ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Замонавий тўқув дастгоҳлари намойиш қилинмоқда

Замонавий тўқув дастгоҳлари намойиш қилинмоқда

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида Тошкент глобал тўқимачилик кунлари доирасида Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ва мода индустрияси – "UzTextileExpo–2019" ва Тошкент тўқимачилик машинасозлиги – "TTME–2019" кўргазмалари очилди.

"UzTextileExpo–2019" кўргазмаси павильонларида ўндан ортиқ давлатдан 160 компания ўз маҳсулотларини намойиш этаётган бўлса, уларнинг 60 фоиздан ортиғини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ташкил этди. Тадбирда мамлакатимиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган пахта-тўқимачилик кластерлари вакилларининг илк иштирокини алоҳида таъкидлаш керак.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Нодир Отажонов, "ITE GROUP" компаниясининг ҳудудий директори Эдвард Строон ва бошқалар ҳар бир мамлакатнинг тўқимачилик саноатини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик муҳим омил экани ва бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар тармоқ равнақига хизмат қилишини таъкидлади.

Кўргазмада хорижлик соҳа вакиллари қаторида юртимиз тўқимачилик корхоналари ишбилармонлари ҳам фаол қатнашмоқда. Пойтахтимиздаги "Зилол текстиль" корхонаси улардан бири.

– Корхонамиз маҳсулотларининг 90 фоизи экспортга, 10 фоизи эса ички бозорга йўналтирилган, – деди корхона директори ўринбосари Алимардон Йўлдошев. – Ўн йиллик фаолиятимиз давомида жуда кўплаб ютуқларга эришдик. Бугунги кунда маҳсулотларимиз Ўрта Осиё, Россия, Украина каби қатор давлатларга экспорт қилинмоқда.

– Ўзбекистонда ўтказилаётган шу йўналишдаги кўргазмаларда учинчи бор қатнашмоқдамиз, – деди Хитойдаги "Suzhou rhz textile texnology co.,ltd" компанияси директори Цай Син Фей хоним. – Ишлаб чиқарувчиларга ипак толаларини етказиб берамиз. Натижа ёмон эмас. Бундай тадбирлар сабаб маҳсулотларимизга харидорлар кўпаймоқда. Корхона йигирма йиллик фаолиятга эга. Бугунги кунда унинг 250 дан ошиқ ишчи-ходимлари бор. Компаниямиз кўплаб хорижий давлатларда ташкил этилган кўргазмалар иштирокчиси. Ниятимиз Тошкентда ҳам компаниямиз офисини очиш.

"TTME–2019" кўргазмаси ҳам иштирокчилар билан гавжум. Унда Хитой, Жанубий Корея, Польша, Португалия, Туркия, Япония, Россия сингари мамлакатларнинг замонавий тўқимачилик ва тикув ускуналари намойиш этилмоқда.

– Ўзим Туркия фуқаросиман, лекин Ўзбекистонда яшайман, – деди Нозим Савим. – Туркияда Италиядаги "Leadsfon" компаниясининг ваколатхонаси фаолият юритади. Айнан шу ваколатхонанинг Ўзбекистонда ҳам идораси мавжуд. Биз шу кунга қадар 100 дан ортиқ Хитой тўқув ускунасини ўзбекистонлик харидорларга етказиб берганмиз. Бугунги кўргазмада замонавий тўқув дастгоҳини намойиш қилаяпмиз.
Кўргазмалар 13 сентябрга қадар ўз ишини давом эттиради.

4.jpg

5.jpg

7.jpg

1-faqat saytga.jpg

20.jpg

21-faqat saytga.jpg

22.jpg

4 035
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА