ЎзА Ўзбек

31.08.2018 16:21 Чоп этиш версияси

Замонавий хусусий клиника иш бошлади

Замонавий хусусий клиника иш бошлади
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Бухоро шаҳрида “City Med Bukhara” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида бозор иқтисодиёти муносабатларини татбиқ этиш асосида нодавлат даволаш муассасаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Масалан, қабул қилинган тегишли ҳужжатга мувофиқ, стоматология ва косметологиядан ташқари барча йўналишларидаги хусусий сектор ташкилотлари 2022 йил 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларидан озод этилди. Бу “City Med Bukhara” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий клиника ташкил этишда катта имконият бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори мана шундай замонавий хусусий клиникалар сони ортишига хизмат қилмоқда.

Ушбу объект қурилишига тижорат банки томонидан ажратилган 5 миллиард сўм миқдоридаги кредит ва лойиҳа ташаббускорининг 8 миллиард сўмлик маблағи сарфланди.

Уч қаватли, 66 қатновга мўлжалланган клиникада юрак-қон томир, бош мия, ревматологик, ички касалликлар ва бошқа хасталикларни аниқлаш, сифатли ташхис қўйиш, даволаш учун барча замонавий моддий-техник имкониятлар етарли.

– Шифохонамиздаги врачларнинг барчаси олий тоифали мутахассислар, – дейди клиника бош шифокори Фотима Очилова. – Кўпчилиги хорижий даволаш муассасаларида малака оширган. Замонавий тиббий техника ва аппаратларда тегишли муолажа ва операцияларни амалга оширишда етарли тажрибага эга. Истиқболда чет эллик тажрибали ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўямиз. Бу эса соҳанинг энг замонавий технология ва усулларини қўллаш орқали даволаш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Клиниканинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Э.Ёдгоров, Т.Истатов (сурат), ЎзА
3 767