ЎзА Ўзбек

11.08.2018 10:52 Чоп этиш версияси

Замонавий агрокомплекс ўзини оқлайдими?

Замонавий агрокомплекс ўзини оқлайдими?
Бухоро вилояти Ромитан туманидаги замонавий агрокомплекс мамлакатимизда илк бор ташкил этилган кластернинг 8 та лойиҳасидан биридир.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоят марказида “BUKHARA COTTON TEXTILE CLUSTER” хорижий корхонаси ташкил этилган эди. Ромитан туманида эса мазкур субъект таркибига кирувчи “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлади. 

Кластер биз учун нисбатан янги ибора. Уни маҳсулотни етиштиришдан бошлаб то дастлабки ва чуқур қайта ишлашни ўз ичига олган жараёнлардан иборат ягона занжирга менгзаш ўринли.

Ушбу тизимнинг қуйи босқичида деҳқон туради. Тан олиш керак, ҳозирда пахтани етиштирувчи билан уни қайта ишловчи ўртасида манфаатлар уйғунлиги унчалик яхши эмас. Бу эса деҳқоннинг пировард меҳнат натижасидан том маънода баҳрамандлигини чеклайди. Кластер тизими бу борадаги номувофиқликни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ромитандаги масъулияти чекланган жамияти 8 минг гектар экин майдонларини тасарруф этади. Ушбу майдонларнинг 7 минг 450 гектарига фақат пахта ҳосили етиштирилади.

– Таъкидлаш керак, – дейди “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” масъулияти чекланган жамияти раиси Матлуб Нўъмонов, таъсисчимиз бўлган хорижий корхона бизга ерларни қишда шўрини ювиш, уларни баҳорда экишга тайёрлаш, ғўзани парвариш қилиш билан боғлиқ тадбирларни агротехник муддатларда амалга ошириш учун моддий-техник жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Хусусан, ўтган даврда хориждан 20 ҳайдов, 122 “МТЗ” чопиқ тракторлари, юк ташувчи 42 “МТЗ” трактори, ҳайдов техникасига тиркаладиган 25 омоч, 8 “Кейс-1200” экишгичи, 122 культиватор ва бошқа техникалар етказиб берилди. Ҳозирда МЧЖнинг қишлоқ хўжалик техникаларига хизмат кўрсатиш парки биноси қурилаётир.

Бугун масъулияти чекланган жамияти далаларида иш қандай бормоқда? Мураккаб келган об-ҳаво қийинчиликлари қандай бартараф этилаётир? Бу саволга ўтган йили “Боғитуркон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фермерлик қилган, ҳозирда кластер тизимида менежер-ҳосилот вазифасида ишлаётган Фармон Барноев шундай жавоб берди.

– Аввало вақтим зиқроқ, – дейди менежер-ҳосилот. – Кўриб турибсиз, қўлимда ишга кириш учун мурожаат қилган тўрт кишининг меҳнат дафтарчаси. Уларни расмийлаштириш учун келган эдим. Сизга айтсам, ходимларимиз сони кўпайиб бормоқда. Нега десангиз, яхшигина иш ҳақи тўланмоқда. Сувчилар ва механизаторлар ойига 1 миллион 500 минг сўмдан зиёдроқ маош олади. Оддий аёл ходимларимиз пластик карточкасига ойига ўртача 1 миллион 200 минг сўмдан ўтказиб берилмоқда. Фермер бўлиб ишлаган чоғимда ишчиларим бунақа иш ҳақини хаёлларига ҳам келтира олмаган. Ўз вақтида яхши маош олган деҳқон виждонан, астойдил меҳнат қилади-да. Яна нимани айтсам? Қатор ораларига ишловлар беришда гектарига жами 1 тонна минерал ўғит киритдик. Чуқур культивация қилинган, меъёрида суғорилган ғўзаларимиз гармселга чидади. Лекин муаммолар ҳам йўқ эмас. Баҳор чоғлари намгарчилик камлиги сабаб айрим майдонларимизда чигит бир текис униб чиқмади, туплар сони мўлжалга яраша бўлмади. Аммо қўл қовуштириб ўтирмадик. Парваришни мухбирчасига айтганда, оби тобида олиб бораётганимиз туфайли ғўзаларимиз серҳосил ўсмоқда. Ҳар қайсисида ўртача 10-12 тадан кўсак бор. Яна тугадиганларни ҳисобга олсак, туплар сони ҳисобидан йўқотганларимизни бемалол қоплаймиз. 

