ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:03 Чоп этиш версияси

Замон қаҳрамони саҳнада акс этаяптими?

Миллий матбуот марказида Маданият вазирлиги ва Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида саҳнада замон қаҳрамони образини яратиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда миллий театр санъатини равнақ топтириш, ижодий жамоаларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, ҳар жиҳатдан мукаммал саҳна асарларини яратишни қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Президентимизнинг ташаббуси билан юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “Дўстлар клублари” ташкил этилиб, уларга йирик корхона, банк ва компаниялар ҳомий сифатида бириктириб қўйилди.

Театр саҳналарида истиқлол ғоялари, замонамиз қаҳрамонлари образлари ва давр руҳиятини ўзида акс эттирган спектаклларни томошабинга тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбек Миллий академик драма театрининг "Истиқбол сари", Ўзбекистон давлат драма театрининг "Ер барибир айланаверади", Андижон вилояти мусиқали драма театрининг "Юрт ҳумосига айланган одам", Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида саҳналаштирилаётган "Ота орзуси" номли саҳна асари шулар жумласидандир.

Анжуманда таъкидланганидек, театрларда замон қаҳрамонлари образи баҳоли қудрат акс эттирилмоқда. Бироқ улар томошабинларни кутилганидек ҳайратга сола олмаётгани, образларда ҳаётийлик, таъсирчанлик етишмаётгани театршуносларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

– Саҳнада замон қаҳрамонини акс эттириш ҳамиша долзарб масала бўлиб келган, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Муҳаббат Тўлахўжаева. – Замон қаҳрамони қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ҳақиқат, адолат йўлини умр мазмунига айлантирган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиши даркор. Бундай образни яхлит бадиий асар орқали яратиш эса ижодкорлардан чинакам маҳоратни талаб этади. Бугун театр жамоаларимиз томонидан замон қаҳрамонини саҳнага олиб чиқишга интилиш кучли. Шу билан бирга, асарларнинг тарғиботига оммавий ахборот воситалари янада фаол ҳисса қўшса айни муддао бўларди.

Матбуот анжуманида ўзбек драматургиясида замон қаҳрамони образини яратиш, бунда режиссуранинг ўрни, "Сени куйлаймиз, замондош!" фестивалига талаб ва таклифлар муҳокама этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 185