ЎзА Ўзбек

01.06.2018 16:39 Чоп этиш версияси

Замонавий ёндашув ва янги режалар

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академиясида “Замонавий шароитларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг устувор масалалари” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида ислоҳотларимиз ва халқимизга муносиб авлод бўлишдек эзгу фазилатларни уйғотишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Пировардида жамиятда ўз ўрнига эга, ҳар томонлама соғлом авлодлар камол топмоқда. Бу борада эса мамлакатимизда ҳарбий соҳа ислоҳотлари, ёшларни касбий йўналтириш, улар бандлигини таъминлаш, ташаббус ва креатив ғояларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар яхши самара бермоқда.

– Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг касбий малака ва жанговар маҳоратини ошириш, уларнинг дунёқараши ва тафаккурини янада такомиллаштириш шахсий таркибни ўқитиш ва тарбиялашнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади, – дейди Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-ватанпарварлик, маданий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Ҳусан Ботиров.

Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, маънавий-маърифий, жанговар тайёргарлик, матонат ва фидойилик, мардлик хислатларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Қуролли Кучлар академияси профессор-ўқитувчилари ҳаётини ҳарбий соҳага, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга бағишлаган бўлажак ҳарбийлар билан самимий суҳбат қилди.

Файёз Ачилов, ЎзА
4 706