ЎзА Ўзбек

05.09.2018 11:48 Чоп этиш версияси

Заъфарон ҳосили учун халқаро сертификат олинди

Заъфарон ҳосили учун халқаро сертификат олинди

Заъфарон дунёнинг кўп мамлакатларида катта майдонларда парваришланади. Энг кўп Ҳиндистон, Эрон ва Испанияда етиштирилади.

83a6ed5e-a437-47dc-8f32-0f035c6609ce.jpg

Кейинги йилларда юртимизда ҳам заъфарон экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, "Шафран" илмий-тадқиқот маркази, “Brand Investment Group” жамияти билан ҳамкорликда Голландиядан 36 тоннадан кўпроқ заъфарон пиёзларини олиб келган эди. Уларнинг ҳар тоннаси бир гектарга мўлжалланган. Мисол учун, Шаҳрисабзда 10 гектарда 10 тонна шафран, яъни заъфарон экилган эди.

d75a20fc-ce16-47ed-939f-bbfd4a095fb2.jpg

Эндиликда улардан олинган ҳосил далаларга экилиб, заъфарон майдонларини яна ўттиз гектарга кенгайтириш мўлжалланмоқда.

– Янги пиёз туганакларини август ойидан экишни бошладик, – дейди "Шафран" илмий-тадқиқот маркази директори Бобоқул Тўхтаев. – Улар 35 кунда ўсиб чиқади. 60 кундан ўтиб дастлабки гул шодаси кўринади. Биринчи йилда тўртдан бири гуллайди ва бу далалар қишда ҳам ям-яшил бўлиб туради. Февралда ер остидаги пиёзлар 5 тагача кўпаяди. Улар май ойигача ўсади ва майда тинимга киради. Сўнгра ер устки қисми қурийди. Мазкур ўсимликдан йилига икки марта ҳосил олинади. Ёзда ва куз ойларида. Мазкур доривор ўсимликнинг бир тоннаси жаҳон бозорида 7 минг долларга баҳоланади.

Жорий йилда ўтган йилги ҳосилдан олинган уруғлик ўндан зиёд ўрмон хўжаликларида экилмоқда. Бунинг учун ҳар бир хўжаликда уч гектардан ер ажратилган. Келгусида бу ўсимликни Андижондан бошлаб, Сурхондарёга қадар экиш мўлжалланмоқда. Шунинг учун бу йил тажриба сифатида Сирдарё вилоятининг ўртача шўрланган ерларига ҳам экилди. Агарда олинган ҳосилнинг сифати дунё стандартларига тўғри келса, келгусида Қорақалпоғистон Республикасининг шўрланган ерларида ҳам парваришлаб, мўл даромад олиш мумкин.

Яна бир хушхабар. Ўтган йили экилган ҳосилдан олинган намуналар Швейцарияга текширишга юборилганди, улар биз етиштирган заъфаронни иккинчи тоифага муносиб кўрди. Аслида мазкур баҳолаш тизими беш тоифадан иборат бўлиб, биринчиси Франция, Испания ва Греция давлатларида етиштирилган ҳосилга берилган.

ЎзА
6 111