ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Замонавий Тошкент янги қиёфада бўй кўрсатмоқда

Замонавий Тошкент янги қиёфада бўй кўрсатмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Олмазор туманида барпо этилаётган “Olmazor business city” ишбилармонлик маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Туркиянинг “Меsа mesken” компанияси томонидан бунёд этилаётган замонавий ишбилармонлик марказининг умумий қиймати 135 миллион долларни ташкил этади. Қурилиш ишлари жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, бунинг учун 23,5 гектар ер ажратилган.

Лойиҳа 6 та лотга бўлинган бўлиб, биринчи ва иккинчи лотлар савдо ва кўнгилочар масканларни қамраб олган. Уч, тўрт ва бешинчи лотларда 9, 12, 13, 18 ва 30 қаватли турар жойлар қад ростлайди. Олтинчи лотда 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 500 ўринли мактаб қурилиши кўзда тутилган.

Янги Олмазор кўчаси ва Кичик халқа йўли ўртасидаги ҳудудда қурилаётган ушбу мавзеда 2 минг 100 та хонадонли 28 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Ушбу турар жойларнинг биринчи қаватида 70 та савдо дўкони жойлашади. Айни пайтда ишбилармонлик марказида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, коммуникация тармоқлари, йўл инфратузилмаси, яшил ландшафтларнинг жойлашувига эътибор қаратди. Ҳудуднинг 4 гектар қисмида қурилиш ишлари амалга оширилса, 16 гектар майдон кўкаламзорлаштирилади. Қичқириқ канали бўйидаги қарийб 3,5 гектар ҳудудда кўнгилочар масканлар барпо этилади.

Президентимиз хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди. Кенг, баҳаво квартираларда барча қулайликлар муҳайё этилган. Меҳмонхона, ошхона, катталар ва болалар ётоқхоналарининг жойлашуви, замонавий дизайни эътиборни тортади. Турар жой мажмуасининг афзалликларидан яна бири – хонадонлар яшаш учун тайёр ҳолда сотилади.

Уйларнинг ташқи қисмида базальт иситиш қопламасидан фойдаланилмоқда, ҳар бир хонадонга алоҳида иситиш тизими ўрнатилади. Ишбилармонлик марказини 2021 йил охирида тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

– Уйлар сонини кўпайтириш, энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш керак. Бунинг учун қурилиш материаллари, базальт толаси ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириб, ҳар бир ҳудудга етказиб бериш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунёдкорлик ишларининг бориши, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Қурилишда маҳаллий материаллардан фойдаланилаётгани, уйлар ҳам тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилган маиший техника ва мебеллар билан жиҳозланиши таъкидланди.

– Қуриш бу биринчи қадам. Асосийси – малакали эксплуатация. Уйларга, одамларга сифатли хизмат кўрсатиш, муҳандислик ускуналаридан самарали фойдаланиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари қурувчи ва мутасаддилар билан суҳбатда.

Шу ерда Олмазор тумани фаоллари билан мулоқот бўлди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, юртимизда рўй бераётган, ўзгаришларни тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.

Ҳар бир ҳудуд шароитига қараб чекка туманларда ҳам сифатли, арзон ва хавфсиз уйлар барпо этиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Президентимиз ўтган йили 29 июнь куни Олмазор тумани аҳолиси билан мулоқот чоғида Тошкент чинни заводини қайта тиклаш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўтган қисқа вақтда ушбу ташаббус амалга ошди, замонавий чинни заводи барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур корхонани бориб кўрди.

Бир пайтлар Ўзбекистон чиннисининг довруғи бутун жаҳонга танилган. 1952 йилда қурилган Тошкент чинни заводида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар халқаро кўргазмаларда совринли ўринларга сазовор бўлган, кўплаб мамлакатларга экспорт қилинган. Масалан, Ўзбекистон халқ рассоми Ёқуб Қорибоевнинг «Оқ олтин» – халқ тилида пахта гулли чинни номи билан машҳур тўплами Лейпциг шаҳрида, рассом Анвар Нўъмоновнинг “Тонг” тўплами Загреб шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда олтин медаль билан тақдирланган.

