ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош...

Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош...

Биз чин маънода янги даврга оёқ қўйдик. Дунё бизни қайта танияпти. Жаҳонга ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН сифатида юзланяпмиз.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатини телевидение орқали жонли эфирда кўриб тинглар эканман, Ватан ва миллат ҳаётида янгиланиш замони бошланганини қалбдан ҳис этдим. Ҳаяжондан юракларим ҳаприқиб кетди...

Севинчдан кўзларим ёшланди... Ахир не учун қувонмай...Ва ниҳоят, миллат сифатида ўзимизга танқидий назар билан қарайдиган даражага кўтарилдик. Фаолиятимизни холис баҳолаб, камчиликларимизни очиқ-ойдин эътироф эта бошладик. Ҳақиқатнинг кўзига тик қараш ҳаётимиз мезонига айланяпти. Муборак ва хайрли бўлсин!

Мурожаатда давлатимиз раҳбари жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги муаммолар ҳақида куйинчаклик билан гапирди.

Сайлов тизимини такомиллаштиришдан ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларгача, ундан суд-ҳуқуқ тизими олдида турган вазифаларгача, таълим-тарбияни замон талаблари даражасига кўтариш заруратидан аҳоли турмуш даражасини юксалтиришгача, жамият тараққиёти учун энг катта ғов – коррупцияни бартараф этиш йўлларидан ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш йўриқларигача, ташқи савдони ҳамда туризмни ривожлантиришдан ҳаётимизнинг барча жабҳаларига энг замонавий ахборот технологияларини жорий этишгача аниқ вазифалар белгиланди.

Тарихга чинакам ибрат назари билан қарай бошлаганимиз, айниқса, таҳсинга лойиқ. Ана шу фазилатни нисбатан бой бераёзган эдик. Яқин тарихимизда “жадид” деган сўзни бемалол айта олмай қолганимиз бунинг исботи. Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Ҳамза каби буюк жадидларнинг халқимиз кечмишидаги беқиёс ўрни ва ролини муносиб баҳолаш имконияти чеклангани ҳар бир виждонли зиёлининг қалбини изтиробга солгани аён. 

Давлатимиз раҳбарининг мана бу сўзлари, шу жиҳатдан, менга, айниқса, қаттиқ таъсир қилди: “2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз”.

Ҳақиқатан, ўтган аср ҳамда яшаётганимиз XXI аср ўртасида Ватан ва миллат тақдири билан боғлиқ ислоҳотлар кун тартибига қўйилгани жиҳатидан ҳайратланарли уйғунлик кузатилади. Зеро, бундан юз йил муқаддам мутафаккир жадидлар жаҳондаги тараққий этган миллатлар даражасига юксалишимиз учун биринчи навбатда таълимни ислоҳ этиш заруратини англаб етган. Наинки англаган, ақлини-ю истеъдодини, молини-ю жонини ана шу эзгу мақсад йўлига сафарбар этган.

Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси ўлароқ Беҳбудий миллий матбуотга асос солди. Дастлаб “Самарқанд” газетасини, у ёпилгач, “Ойна” журналини таъсис этди. “Ойна” миллатга латофатини ҳам, қабоҳатини ҳам, фазилатларини ҳам, нуқсонларини ҳам очиқ кўрсатадиган чинакам ойна вазифасини ўтади.

Ўша таҳликали замонда Маҳмудхўжа Беҳбудий “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Умумий географиядан сайланма китоб”) дарслигида дунёдаги давлат бошқарув усуллари ҳақида ёзар экан, “...фуқаролар ўз ораларидан инсофли, илм ва дунёдан хабардор кишиларни ўзларига раҳбар ва бошқарувчи вакил этиб сайлаши, сайланган вакилларни подшоҳ муқаррарий маҳкамаларға, мамлакатдорлик ишлариға жамлаши,аларни(нг) мажлис ва маҳкамалари “миллат мажлиси”, “маслаҳатхона”, “парламент”, “гўсударски дум”, “мажлиси синодий”, “эл мажлиси” деган исмлар ила ёд қилиниши”ни таъкидлаганки, бу унинг оламда кечаётган сиёсий ҳодисалар моҳиятини нақадар теран англаганидан далолат беради. Фақат бугина эмас. Беҳбудийнинг фикрича, “Миллат мажлиси” аъзолари ҳукуматни машварат билан бошқаради.Ҳукмдор мамлакат тақдири билан боғлиқ масалаларни шу мажлисда муҳокама этмай, ўз хоҳишича ҳал эта олмайди. Айнан бугунги конституция ва парламентга таянувчи давлат бошқаруви қоидаларига мос келувчи бу қарашлар қарийб бир юзу ўн беш йил олдин айтилгани эътиборга олинса, Беҳбудийнинг нечоғлиқ узоқни кўра олган арбоб бўлгани ойдинлашади. Ўша кезлари фаолият кўрсатган сиёсий партиялар фаолиятига, хусусан, кейинчалик компартиянинг ташкил этилишига асос бўлган социал-демократически (иштирокиюни оммавиюн) партиясига баҳо берар экан, “бу тоифага қўшулмоқ биз учун ниҳоятда зарарлик” эканини уқтиргани ҳам алломанинг фикри очиқ, дунёқараши кенг бўлганини кўрсатади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. 1907 йилдаёқ, тасаввур этинг, Туркистон мухторияти эълон қилинишидан ўн йил олдин,Маҳмудхўжа Беҳбудий “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”ни тузиб, кўриб чиқиш учун Русия Давлат Думасига тақдим этган эди.

