Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2017 15:51 Чоп этиш версияси

Замонавий кадрлар тайёрлашда халқаро ва миллий тажриба

Давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган туб ўзгариш ва ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, аввало, бозор иқтисодиёти шароитида мустаҳкам билимга эга, Ўзбекистоннинг бугунги ташқи ва ички сиёсати йўналишларини тушунадиган, таҳлил эта оладиган ёш ва ташаббускор кадрларни тақозо этади.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 3 ноябрь куни “Давлат хизмати тизимини ислоҳ қилиш шароитида давлат кадрлар сиёсати: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сингапур, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан экспертлар, халқаро ташкилотлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, академия тингловчилари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимов, БМТ резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Х.Фрейзер, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Аллан ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштиришда ҳар томонлама етук, ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштирган, бошқарувнинг ҳуқуқий асослари ва замонавий усулларидан хабардор, етакчилик фазилати, шунингдек, стратегик режалаштириш ва фавқулодда шароитларда тўғри қарор қабул қила оладиган ёш раҳбар кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бундай саъй-ҳаракатлар жамиятни маънавий янгилаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги интилишларни юқори поғонага олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад – Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хизмати тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини муҳокама қилиш, давлат бошқарувида юқори малакали кадрларни танлаш ва тайёрлашда миллий ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўрганишдан иборат.

– Глобаллашув шароитида интеллектуал салоҳиятли кадрларни танлаш бошқарув тизимида техник ва технологик янгиланиш дастурларини изчил жорий этиш имконини беради, – деди Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Фотима Жакипова. – Бугунги конференция мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан ишлаб чиқилган кенг кўламли янгиланишларни ҳаётга жорий этишга қодир давлат хизмати ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш каби муҳим масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбир давлат хизматчилари малакасини оширишнинг замонавий тенденциялари борасида фикр алмашиш, давлат ва жамият бошқарувида фундаментал тадқиқотлар йўналишидаги ғояларни умумлаштириш ва ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Форум шўъбаларида давлат хизматининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш ҳолати ва унинг асосий йўналишлари бўйича маъмурий ислоҳотлар концепцияси, кадрлар сиёсатини амалга оширишнинг самарали тизимлари, давлат-хусусий шериклигини жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

– Мамлакатимизда илғор халқаро тажриба асосида давлат хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори Дилфуза Раҳимова. – Чунончи, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси фаолияти ҳам жаҳон миқёсидаги ютуқлар асосида юксак ижодий фаолликка, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мустақил қарашларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларни шакллантиришга йўналтирилган. Форум бу борадаги ишларни ҳаётга мақсадли жорий этишда ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит яратди.

Форумда хорижий экспертлар иштирокида давлат хизмати тизими ва Ўзбекистон Республикасининг давлат кадрлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича келгусидаги ҳаракатлар дастури лойиҳаси бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
2 697






Все о погоде - Pogoda.uz