Мустақиллик йилларида Тошкент чинни заводи ғоят ачинарли аҳволга келиб қолганди. Заводга 98 фоиз хомашё четдан келтирилган. Бу таннархга таъсир этган. Ишлаб чиқариш замон талаблари асосида ташкил этилмагани, бозор ўрганилмагани, асосийси, маҳсулот таннархи қимматлиги боис корхона 2005 йилга келиб фаолиятини бутунлай тўхтатди.

Нафис керамика маҳсулотлари саноат тармоғида ўйламасдан амалга оширилган хусусийлаштиришдан сўнг юзага келган оғир аҳвол боис мамлакатимизга чинни буюмлар асосан четдан келтирилаётган эди.

Ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган талабни қондириш ва маҳаллий чинни саноатини яна тиклаш мақсадида бундан бир неча йил аввал Термиз туманида “Сурхон Термиз чинни” МЧЖ ташкил этилди. Бу ерда бугунги кунда элликка яқин турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқарилиб, маҳсулотнинг бир қисми қўшни Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Хомашё Сурхондарё вилоятидаги Жерданак каолин конидан олинади. У хориждаги каолин хомашёси билан бемалол рақобатлаша олади.

Тошкент чинни заводи бу борадаги изланишларнинг навбатдагиси бўлди. Аҳамиятлиси, илгариги заводдан фарқли равишда янги корхона 100 фоиз маҳаллий хомашё асосида ишлайди. Хусусан, гил тупроқли сланец Жерданак конидан, кварц қуми ва дала шпати Самарқанд вилоятидаги Ингичка конидан, доломит Қашқадарё вилоятнинг Деҳқонобод ва Ғузор туманларидаги конлардан келтирилади. Бу маҳсулот таннархи анча арзон бўлади, деганидир.

Президентимиз топшириғига мувофиқ, завод фаолиятини қайта тиклаш мақсадида “Aлоқабанк” томонидан умумий қиймати 87 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Фойдаланилмаётган объект реконструкция қилиниб ҳамда қўшимча бинолар қурилиб, Хитойнинг “Huanggang Huauao Zhongbo Klin Technology Co. Ltd.” компанияси ускуналари ўрнатилди. 300 иш ўрни яратилди.

Шу кунларда ишга тушириладиган корхонада ошхона идишлари, сувенирлар, биноларнинг ички безакларини тайёрлаш йўлга қўйилади. Завод уч ярим йилда ўзини оқлайди. Маҳсулот импорт ўрнини тўлдириб, Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинади.

Давлатимиз раҳбари янги корхона цехларини кўздан кечириб, маҳсулот тайёрлаш жараёни билан танишди.

– Бу завод Ўзбекистоннинг фахри, – деди Шавкат Мирзиёев. – Илгари мамлакатимизга меҳмон келса ёки юртдошларимиз чет элга борса, шу завод тўпламларидан совға қилинарди. Энди ушбу янги корхона ундан ҳам чиройли, сифатли ва қадрли маҳсулотлар тайёрлаши керак.

Мутасаддилар билан суҳбатда завод фаолиятини кенгайтириб, кластерга айлантириш, янада кўп хотин-қизлар ва ёшларни ишга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Мамлакатимизда шунча уйлар қуриляпти, одамларнинг ҳаёт сифати ўзгаряпти, – деди Президент. – Янги уйга кўчган ҳар бир оила албатта чинни буюмлар сотиб олади. Юбилейлар, фестивалларга бағишланган, совға учун тўпламлар ҳам чиқариш мумкин. Бунинг учун дизайн устида ишлаш, бозор талабини ўрганиб, олимлар ва технологлар билан ҳамкорликда замонавий маҳсулотлар тайёрлаш, янги брендлар яратиш керак. Масалан, миллий нақшларимиз, сўзаналаримиз бу борада катта манба бўла олади.

