Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 18:14 Чоп этиш версияси

Замонавий психологиянинг долзарб масалалари

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб "ХХI аср психологияси: истиқбол ва муаммолар" мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Университет ижтимоий фанлар факультети декани, сиёсатшунослик фанлари доктори А.Мўминов, психология фанлари доктори, профессор Ғ.Шоумаров ва бошқалар мамлакатимиз таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол шахсни вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқнинг орзу-умидларига кўмакдош бўлиш, оғирини енгил қилиш, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоялаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Бугунги кунда кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни маънавий-психологик қўллаб-қувватлаш, оилавий ажримларга йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларга маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари билан бирга психолог-мутахассислар ҳам ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатимизда ушбу соҳа мутахассислари Ўзбекистон Миллий университети ҳамда педагогика йўналишидаги олий таълим даргоҳларида тайёрланади. Мактабгача таълим масканлари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, олий таълим даргоҳлари, Меҳрибонлик уйларида психолог хизматининг кенг йўлга қўйилгани ёш авлоднинг қобилияти даражасини аниқлаш, уларни касбга йўналтириш, жамиятга ижтимоий мослашувига яқиндан кўмаклашиш имконини бераётган бўлса, тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган психологлар беморларга руҳий-маънавий далда бермоқда. Айни пайтда психологиянинг турли соҳалари бўйича олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.

– Бугунги тезкор давр шахс олдига турли долзарб масалаларни қўймоқдаки, уларни оқилона ҳал этишда юқори билим ва малакага эга бўлган психологларнинг хизмати катта, – дейди Ўзбекистон Миллий университети психология кафедраси ўқитувчиси Ҳасанбой Абдусаматов. – Анжуманда турли жабҳалар учун психолог кадрлар тайёрлашга оид янги таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Анжуманда Ўзбекистонда ижтимоий-психологик долзарб масалалар, ХХI аср психологияси истиқболлари, социал психологияда мулоқот, стрессни бошқариш назарияси, спорт психологияси ихтисослиги бўйича мутахассислар тайёрлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
1 964






Все о погоде - Pogoda.uz