил август-сентябрь), мадрасалар фаолияти тўхтаган. Бухородаги мадрасалардан бир қисм мударрислар ва талабалар бу даврда ҳали ўз фаолиятини давом эттираётган Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўз ўқишларини давом эттирганликлари маълум.

Бу даврда Самарқанддаги мадрасалар, хусусан, Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолият юритган. Тўғри Россия империяси ҳукуматининг мадрасалар фаолиятини тугатиш ва уларни молиявий манбасидан жудо қилишга қаратилган кўплаб ҳаракатлар бўлган. Ж.Исмоилованинг келтиришича, Россия империяси маъмурлари, жумладан, биринчи генерал-губернатор П.К.Кауфман давридаёқ мусулмон таълим даргоҳлари инқирозини тезлаш¬тиришга ҳаракат бошланган эди. Унинг буйруғи билан «аълам» ва «мутаввалибоши» лавозимлари бекор қилинган. Бу эса мадрасалар бошқарувига берилган энг катта зарба бўлди. Мадрасани тугатганларнинг юқори лавозимларга ишга қабул қилмаслик орқали миллий таълим тизимининг юқори босқичини обрўсизлантиришга ҳаракат қилинган. Лекин мустамлакачиларнинг ислом динига, мусулмон ташкилотларига қарши бу тарзда кураши аҳоли томонидан қаттиқ қаршиликка учради ва оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Шунинг учун Россия империяси бу масалага «эҳтиёткорлик» билан муносабатда бўлиш кераклигини тушуниб етди.

Бунинг натижаси ўлароқ советлар ҳукумати даврида ҳам анъанавий таълим даргоҳлари, жумладан, мадрасалар фаолиятига алоҳида эътибор қилинди. 1917 йилнинг февралида Петроград воқеаларидан сўнг қисқа вақт ҳукмронлик қилган Муваққат ҳукумат даврида виждон эркинлигининг эълон қилиниши муҳим тарихий воқеа бўлган эди. Соҳа тадқиқотчилари фикрига (А.М.Салмонов) кўра, Муваққат ҳукумат сўнгги кунларига қадар диний муассасаларга нисбатан хайрихоҳлик сиёсатини юритган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивининг 34-фонди материаллари таҳлили натижасида маълум бўладики, орадан кўп вақт ўтмай 1918 йил 14 декабрида Туркистон АССР Халқ маорифи комиссарлиги 6486-сонли буйруғини эълон қилди ва таълим муассасаларини маблағ билан таъминлаш тўхтатилган, вақф мулклари мусодара қилинган. Бу сиёсат диний муассаса ва таълим даргоҳлари фаолиятига катта салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам ушбу йилларда диний уламолар Совет ҳокимиятига қарши норозилик кайфиятини ифода қилар экан, улар асосан, вақф мулкларини ўз эгаларига қайтаришни талаб қилишган. Лекин имкон қадар таълим даргоҳлари ва мадрасалар фаолияти давом эттирилган.

Бу борада айниқса жадидлар жонбозлик кўрсатган. Туркистон Совет Республикасининг маърифатпарвар вакиллари ва жадидчилик ҳаракатининг намояндалари 1919 – 1920 йилларда вақфларни тиклаш ва уларни диний муассаса ва таълим даргоҳлари моддий базасига қайтадан айлантириш билан боғлиқ қатъий фикрлар билдиришган ҳамда матбуот орқали ўз фикрларини баён қилиб боришган.

А.Салмоновнинг архив ҳужжатларига суяниб келтиришича, натижада Туркистон АССР МИҚ вақфларни мадраса ва масжидларга қайтариш ва диний муассасаларни таъмирлаш орқали маҳаллий аҳолининг ишончини қозониш, минтақадаги ҳаётни большевиклар фойдасига барқарорлаштир

иш мақсадида, 1922 йилнинг 20 июнида 75-рақамли декретини қабул қилди. Ушбу ҳужжатда Туркистоннинг уч вилоятида (Самарқанд, Фарғона, Сир¬дарё) вақф мулкларини диний муассасаларга қайтариш, улардан келадиган даромадни, мадраса ва масжид биноларини таъмирлаш, бу ерда ўқиётган муллаваччаларга ҳамда ходимларга сарфлаш, улар қошида мактаблар очиш масалалар кўрсатилган эди.

Ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ҳар бир уездда мадраса ва вақфларни бошқариш органи, коллегияси ташкил қилина бошланди. Эндиликда 1922 йил 20 июнь декретидан сўнг, Туркистон АССР вилоятларидаги мадрасаларнинг аниқ сонини ҳисобга олиш, уларнинг ҳар биридаги мударрислар сони, у ерда ўқитиладиган фанларнинг дастури, мударрисларга ўқув предметларининг тақсимланиши, даромад ва харажатлар ҳисоб-китоби ҳақида марказга аниқ маълумотлар талаб қилина бошланди.

Совет ҳукуматининг миллий олий таълим тизими – мадрасаларга нисбатан олиб борган сиёсати, уларнинг даромад манбаи бўлган вақф мулкларининг қайтарилиши натижасида 1927 йилгача Самарқандда мадрасалар фаолият кўрсатганлигини маълум бўлади. XX асрнинг 20 йилларида Самар¬қанддаги мадрасаларда талабаларга дарс берган бир қатор мударрислар хотираларида бу ҳақдаги маълумотлар сақланиб қолган.

Таниқли муҳожир шоир Хубий Самарқандийнинг таржимайи ҳолида келтирилишича («Авроқи носўхта»), Хубий ҳижрий 1300 – 1303 (1921 – 1924) йилларда Боку шаҳрида жойлашган олий дорилмуаллиминга ўқишга қабул қилинган. Аммо касаллиги туфайли ўқишни тўлиқ тугатмасдан, 1304 (1925) Самарқандга қайтади ва бир муддат Самарқанддаги мадрасада имом-хатиблик вазифасини ўз зиммасига олади.

1891 йилда Самарқандда туғилган шоир Масеҳо Тамҳид Самарқандий ҳам XX аср 20 йилларида Мирзо Улуғбек мадрасасида таҳсил олганлиги маълум. У мадраса илмини Самарқандда олиб, шахсий мутолаа асосида тарих, адабиёт, фалсафа ва форс-тожик ва араб адабиётини ўрганиб етук шоир ва олим бўлиб етишган. Тамҳид хаттотлик санъатида ҳам моҳир бўлган ва асосан анъанавий адабиёт йўналишида ижод қилган шоирдир.

У.Долимовнинг келтиришича, 1909 йилдан Мирзо Улуғбек мадрасасига Саидаҳмад Васлий Самарқандий (1870 – 1925) мударрислик қилган. Саид Аҳмад Васлий 1917 йилдан кейин ҳам ўзининг педагогик фаолиятини давом эттирган ва Мирзо Улуғбек мадрасасида очилган ўқитувчилар тайёрлаш курсида умрининг охиригача (1925 й.) ёш ўқитувчиларга дарс берган.

Жумладан, ўз даврининг маърифатпарвар мударриси Сайид Аҳмад Васлий маълумотларига кўра, 1920 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида таълим жараёнлари тўхтатилгач, ўқишни тугата олмаган талабалар Самарқанддаги Мирзо Улуғбек, Ургутдаги Нақшин ва Ғиштин мадрасаларида таълимни давом эттиришган. Ўз даврининг машҳур мударрислари Аспас махдум, Қори Шариф, Ҳамроқул Рофе, Худойберди Махсум, Мулло Юнус кабиларни Мирзо Улуғбек ва Ургут мадрасаларида таълим берганлар. Маълумотларга кўра, Мингтепалик Ҳасанхон махдум ибн Муҳаммад Иброҳим Мингтепа Қозисининг ўғли ва Домла Шариф Ҳисорийлар бир вақтда Ургут ва Мир Араб мадрасаларида ўқишиб, 1925 йилларда санад (диплом) олганлар. Мулло Холиқберди ва Мулла Худойберди, Хожа боболар Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида, Қутбиддин Мухиддинов – Қутбий, Мусанниф Абдулазиз, Мулло Шариф, Мулло Шоназар кабилар Ургутдаги Мирзо Улуғбек мадрасаси асосида ташкил этилган Нақшин ва Ғиштин мадрасаларида таълим олганлар.

Шубҳасиз, Мирзо Улуғбек мадрасаси азалдан минтақа олий даргоҳлари учун намуна вазифасини бажарган. Айнан Ургутда ташкил этилган мадрасада ҳам Мирзо Улуғбек мадрасаси мударрислари ҳам дарс берганликлари манбаларда баён қилинган. 1873 йилда туғилган, 1891 – 1899 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасини тугатган Ургутлик Қози Асрорхон ибни Муфтий Умархон 1900 – 1905 йиллардан Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида фаолият олиб борган. Кейинчалик Ургутдаги Нақшин мадра¬сасида бош мударрис вазифасини бажарган. Айни вақтда ҳар куни Самар¬қандга келиб Мирзо Улуғбек мадрасасида талабаларга дарс берганлиги манбалардан маълум бўлади.

Айнан Ургут қозиси бўлган ва Мирзо Улуғбек мадрасасида ҳам дарс берган «Муфтақир» (Қози Асрорхоннинг тахаллуси) 1926 йилда Мирзо Улуғбек мадрасасидаги ўз ҳужрасида вафот этган. Машҳур мударрис ва қози Асрорхоннинг кутилмаган ўлими, ҳукумат томонидан текширилгач, унинг заҳарланганлиги аниқланган.

Хуллас, Мирзо Улуғбек томонидан 1420 йилда асос солинган Самар¬қанддаги Мадрасаи олия бир неча асрлар давомида Шарқ ва Ғарб илму фанида дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Мадраса ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда жамиятдаги кадрларга бўлган эҳтиёжни қондира олган минтақадаги бош олий таълим муассасалардан бири ҳисобланган ва айни номда 1927 йилгача фаолият олиб кўрсатган. Бу юқорида келтирилган вақф мулкларининг XX аср 20 йилларида қайта тикланиб, мадрасалар фаолиятининг қайта жонланганлиги ва 1927 йилга қадар Мирзо Улуғбек ҳамда унинг шохобчаси бўлган Ургутдаги Нақшин ва Ғиштин мадрасаларида фаолият олиб борган мударрислари фаолияти орқали ўз тасдиғига эга.

Бобир ҒОЙИПОВ,

Самарқанд давлат университети «Ўзбекистон тарихи» кафедраси мудири,
тарих фанлари доктори.

Суннатулло МУХИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

3 185
ЎзА