Давлатимиз раҳбари корхона ҳузурида ташкил этилган чинни буюмлар музейини кўздан кечирди. Заводда ишлаган меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган саноат ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Президент экспортни ривожлантириш, ташқи савдо амалиётларини енгиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳри учун замонавий мультимодал логистика маркази ташкил этиш таклифини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, "Tashkent Сity" халқаро ишбилармонлик марказининг қуриб битказилган илк объектлари – Конгресс холл ва «Hilton» меҳмонхонасини бориб кўрди.

"Tashkent City" бизнес марказлар, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган замонавий шаҳарча бўлади.

Президентимиз жорий йил 14 март куни "Tashkent City"да амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишган ва Конгресс холлнинг асосий зали, ҳар бир хонасини кўздан кечириб, уларнинг қандай безатилиши, жиҳозланиши, меҳмонлар учун қулай шароит яратилиши, халқаро саммитлар чоғида кўплаб делегациялар қатнашишини инобатга олиб, юқори мартабали меҳмонлар ва иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиши, дам олиши учун кенг имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Ушбу кўрсатмалар асосида "Tashkent City" ҳудудидаги қурилиш ишлари 7 лотга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Конгресс холл ва «Hilton» меҳмонхонаси бешинчи лотда барпо этилган.

Конгресс холл биноси давлатлараро музокаралар ва учрашувлар ўтказишга мўлжалланган. Бинонинг умумий майдони 43 минг квадрат метр. Биринчи қаватда 3,5 минг нафар иштирокчига мўлжалланган катта конференциялар зали, хорижий давлатлар раҳбарлари алоҳида ишлаши учун хоналар, музокаралар учун заллар, ресторан, кичик концерт зали, учрашувлар ва дам олиш хоналари мавжуд. Иккинчи қаватда қўшимча мажлислар хоналари жойлашган. Биринчи қават замонавий дизайнда, иккинчи қават эса классик услубда қурилган. Йўлаклар юртимиз рассомларининг энг сара асарлари билан безатилган. Яна бир эътиборли томони йўлакларда Тошкентнинг 12 қадимий дарвозаси калити ўзига хос дизайнда қўйилган.

Давлатимиз раҳбари Конгресс холлнинг ҳар бир хона ва залларини кириб кўрди.

Беш юлдузли «Hilton» меҳмонхонасининг умумий майдони 51 минг квадрат метр. 21 қаватли ушбу иншотнинг баландлиги 85,5 метр. 258 та номер мавжуд. Пардозлаш ва жиҳозлашда замонавий дизайн ва ёрқин ранглар кенг қўлланилгани кишига хуш ёқади. Барча замонавий меҳмонхоналарда бўлгани каби бу ерда ҳам бир нечта ресторан, бассейн, спорт зал, спа ва бошқа салонлар бор. Хизматлар тури кўп, сифати юқори даражада.

Шавкат Мирзиёев меҳмонхонада яратилган шароитлар билан танишди, ҳудуд марказидаги хиёбонни кўздан кечирди.

"Tashkent City"да қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ерда 8, 9, 20, 21, 26, 28, 30, 33, 51 қаватли турар жойлар, меҳмонхона бинолари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, минглаб машиналар учун мўлжалланган ер ости автомобиль турар жойлари, болалар боғчаси ва соғломлаштириш маркази барпо этилади.

Нафақат Ўзбекистонда, балки, Марказий Осиёда янги, замонавий қурилиш технологиялари асосида барпо этилаётган "Tashkent City" кўркамлиги ва муҳташамлиги билан дунёнинг энг гўзал шаҳарлари билан бўйлаша олади.


3 959
Умар АСРОРОВ, Матназар ЭЛМУРОДОВ, Алоуддин ҒАФФОРОВ, ЎзА