ЎзА Ўзбек

07.12.2018 08:45 Чоп этиш версияси

-


GfD3TGviM60pVHJTONKiAJebVGRC3Ug5.jpg

“...Салмоқли ютуқлар ҳақида гапирганда, сиз, азиз фермер ва деҳқонлар, барча миришкорларнинг фидокорона меҳнатингизни, шу соҳа ривожига умрини, бутун ҳаётини бағишлаган инсонлар номларини фахр билан тилга оламиз.

Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Азим Латипов, Аваз Эргашев, Анорбой Эшматов, Парда Зиёдов, Сарсенбай Сейтназаров, Дўстмурод Абдуллаев, Исахон Баҳромов, Сиёсатхон Абдуллаева, Аваз Ҳосилов, Гулмат Ҳайитметов, Шарифбой Ражабов, Аҳмад Нарзуллаев, Абдумурод Бозоров, Абдурайим Ҳомидов, Патилахон Эргашева, Халчахон Мирзаева, Тўра Нарзиев каби фидойи юртдошларимиз ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

ҚАҲРАМОНЛАР ҲАҚИДА КИТОБ

Бугуннинг қаҳрамонлари кимлар? Биз ёшларга кимларни ибрат қилиб кўрсатишимиз мумкин ва лозим?!

Кун сайин, йил сайин ривожланаётган дунёда қаҳрамонлар ҳақидаги мезон, ўлчов ҳам ўзгариб бормоқда. Аммо бир баҳо мезони борки, у асрлар силсиласидан эсон-омон ўтиб келаётир ва ҳамон асосий ҳакам. Бу – халқ эътирофи, элнинг ишончи.

01_1_.jpg2017 йил декабрь ойида илк бор мамлакатимиз Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев деҳқонлар, миришкорлар меҳнатига юксак баҳо бериб, айтган юқоридаги сўзлардан сўнг ЎзА ижодий жамоаси Президентимиз фахр билан тилга олган замонамиз қаҳрамонлари ҳақида китоб тайёрлади. Ташаббус Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Тошкентдаги “Академнашр” нашриётида “ЎзА кутубхонаси” туркумида чоп этилган “Биллурнинг гардиши ёхуд замондошларимиз сийратига чизгилар” номли китобда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳақидаги мақола ва очерклар жамланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони унвони Ватанимизнинг энг олий мукофоти. У бирон бир соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёрқин муваффақиятларга эришган, Ватан ва халқ олдидаги хизматлари кўп марта эътироф этилган фидойи инсонларга берилади.

“Ҳар бир қаҳрамон – бир дунё... Зеро, биллурнинг гардишида, яъни ҳар бир қиррасида қуёш нури ўзгача товланади. Ҳар бир қирранинг ўзига хос жилваси бўлади... Замонамиздаги ўзгаришларни илғаган, илғаган заҳоти амалга татбиқ қилган, шунингдек, замонга ҳамнафас қадам ташлаётган деҳқону миришкорлар қайсидир маънода биллурнинг гардишига ўхшайди”, деб ёзади китобга ёзган сўзбошида лойиҳа муаллифлари.

1.JPG

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчиси якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланган. Шунга мувофиқ, келаётган якшанба – 9 декабрь куни мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ўз байрамларини иккинчи марта нишонлайди. Мазкур китобдан жой олган очерклар ушбу сана олдидан, яъни октябрь, ноябрь, декабрь ойларида ҳафтасига иккитадан ЎзА веб-сайтида бериб борилди ва сайтимиз ўқувчилари томонидан илиқ кутиб олинди. (1,2,3,4,5,6,7,8,9,10,11,12,13,14,15,16)

Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги очерклар билан танишар экансиз, уларнинг сийрати – ички дунёси, босиб ўтган машаққатли меҳнат йўли, эришган натижалари, оиласи, фарзандларига муносабати сизни қизиқтиради. Беихтиёр, уларнинг бежиз Қаҳрамон бўлмаганига иқрор бўласиз, китоб қаҳрамонларини яхши кўриб қоласиз.

2.JPG

ЎзА мухбирлари ҳар бир Қаҳрамоннинг сурати ва сийратини бадиий ифодалашга ўзига хос маҳорат билан ёндашган. Мақолаларнинг ҳеч бири услуб жиҳатидан бир-бирига ўхшамайди. Уларни очерк ҳам, публицистик ҳикоя ҳам дейиш мумкин.

Бундан мақсад Президентимизнинг китоб ва китобхонлик маданиятини юксалтириш борасидаги эзгу ташаббусларига қанот бўлиш, ана шу олижаноб ишга оз бўлса-да, ҳисса қўшиш, айниқса, ёш авлодни орамиздаги қаҳрамонлар билан таништиришдир.

Китоб ўзига хос дизайнда, замонавий матбаачилик ютуқларидан фойдаланилган ҳолда чоп этилган. Албатта, илк тажриба сифатида тўпламда айрим камчиликлар бўлиши мумкин ва бу табиий. Китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашадиган ўқувчиларга олдиндан миннатдорлик билдирамиз.

Мухтасар айтганда, бу янги китоб жавонингиздан мустаҳкам ўрин эгаллайди, деган умиддамиз.

Абдужалол Тайпатов
4 970