Умуман олганда, бугун МЧЖдаги 78 та участка далаларида меҳнат қизғин. 2700 дан зиёд деҳқонларни бирлаштирган жамоа жорий йилда 28 минг тонна пахта йиғиштиришни режалаштирган. Йиғим-теримда иштирок этган ходимларга фермер хўжаликларидагига нисбатан анча кўпроқ ҳақ тўланиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳам муҳим рағбат.

Йиғим-теримга бир ойча вақт бор. Лекин бош корхона – “BUKHARA COTTON TEXTILE CLUSTER” эса ҳосилни ўзида қайта ишлашга пухта тайёргарлик кўриб қўйган. Айтганча, Ромитандаги пахта тозалаш заводи сотиб олиш шарти билан унинг тасарруфига берилди. Ҳа, ҳосилни етиштирувчи энди толага ҳам эга бўлади. Бу хом ашё хорижий корхонанинг Бухоро шаҳридаги тайёр тўқимачилик ва тикув маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасига жўнатилади.

Бундан ташқари, пахта тозалаш заводи ёнида чигитни қайта ишловчи ёғ-мой корхонаси ҳам қурилмоқда. Хуллас, "қўйнидан тўкилгани қўнжига тушади". Пировард натижадан, якуний ҳисоб- китоблардан сўнг кўрилган фойдадан эса қайта ишловчилар билан бирга ҳосил етиштирувчилар ҳам баҳраманд бўлишади.

Шу ерда мақолага нуқта қўймоқчи эдик. Лекин бир нарсани таъкидламасак бўлмас. Эътибор қилган бўлсангиз, МЧЖда 8 минг гектар майдоннинг 7 минг 450 гектарига ғўза етиштирилаётгани қайд этган эдик. Қолган 550 гектарида-чи? Унинг асосий қисмида беда экилган. Бу икки жиҳатдан муҳим. Биринчидан, беда экилган майдонларда тўрт йилдан сўнг чигит ундирилади. Алмашлаб экиш, тупроқ структурасини яхшилашга, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Иккинчидан, “BUKHARA COTTON TEXTILE CLUSTER” хорижий корхонаси томонидан МЧЖ ҳудудида 12 минг бошдан зиёд наслли қорамол боқиладиган катта чорвачилик мажмуаси қурилиши ҳадемай бошлаб юборилади. Бу ерда гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш режалаштирилган. Қорамол чиқиндилари, яъни гўнги ҳам қайта ишланиб, ундан биогаз ва биогумус олинади. Биринчиси чорвачилик мажмуаси ёнида қуриладиган иссиқхонада қишда бодринг ва помидор экинларини зарур ҳарорат билан таъминлашда кони фойда. Иккинчиси эса қишлоқ хўжалик экинларини озиқлантиришда тенги йўқ ўғит ҳисобланади.

Одатда янгилик жорий этилганда, кўпчилик якуний натижаларга қараб баҳо беради. Лекин Ромитанда амал қила бошлаган кластер тизимидаги агрокомплекснинг дастлабки бир йиллик тажрибаси бу ишнинг келажаги катталигига ишонч уйғотади. 

“BUKHARA COTTON TEXTILE CLUSTER” хорижий корхонаси кластер тизимидаги 8 та лойиҳани амалга оширишга жами 123,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади.

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА
7 972