Беҳбудий тузган “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”да ўлкада яшовчи ўзга дин ва мазҳабдаги кишилар ҳуқуқини ҳам тўлиқ кафолатлаш назарда тутилган эди. Бу, ўз навбатида, Беҳбудий миллат ва миллият масалаларини мезон деб билар экан, бошқалар ҳуқуқини камситишдан, азаматталаблик(шовинистик) қарашлардан анча баланд тургани исботидир.

Лойиҳада қуйидаги эътиборга молик талаблар илгари сурилган:

–қозихона доирасидаги барча ҳужжатлар маҳаллий тилда ёзилиши;

– адлия маҳкамалари сайловига ва ундаги мансабларга сайланмоққа туркистонликлар ҳам ҳақли бўлиши;

– Туркистон маишатидан хабарсиз юристларнинг ўлка адлия маҳкамаларига ҳоким тайинланмаслиги;

–мавжуд қаттиқ низомлар ва чиновникларга берилган ҳадсиз ихтиёр бекор қилиниши;

– Туркистон мактаб ва мадрасалари ҳукумат назоратидан озод этилиши;

–умумий ўрта ва олий мактабларга ерли аҳолидан комиссия тайинланиши, рус ҳарфини миллий мактабларга жорий этмаслик;

–Туркистон халқи талаб қилмагунча ўлкага муҳожир юборилмаслиги;

–Туркистон шаҳарлари ичидаги ерлар хоҳ муваққатан, хоҳ абадий бўлсун, муҳожирларга берилмаслиги.

“Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси” ёзилган даврдаги мураккаб ва зиддиятли сиёсий вазият эътиборга олинса, бундай талабларни қўйиш, яна уни Давлат Думасига тақдим этиш бошни кундага қўйиш билан баробар бўлганини ҳис этиш мумкин.

Булар буюк маърифатпарвар фаолиятининг айрим қирралари, холос. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадидларнинг қизғин ҳаёт ва ижод йўлини илмий асосда холис ва мукаммал ўрганиш адабиётшунослар ва тарихчилар, жамиятшунослар ва сиёсатчилар олдида турган долзарб вазифалардандир. Президентимизнинг: “Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, деган фикрлари айни ҳақиқат. Зеро, маърифатпарвар жадидлар ватанпарварликнинг ёрқин тимсолидир. Ватан ва миллатга фидойиликни улардан ўрганишимиз зарур.

Беҳбудийнинг қарашича, чинакам тараққийга эришмоқ учун ёш авлод ўз даври илмларини ўрганиш билангина кифояланмаслиги керак. Эртанги кун учун ҳам қайғурмоқ, келар замон илмини-да пухта эгалламоқ зарур. Улуғ маърифатпарварнинг: “Болаларинғизга келар замон илмини ўргатингиз! Зероки, аларни Худои таоло халқ этди, сизларнинг замонингиздан бошқа, яъни келар замон учун”, деган сўзлари бунинг исботидир. Кўринадики, улуғ маърифатпарвар миллат фарзандларининг замондан бир қадам олдинда юришини истаган, бутун фаолиятини ана шу буюк мақсад йўлига сафарбар этган.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолиги билан мутафаккир жадидлардан Наманганда Исҳоқхон Ибрат ва Тошкентда Абдулла Қодирий ижод мактаблари очилгани тарихий адолатнинг тикланиши жиҳатидан улкан аҳамиятга эга.

Бизнингча, таваллудининг 145 йиллигини муносиб нишонлаш арафасида СамарқанддаМаҳмудхўжа Беҳбудий ижод мактаби очилса, бугунги авлодлар қалбига буюк мутафаккирга хос жўшқин ватанпарварлик руҳини сингдирувчи маърифат масканига асос солинган бўлар эди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаати фақат мамлакат Парламентигагина эмас, балки ҳар бир ватандошимизга, бутун жаҳон ҳамжамиятига мурожаат, деб қабул қилинмоғи зарур. Бу тарихий воқеа она Ватанимиз чин маънода тараққийга юз бураётгани, фикрда, сўзда ва ишда бирликка асосланган янги даврга қадам қўяётгани исботидир. Менимча, ушбу мурожаат мудроқ қалбларни уйғотиши, тафаккурни занглардан тозаламоғи,ақлни чархламоғи зарур. Мурожаат барча поғонадаги раҳбар ходимлардан оддий ишчига қадар, ёши улуғларимиздан навқирон авлодгача – бутун Ўзбекистон халқи учун ютуқлари-ю камчиликларини яққол намоён этадиган ойна вазифасини ўташи лозим. Лоқайдлик ва ялқовлик палласи ўтди. Шижоат ва якдиллик, огоҳлик ва янгиланиш замони келди. 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши замирида ҳам айни ҳақиқат мужассам. Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош!

Нурбой ЖАББОРОВ
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор

2 389
ЎзА