ЎзА Ўзбек

11.05.2018 16:43 Чоп этиш версияси

Замонавий фан ва тиббиёт ютуқлари

Тошкент давлат стоматология институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Органлар трансплантацияси буйрак, жигар, юрак ёки ўпкани кўчириб ўтказиш тиббий амалиётидир. Имконияти бор беморлар чет давлатларга чиқиб, у ерда 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда трансплантацияни амалга ошириб келмоқда. Лекин бундай имконият ҳамма беморларда ҳам йўқ.

Таъкидланганидек, партия фаоллари ва депутатларининг ўрганишлари натижасида бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўтган йилдан эътиборан Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди. Эндиликда ушбу амалиёт Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 100-150 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлди.

Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши – ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.

Ўтган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва партия экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади – замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари инобатга олинган.

Тадбир доирасида Тошкент давлат стоматология институтида ёш олимлар билан ишлаш амалиёти ҳамда уларнинг ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 719