ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Замонавий уйларда яшашнинг завқи ўзгача

Замонавий уйларда яшашнинг завқи ўзгача
 Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Азиз ва жонажон Ватанимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун“ деган эзгу тамойил бугун ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, ҳозир, шу бугун ниятига етишини, умридан, ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди.

Инсон қачон бахтли бўлади? Қачонки, у ўз уйига эга бўлса, оиласи билан тинч-тотув яшаса. Эзгу ният билан ўзи ва фарзандлари учун уй қуриш халқимизга хос азалий одат. Аммо уй қуришнинг минг машаққати бор. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар бунёд этиш борасида улкан ишларга қўл урилди. Фарғона вилоятида ҳам мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

photo_2019-08-14_18-50-50.jpg

Аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш ва ҳаёт сифатини яхшилашда уларни уй-жой билан таъминлаш муҳим кўрсаткичлардан саналади. Бугун қайси бир ҳудудда бўлманг, барча қулайликларга эга, замонавий уй-жой мажмуалари, шаҳарчалар бунёд этилаётганининг гувоҳи бўласиз. Бунда, аввало, эҳтиёжманд оилаларни имтиёзли уйлар билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган йилда шаҳар ва туманларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган 310 оила имтиёзли уй-жой билан таъминланди. Уларнинг 154 нафарига бошланғич тўлов “Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди ҳамда 156 нафарига вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди. Мустақиллик байрами арафасида яна кўплаб оилалар ана шундай шинам уйларда уй тўйларини нишонлайди.

Бу аслида инсон омили ва манфаатига бўлган эътибор ифодаси. Тақдири, ҳаёти буткул ўзгараётган юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда. Эътироф этиш керак: эҳтиёжманд, ўзгалар қаровига муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган ижтимоий сиёсат туфайли аҳоли фаровонлиги сезиларли даражада ошди.

photo_2019-08-14_18-50-52.jpg

Фарғона туманидаги Миндобод массиви бугун обод масканга айланди. Бу ерда қад ростлаган уй-жойларда яшашни барча ҳавас қилади. Ўтган йили 8 та 3 қаватли уй фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда қўшимча дастур бўйича 11 та 3 қаватли уй ўз эгаларига берилди. Мазкур уй-жойларнинг 45 таси ногирон ва меҳнат фаолияти чекланган фуқаролар ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга имтиёзли равишда берилди.

Албатта, ўз уйинг, бошпананг бўлмаслиги бу ҳаётда ўзингни тўла бахтиёр ҳис этишга йўл бермайди. Муқим яшаш жойи йўқ кишининг кўнглида хотиржамлик, юриш-туришида ҳаловат бўлмайди. II-гуруҳ ногирони Муҳайё Абдуқаҳҳорова “Оқбилол” маҳалла фуқаролар йиғинида кичик бир уйнинг каталакдек хонасида яшаб келган. Бу уйда яна 3 хўжалик истиқомат қилган.

– Ота-онам билан оғир шароитда яшадик, – дейди М.Абдуқаҳҳорова. – Бундан 3-4 йил олдин биров уй беради, деса ишонмасдик. Бугун бу ҳақиқатга айланди. Ҳамма шароит муҳайё, алоҳида ошхонаси, ювиниш хонаси бор. Ўзим дўппи тикиш билан шуғулланаман. Биздан ўз меҳр-мурувватини аямаган барчадан миннатдорман.

Албатта, бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар барча шаҳар ва туманларда давом этмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижроси юзасидан барпо этилаётган уй-жойлар аҳолининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фарғона шаҳридаги Мустақиллик мавзесида янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар бугун ҳудуд чиройини янада очмоқда. Дастурга асосан ўтган даврда бу ерда 7 қаватли 15 та турар жой биноси қурилиб, эҳтиёжманд оилаларга топширилган эди. Мазкур уйлар 2 ва 3 хонали бўлиб, йигирма йиллик имтиёзли ипотека кредити асосида берилган. Хонадонларда оилаларнинг яшаши учун барча зарур шароит яратилган. Квартиралар иситиш қозони билан таъминланган, йўлакларга замонавий лифт ўрнатилган. Айни кунларда 9 та 378 хонадонли 7 қаватли уй-жойлар қурилиши якунига етказилмоқда.

– Ўтган йили ўғлим Иброҳимжон оиласи билан 3[Forwarded from Sherali Otaboyev Uza]
хонали уйга кўчиб ўтди, – дейди Мўминжон ака Иброҳимов. – Бу уйлардаги шароитни кўриб, ҳавас қиляпмиз. Иморат солишнинг минг машаққатини бошимдан ўтказганман. Бугун эса вазият умуман ўзгарди. Арзон ва шинам мана шундай уйлар қурилаётганини кўриб, биз, кексаларнинг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда. Ахир барчамиз фарзандимиз уйли-жойли бўлишини истаймиз.

Яқинда Фарғона шаҳри Қувасой кўчасида 160 хонадонга мўлжалланган 2 та 8 қаватли уй барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. “Файз бинокор” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хусусий корхонасига ўтган йили март ойида уй қуриш учун 1 гектар ташландиқ ер “ноль“ қийматда берилган эди. Ўтган вақт давомида бу ерда иккита замонавий турар жой биноси қад ростлади ва атрофи ободонлаштирилди.

72 та икки хонали, 64 та уч хонали, 24 та тўрт хонали уйлардан иборат турар жой қурилишида замонавий материаллардан фойдаланилди. Булар хоналарда об-ҳавонинг мўътадиллигини таъминлайди. Сўнгги русумдаги лифтлар ўрнатилган. Биринчи қаватдан саккизинчи қаватга кўтарилиш учун 15 сония кифоя. Табиий газдан фойдаланишда ҳам хавфсизлик таъминланган.

Яна бир қулай жиҳати: хоналар кенг ва шинам. Масалан, уч хонали уй 112 квадрат метрдан 117 квадрат метргача. Иккита ювиниш хонаси бор. Бошқача айтганда, яхши яшаш учун барча шароит муҳайё. Тез орада ҳар иккала уйнинг ертўласида мини-бар, эркаклар ва аёллар учун фитнес-клуб ҳамда бошқа маиший шохобчалар иш бошлайди.

Уйлар ипотека кредити асосида 12 йил муддатга берилади. Уй олувчи дастлаб тўловнинг 25 фоизини амалга оширади. Хонанинг бир квадрат метри 3 миллион 600 минг сўм қилиб белгиланган. 8-қаватдаги хоналар эса 2 миллион 600 минг сўмдан.

Айни кунларда вилоятнинг қишлоқ массивларида 247,3 миллиард сўмлик 1 минг 584 та намунавий уй-жойларда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш дастурига асосан 24 та, бундан ташқари, вилоят бўйича қўшимча 145 та кўп қаватли уй-жойлар қад ростламоқда.

Бу каби бунёдкорлик ишлари юзлаб оилаларга қувончу шодлик улашмоқда, қалбларга бахтиёрлик туйғуларини сингдирмоқда. Бир пайтлар пишган ғиштдан уй қуриш эртакка ўхшарди. Бугун-чи, эртаклар рўёбга чиқди. Бу истиқлол инъом этган неъматларнинг биттаси, холос. Энг асосийси, озод ва обод Ўзбекистонда инсон манфаати ҳар нарсадан устун.

6 737
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА